Қадимда тиббиёт ҳозиргидек ривожланмаган, ушбу соҳа бўйича малакали билим олиш учун тиббиёт билим юртлари, замонавий асбоб-ускуналар бўлмаган. Шу боисдан ҳам у пайтларда халқ табобатидан кенг фойдаланилган. Табобатда даволаш усуллари илмий-назарий жиҳатдан асосланмаган бўлсада, тажрибада кўпгина касалликлар тўғри аниқланган ва даволанган. Инсон танасидаги турли яралар, синган суяклар, бош оғриғи, иситма ва бошқа касалликларни даволашда ҳар хил шифобахш гиёҳлардан, ўсимликларнинг барглари, илдизларидан малҳамлар тайёрлашиб фойдаланишган. Бундан ташқари, инсонларни даволашда қуёш нури, сув, қум, балчиқ ва ҳайвонлар ёғидан ҳам кенг фойдаланишган.
Маълумки, ҳар бир халқнинг табобатда қўлланиладиган даволаш усуллари ва дори-дармонлари шу мамлакатнинг табиий шароити, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига боғлиқ бўлади. Масалан, дунёнинг шимолий мамлакатларида яшовчи халқлар инсонларнинг юз ва қўлларига айиқ ва бўрсиқ мойи суртиш орқали чора топганлар. Қайин дарахтининг ширасини эса йирингли яраларни даволашда ишлатилган. Хитой халқ табобатида қадимдан мокса (доривор ўтларни тутатиб, касал орган четларидаги терини куйдириш), массаж ва игна санчиб даволаш усулларидан фойдаланилган. Ҳиндистон ва Африканинг табиий иқлим шароитларидан келиб чиқиб қуёш нури, ҳаво ва сувдан кенг фойдаланиш баробарида гигиена қоидаларига катта аҳамият қаратишган. Бугун биз мамнуният билан тилга олаётган Гиппократ, Гален, Розин, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино ва бошқа табобат илмининг ҳакимлари ўз даврларида доривор ўсимликлардан, табиий гиёҳлардан қандай фойдаланиш лозимлиги ҳақида ўз асарларида ёзиб қолдиришган.
Ўрта Осиё ҳудудида ич суриш, парҳез сақлаш, иситмани туширишда ялпиз ва шунга ўхшаш гиёҳлар солиб ивитилган сувда ванна қабул қилиш орқали ҳам даволашган. Халқ табобатида ишлатилган дорилар қиём, ивитма, қайнатма ва қатра кўринишида тайёрланган. Ўша даврларда халқ табобатида қон олувчи, зулук солувчи, суяк синиши каби ҳолатларни даволашда жарроҳ (хирург), наббоз (томирчи) хизматларидан ҳам кенг фойдаланишган. Шунингдек, “мохов” касаллигига чалинган кишилар аҳолидан алоҳида ҳудудларда сақланиб, уларга олтингугурт, эфир мойлари, аччиқтош, равоч, кўкноридан тайёрланган дамламалар тайёрланиб, даво топишида қўлланилган. Ушбу усуллар ҳозирда ҳам қўлланилмоқда.
Мамлакатимизда халқ табобатининг инсон саломатлигини муҳофаза этишдаги аҳамияти тан олиниб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Бу Қарор замонавий тиббиёт билан халқ табобатининг афзал жиҳатлари ҳамкорлигини таъминлаб, халқимиз соғлигини ҳимоялашни кўзда тутади. Биз инсон жисмидаги турли хил касалликларни даволашда замонавий медицинадан кенг фойдаланган ҳолдаҳали-ҳанузгача аждодларимизнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган халқ табобати борасидаги усулларидан ҳам амалиётда фойдаланаётганимизни, бунинг самараси яхши эканлигини тан олишимиз лозим.
Лутфулла МАХМОНОВ,
туман Тиббиёт бирлашмаси бош шифокори.
Зиёда САТТОРОВА,
туман “Саломатлик маркази” мудираси.