Миллионлаб инсонлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган қанчадан-қанча оилаларга мусибатлар олиб келган иккинчи жахон урушида булунғурлик 95 ёшли Ўразали Пирманов ҳам мардонавор иштирок этган. 1926 йили Булунғур туманининг “Ниёзмат” қишлоғида туғилиб вояга етган Ўразали бобо ҳам айни йигитлик чоғида кўплар қатори урушга кетди. Белорус фронтининг ўқчи полкида жанг қилиб, ҳақиқий мардлик ва жасорат кўрсатди. Бугун кўксини безаб турган орден ва медаллар ҳам ана шу жасорат ва қаҳрамонлик, садоқат билан хизмат қилишнинг мевасидир. Ўразали бобо иккинчи жаҳон урушида туманимиздан қатнашган сўнгги иштирок ҳисобланади.
-Бизга ҳам ҳар доим ҳам урушнинг қийинчиликлари, даҳшатлари ҳақида гапириб беради. Бугунги дориламон кунларнинг қадрига етишни насиҳат қилади. Ҳозиргидай замон илгари ҳеч қачон бўлмаганлигини таъкидлайди. Неваралари ва евараларига, маҳалладаги ёшларга маслаҳатлар беради, - дейди ўғиллари Яхшибой ва Абдулҳай Пирмановлар.
Ўразали бобо бугунги кунда Ватанимиз ва халкимиз эътиборида бўлиб келаяпти. Ҳукуматимиз томонидан моддий ва маънавий ёрдамларни туман ҳокими Баҳодир Бахрамов шахсан ўзи бориб топширмоқда, ҳол-аҳволидан доимо хабардор бўлиб туради. Бобога алоҳида тиббиёт ходими ажратилган. Улар ҳар куни келиб Ўразали бобо саломатлигидан хабар олиб туради. Зарур ҳолларда тиббий ёрдам кўрсатади.
-Менинг узоқ-умр кўришим невара ва эвараларим билан бахтли ҳаёт кечиришимга албатта, давлатимиз томонидан берилаётган эътибор ҳам сабаб деб ўйлайман, - дейди Ўразали бобо.
Урушдан сўнг она қишлоғига қайтган жангчи бобо халқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалигида меҳнат қилди. “Ниёзмат” қишлоғини обод қилишда салмоқли ҳисса қўшди. Хусусан, боғ-роғлар яратди, йўллар қурилишида бош-қош бўлди. Фарзандлари тарбиясига алоҳида эътибор қаратди. Бугун эса фарзандлари, невара ва чеваралари даврасида қарилик гаштини сурмоқда.
Ватан ва халқ озодлиги йўлида мардонавор кураш олиб борган ва сафимизда туриб юртимиз обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларимизни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган Ўразали бободек уруш ва меҳнат фахрийларини эъзозлаш борасида олиб борилаётган бу каби эзгу ва хайрли ишлар минг йиллик қадриятларимизнинг амалдаги исботи ва ўсиб келаётган ёшларимиз учун ибрат мактаби бўлишига ишончимиз комил.
Наргиза АБДУРАҲМАНОВА.