Халқимиз ковул деб номлаган бу ноёб ўсимлик қимматбаҳо хом ашё ҳисобланади.
Табобат илмининг султони Абу Али ибн Сино ковулдан кўплаб касалликларни даволашда қўл келадиган дармондорилар тайёрлаш усулларини ёзиб қолдирган.
Ковулнинг илдиз қисмидан тайёрланган димлама гепатитга даво, пояси ва барги тери касалликларига шифо, меваси таркибидаги йод моддаси эса буқоқ касаллигини тузатади.
Ковул ер бағрида ўсадиган тиканли бута кўринишида бўлиб, жой танламайди. Бўйи 1 метрдан 2 метргача ўсади. У май ойидан гуллаб, октябрь ойигача мева тугади. Ковул 2020 йилда маданийлаштирилиб, “Ўзбекистон – 20” нави, деб номланди.
Ковул ер танламайди, агротехникаси ҳам мураккаб эмас, яъни парвариш талаб этмайди. У ўзини ўзи қўриқлайди. Янги экилган ковул 3 йилда ҳосилга киради ҳамда гектаридан 20 тоннагача ҳосил йиғиштириб олиш мумкин.
Агар ҳар гектар ковулзор маҳсулоти экспорт ҳисобига 125 минг АҚШ доллари миқдорида самара бериши мумкинлигини назарда тутсак, унинг кони фойда эканлиги ўз-ўзидан аён.
Айни пайтда фермерларимиз, томорқа эгалари бўш ва фойдаланилмай ётган ерларига ковул уруғини 2х4 – 2х2 ўлчамда экса бўлади. Ғўбдин массивида “Ғўбдин Юқори нуқта” фермер хўжалигида бу йил 20 гектар майдонга ушбу экин агротехника талаблари асосида экилди.
Жаҳон бозорида харидоргир бўлган ковул фермерларимиз иқтисодини мустаҳкамлайдиган, сердаромад омиллардан биридир. Шунинг учун унинг имкониятларидан фойдаланишни тавсия этамиз.
Агар ковул экишни истовчи фермер ва томорқа эгалари бўлса 93-230-43-05 телефон рақамига мурожаат этишлари мумкин.
Ҳазратқул САФАРОВ.