Яқинда мени туманимизнинг 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида Жиззах иқтисослаштирилган санъат мактаб-интернати 7-синф ўқувчиси Келдибекова Нилуфарининг “Сирли ранглар жилоси” номли шахсий ижодий кўргазмасига таклиф этишди. Тўғриси ҳар доимгидек, 5-10 та суратлардан иборат кўргазма бўлса керак, деб ўйлаган эдим. Таклиф қилинган жойда умуман бошқача манзара акс этганди. Мусиқа мактабининг олдидаги юзлаб болаларнинг байрам кайфияти менинг ҳам кўнглимни кўтарди.
Кўргазмага мезбонлик қилаётган Мамашариф Неъматов Жиззах ва Самарқанд шаҳридан ташриф буюришган меҳмонларни таништирар экан, меҳмонлар ёнида турган ҳали болаликнинг илк остонасидаги кичкина қорачадан келган қизчани кўрсатиб:
- Мана шу неварамизда бугунги қаҳромонимиз, - деб таништирди. Ана шунда бир ҳайратга тушдим. Наҳотки шу қизалоқда шунчалик иқтидор, талант бўлса... Бундан сал олдин Жиззах ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати директори Саидаҳмад Сулайманов ҳам бу қизча ҳақида тўлқинланиб гапириб берган эди.
- Бундан 3 йил олдин Нилуфар бизнинг санъат мактаб-интернатига имтиҳонларни аъло баҳоларга топшириб, ўқишга қабул қилинган эди. Ўтган шу қисқа вақт орасида у ўзининг иқтидорини кўрсата билди. Нилуфарнинг чизган суратлари аввал вилоят, республика кўрик-танловларида совринли ўринларни қўлга киритди. Кейинчалик Россия Федерацияси, Германия, Японияда бўлиб ўтган халқаро онлайн танловларда қтанашиб, махсус сертификатлар билан тақдирланди. Шунингдек, Жиззах вилоят ёшлар агентлигининг “Олтин фонд” дафтарига киритилиб, махсус кўкрак нишони, гувоҳнома ва логотип билан тақдирланди. Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган шахсий расмлар кўргазмаси вилоят телевидениесининг “Диёр” янгиликлари дастурида намойиш этилди.
Шундан сўнг ёш Нилуфарнинг шахсий расмлар кўргазмасига таклиф қилишди. Ёш юракнинг қаъридан чиқариб чизилган юзлаб суратларни кўрар эканман яна бир ҳайратга тушдим: наҳотки шунча суратларни шу миттигина қизча чизган бўлса... Суратларда “Она ва бола”, “Табиатни асраш”, “Ватанга муҳаббат”, тинчликни куйлаш мавзулари асосий ўринни эгаллаган. Биттагина мисол: бир расмида машиналардан чиқаётган угар, тутун табиатимизни безаб турган гулларга, ўтларга, дарахтларга зиён етказиб, нобуд қилмоқда. Кўпчилигимиз бу манзарани ҳар куни кўриб турсак-да, бепарво ўтиб кетаверамиз, эътибор бермаймиз. Ана шу миттигани қизча эса ўз суратлари билан бонг урмоқда, бизни уйғотмоқда.


Ғулом ЎРОЛОВ.