у учун ҳақ тўлаш, меҳнат таътилини пуллик компенсация билан алмаштириш
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат қонунчилигига мувофиқ йиллик меҳнат таътиллари даври учун ходимга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш кафолатланади. Барча ҳолларда, шу жумладан ходимга таътилнинг фойдаланилмаган ва бошқа вақтга кўчирилган қисми берилганда таътил учун ўртача иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиш ходимнинг меҳнат таътили ёки унинг фойдаланилмаган қисми бошланмасидан олдинги охирги иш кунидаги хизмат маоши ёки тариф бўйича амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарорига мувофиқ ходим меҳнат таътилида бўлган даврда тариф ставкалари, хизмат маошлари миқдорлари оширилган тақдирда, таътилнинг ходим мазкур корхонада иш ҳақи миқдори оширилгандан кейин амалда фойдаланган кунларига тўғри келадиган иш кунлари сони учун ҳақ қайта ҳисоблаб чиқилади.
Жамоа келишуви, жамоа шартномаси ёки бевосита меҳнат шартномаси билан йиллик меҳнат таътиллари учун қонун ҳужжатларида белгиланганига нисбатан оширилган миқдорда ҳақ тўлаш назарда тутилиши мумкин. Меҳнат таътили учун пул суммасини тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатда, лекин таътил бошланмасидан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилиши керак. Илгари меҳнат қонунлари таътилни пуллик компенсация билан алмаштиришни қатъиян ман этарди ва уни фақат меҳнат шартномаси бекор қилинганда фойдаланилмаган таътил учунгина тўланишини назарда тутарди. Ҳозирги вақтда қонун ҳужжатлари бу масалани бошқача ҳал этилишига эътибор қаратиш керак.
Биринчидан, меҳнат шартномаси бекор қилинганда, агар тарафлар ходимга ҳақ тўланадиган таътилни тўла ёки қисман асли ҳолида бериш тўғрисида келишувга эришмасалар, йиллик асосий ва қўшимча таътилларнинг фойдаланилмаган кунлари учун, аввалгидек, пулли компенсация тўланаши керак.
Бундан ташқари, ходимнинг хоҳишига кўра, таътилни пуллик компенсация билан алмаштириш эндиликда нафақат меҳнат шартномаси бекор қилинганда, балки муайян талабларга риоя этилган тақдирда иш даврида ҳам мумкин. Ана шу талабларни билиш бу норманинг тўғри қўлланиши учун муҳим амалий аҳамиятга эга. Негаки, қонун ҳужжатлари билан белгиланган таътилларнинг барчаси ҳам пуллик компенсация билан алмаштирилавермайди. Ҳар қандай ҳолда ушбу масалани ҳал этишда шунга эътибор бериш керакки, на ходим, на иш берувчи ҳатто амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган таътиллар ўрнига ва шу қонун ҳужжатлари йўл қўядиган бир томонлама тартибда қарор қабул қила олмайди. Шуниси ҳам борки, ходимнинг иш берувчи билан бундай алмаштириш ҳақида келишуви фақат ходимнинг илтимосига биноан бўлиши мумкин.
Қонун ҳужжатлари таътилни пуллик компенсация билан алмаштириш мумкинлигинигина назарда тутади. Ходимнинг бундай хоҳиши ҳар бир ҳолда бажаравериш мажбуриятини иш берувчи зиммасига юкламайди. Демак, иш берувчи ходимнинг таътилни пуллик компенсация билан алмаштириш ҳақидаги илтимосини қаноатлантиришни рад этишга ва унга таътилнинг бутун муддатини асли ҳолида беришга ҳақли. Амалдаги қонун ҳужжатлари ходимларга меҳнат таътиллари ва ижтимоий таътиллар берилишини кафолатлайди. Меҳнат таътилини пуллик компенсация билан алмаштиришнинг умумий тартиби Меҳнат кодексининг 151-моддасида назарда тутилган. Мазкур модданинг иккинчи қисмига мувофиқ, ходимларга иш даврида, уларнинг хоҳишга кўра, йиллик меҳнат таътилининг қонун ҳужжатларида белгиланган энг оз муддатидан (15 иш кунидан) ортиқча қисми учун пуллик компенсация тўланиши мумкин. Ушбу модданинг учинчи қисмида мустаҳкамланиб қўйилганки, ижтимоий таътилларнинг барча турларидан, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бир қатор қўшимча таътиллардан фақат асли ҳолида фойдаланилиши керак ва улар пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин эмас. Жумладан, энг кам муддати қонун ҳужжатлари билан белгиланган қуйидаги қўшимча таътилларни пуллик компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмайди. Бинобарин улардан асли ҳолида фойдаланиши мумкин:
- ноқулай ва ўзига хос меҳнат шароитда ишлаганлик учун бериладиган қўшимча таътил;
- оғир ва ноқулай табиий иқлим шароитларида ишлаганлик учун бериладиган қўшимча таътил.
Меҳнат таътилининг 12 иш кунидан ортиқ қисми ходимнинг розилиги билан кейинги йилга кўчирилиши мумкин. Кейинги йили таътил муддати тегишлича шунча иш кунига кўпаяди. Бундай ҳолатда умумий қоида қўлланлиши керак бўлади. Яъни, ўтган йилдан кўчирилган таътилнинг камида 15 иш куни ходимга дам олиш учун асли ҳолида берилиши керак, қолгани - пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин. Бунда қўшимча таътилларнинг айрим турлари пуллик компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмаслигини унутмаслик лозим. Хусусан, ноқулай меҳнат шароитларида ишлаганлик учун бериладиган, кейинги иш йилига кўчирилишига йўл қўйилмайдиган қўшимча таътил ёки бошқа қўшимча таътил қонун ҳужжатлари бузилган ҳолда кейинги йилга кўчирилган бўлса, улар кейинги йилда ҳам ходимга асли ҳолида берилиши керак. Баъзи объектив сабабларга кўра меҳнат таътили узилиб қолган ҳолларда қолган, узайтириладиган кунлар учун ҳақ тўланмайди. Чунки ходим таътилга чиқишдан олдин улар учун иш ҳақи олган.
Меҳнат таътили узилиб қолган вақт учун ҳақ тўлаш унинг узилиб қолишига сабаб бўлган ҳолатларга боғлиқ бўлади. Мисол учун агар таътил узилишга касаллик сабаб бўлса, ходимга таътил вақтидаги бутун касаллик даври учун белгиланган тартибда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади. Ҳарбий-ўқув йиғинларига чақирилиш туфайли таътилнинг узилиб қолган даври учун ўртача иш ҳақи миқдорида ҳақ тўланиши керак ва ҳ.к.
Агар ходим билан иш берувчининг келишувчига кўра таътилнинг фойдаланилмаган қисми бошқа муддатга кўчирилган бўлса, таътилнинг фойдаланилмаган кунларига тўғри келадиган пул суммаси ходим таътилдан қайтганидан кейин ишлаган вақт учун жорий иш ҳақи ҳисобига қўшилиши мумкин. Таътилнинг фойдаланилмаган кунлари ходимга бошқа вақтда берилгани тақдирда, улар учун ҳақ тўлаш белгиланган тартибда янгидан амалга оширилади.
Баҳром КЕНЖАЕВ,
туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.