Хорватиянинг Пореч шаҳрида ёшлар ўртасида юнон-рум ва аёллар кураши бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди. Дунёнинг йигирмадан ортиқ давлати ёш (18-20 ёшлилар) курашчилари қатнашган нуфузли Adriatic Trophy мусобақаcида юртимиз шарафини Аслиддин Худойбердиев ва Хайрулла Абдуллаев мураббийлигидаги 8 нафар юнон-рум курашчимиз ҳимоя қилди. Ўзбекистонлик рефери Собир Қўзиев эса халқаро турнирга ҳакам сифатида йўл олганди.
Мусобақа якунида курашчиларимиз 2 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашди. Терма жамоамизга олтин медалларни 55 кг. вазнда гиламга чиққан Алимардон Абдуллаев ҳамда 63 кг. вазнли курашчимиз Аброр Атабаев тақдим этди. 60 кг. вазнда курашган Ҳусниддин Олимбоев, 82 кг. вазндаги Муҳаммадқодир Расулов ҳамда 87 кг. вазнда беллашган Шаҳриёр Жўрабоев кумуш медаль, 77 кг. вазндаги Самандар Бобоназаров бронза медали соҳибига айланди.
Ҳамюртимиз, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Шаҳриёр Жўрабоев 87 кг.вазнда халкаро турнирда фахрли 2-ўринни эгаллаб, кумуш медал соҳибига айланди.
Раббим ТАШАНОВ,
юнон-рум кураши бўйича туман бош мураббийи.