Мамлакатимизда 30 ёшдан ошган, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлаш, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ҳамда иштиёқи бўлган, шунингдек, бандлиги таъминланиши керак бўлган хотин-қизларни “Аёллар дафтари”га киритиш ва шу орқали муаммоларни манзилли ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Дарҳақиқат, олис ҳудудларда ўз ташвишлари билан банд бўлиб, дардини айтолмай, қандай йўл тутишни билмай юрган аёллар учун эса айнан “Аёллар дафтари”нинг аҳамияти катта бўлмоқда. Булунғур туманида ҳам “Аёллар дафтари”га киритилган аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилаяпти ва муаммолар бирма-бир ҳал этиб борилаяпти.
Туманда 1994 нафар аёллар “Аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, ижтимоий химояга мутож, ишсиз, касб-хунар ўрганиш истагини билдирган, тадбиркорлик қилиш учун кредит олишда амалий ёрдам сўраган, томорқасидан даромад олишни хоҳловчилар, боқувчисини йўқотган эхтиёжманд ва шу каби бошқа ёрдамга муҳтож аёлларга амалий кўмаклар берилиб борилаяпти.
“Оқтош” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Мавлуда Султонқулова ҳам доимий яшаш жойига эга бўлмаганлиги, боқувчиси йўқлиги ва тадиркорлик қилиш истаги борлиги боис “Аёллар дафтари”га киритилган эди.
- Чеварликни ёшлигимда онамдан ўрганганман, кейинчалик мен ҳам онамнинг ишларини давом эттирдим. Турмуш ўртоғим вафот этгач, бир нафар қизим билан қолдим. 13 йил бошқа укамникида, беш йилдан буён эса мана шу укамникида тураман, - дейди Мавлуда опа.
- Президентимиз томонидан жорий этилган “Аёллар дафтари” айни муддао бўлди, деб ҳисоблайман. Бу борада туманимизда ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда, - дейди Булунғур туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Маҳбуба Қурбонова. - Туманимизда “Аёллар дафтари”га киритилган 1994 нафар хотин-қизлардан шу кунга қадар 1523 нафари ишсиз, деб эътироф этилган. Шу жумладан, ушбу хотин-қизларимиздан 83 нафарига субсидия асосида тикув машиналари ҳамда 14 нафарига пишириқ печлари тақдим этилди. Мақсадимиз эса келгусида айнан “Аёллар дафтари”га кирган хотин-қизларимиз ўзларини банд қилишиб, оилаларига даромад келтиришига кўмаклашишдан иборат. Шунингдек, туманимизда 7 та маҳалла марказларидан ўша “Аёллар дафтари”га кирган хотин-қизларимиз уюшган ҳолда битта жойда ўзларининг тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйиши белгиланди. Бу борада “Оқтош” МФЙда яшовчи Мавлуда опа Султонқулова иш фаолиятини бошлаб, у киши ўзи қатори “Аёллар дафтари”га киритилган беш нафар маҳалла хотин-қизларини ҳам иш билан таъминлади. “Устоз-шогирд” анъанасига асосан туман Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан уларга ойлик маошлари ҳам тўлаб келинаяпти.
Ёшлигидан кимнингдир оғирини енгил қилишга одатланган Мавлуда опа бўш, ишсиз ўтиришни ўзига эп кўрмади.
-Биттагина қизим ҳам турмушга чиқиб кетган бўлса, агар мен ишсиз ўтирсам, ётиб қолиб, яқинларимга оғирлигим тушиб қолади, деб хавотирландим, - дейди биз билан суҳбатда тадбиркор опа. - Янги йил арафасида тадбиркорлик фаолиятимни бошлашим учун кредит ажратилди.
Мавлуда опа тезда ишга киришиб кетди. 3 та тикув машинаси харид қилиб, қишлоқдошларидан 5 нафар ишсиз аёлларни иш билан таъминлади.
Ҳунар - ҳунардан ризқинг унар, дейишади. Излаган инсон эса имкон топади. Мавлуда опага маҳалла марказидан тадбиркорлигини юритиши, ишсиз қишлоқ аёлларини таъминлаши учун хона ҳам ажратиб берадиган бўлишди. Ҳа, Мавлуда опадаги иштиёқ ва интилишни кўрган кишининг ҳаваси ортади. Бу тиниб-тинчимас аёл гуллар парваришлашни ҳам хуш кўрар экан. Уддабурон, ташаббускор, ўзгалар дардини ҳис этиб, ёрдам қўлини чўзиб яшаётган бу аёлнинг орзулари кўп. Келгусида иш фаолиятини давом эттириб, маҳсулотлар турини кўпайтириш, хотин-қизларни иш билан таъминлаш орқали жамиятга ўз ҳиссасини қўшиш ниятида.
-Бизнинг маҳалламизда 3331 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шулардан 1670 нафари хотин-қизлардир, - дейди "Оқтош" МФЙ раиси ўринбосари Норой Товбаева. - Шу хотин-қизлардан 10 нафари “Темир дафтар”да, 31 нафари эса “Аёллар дафтари”да рўйхатда туради. “Аёллар дафтари”га киритилган 8 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилди ва сертификатга эга бўлишди. Маҳалламиз фуқароси Мақлуда Султонқулова тадбиркорлик йўналиши бўйича кредит олиб, беш нафар аёлларнинг бандлигини таъминлашга ҳисса қўшди. Келажакда ўзимизнинг маҳалла марказидан иккита хонани ажратиб, тадбиркорлигини кенг йўлга қўйиши учун шароитлар яратаяпмиз. Бу билан эса бошқа хотин-қизларнинг ҳам бандлигини таминлашга ҳисса қўшади.
Бугун шогирдлари, маҳалладошлари билан аҳоли эҳтиёжлари учун керакли кўрпа-тўшак, дастурхон, чойшаблар тикаяпти. Бир-биридан бежирим ва мустаҳкам, кўрган кишининг ҳаваси ортадиган бу маҳсулотлар ички бозорга етказиб берилаяпти.
-Маҳсулотимизни олган кишидан раҳмат эшитишни хоҳлардим. Ахир кимдир яхши ният билар тўйларга, уйига олади. Қўл учида қилинган иш эса бизга бегона. Бировдан фақат олқиш эшитсаккина ишимиз юришади, топганимизда ҳам барака бўлади, - дейди қаҳрамонимиз.
Шу боисдан бўлса керак, бугун маҳалладошлари, қишлоқдошлари “бизни ҳам ишга олинг, ҳунар ўргатинг”, деб келишса, харидорлар “биз сизни излаб келдик”, дея эшик қоқишади.
-Уйда ўтириб тикиш қилардим. Аммо, унчалик кўп фойда олмасдим. Шу боисдан, Мавлуда опага шогирдликка тушдим. Оилавий шароитимиз анча яхшиланди, қийинчиликлар ортда қолди, - дейди Санобар Эшонқулова. - Янги русумдаги машиналар келтирилди, уларда мароқ билан ишлаяпмиз. Шароитлар ҳам анча яхши ва қулай.
Кимдир оиласидан ҳаловат топиб бахтли бўлади, кимдир эса ўзи севган касбда фаолият юритса, бошқа биров эса яхши одамлаарнинг борлигини кўриб шукрона келтириб яшайди. Аёл қалби нозик. У озгина эътибор ва меҳрдан юксалса, баъзан ўйланмай айтилган сўздан дунёларга сиғмай кетади. Мавлуда Султонқулова чеварлик касбидан бахт топиб, яхши одамлар меҳридан шодон яшаяпти. Унга келтирилган раҳмат, айтилган яхши фикрлар янада қайноқ иш столига, қадрдон тикув машинаси ёнига чорлайди. Эртанги кунга янги режа тузиб, эзгу мақсадлар қўяди.
-“Аёллар дафтари”нинг юритилиши яхши бўлди. Менга ўхшаб юзлаб, минглаб оддий қишлоқ хотин-қизларининг орзулари ушалаяпти. Биз учун банкдан кредит олиб тадбиркорлик қилиш қачонлардир орзу бўлгани рост гап. Бугун менда яна янги фикрлар туғилаяпти, - дейди Мавлуда опа. - Югурганларим юзага чиқди. 16 миллион сўм кредитни олдим. Шу маҳалла, туман ҳокимлиги менга кўмакчи бўлди. Қишлоқдагилар ҳам шу шаҳар аҳолисидай қонун-қоидаларни билиб, йўл-йўриққа тушиб кетса, деб шундай ният қиламан. Қишлоғимиз обод бўлса, юртимиз авваламбор тинч бўлса, ўзи учун ўзи курашиб, халқ фаровонлиги учун озгина бўлса-да, фойдаси тегадиган инсонлар кўпайса дейман.
Оддий одамларнинг оддий ҳаёти, оддий хаёллари... Бугун бу хаёллар рўёбга чиқаяпти. Бугун оддий одамлар замонавий фикрлайдиган, ҳар бир соҳанинг устаси бўлишга интиладиган кишиларга айланаяпти. Қадрдон қадоқ қўллар замонавий ускуналарни бошқараяпти. Метин ирода, мустаҳкам ишонч билан яшаётган аёллар кўп бўлиши, улар бошлаган ишлар хайрли бўлишини истадик.
Борингизга шукур, ибратли аёллар!
Нозигул РУСТАМОВА,
Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси мухбири.