БУ ДАРАХТЛАР ҲАҚИДА ЭШИТГАНМИСИЗ?
“Paradaise garden of Pavloniya” МЧЖ томонидан Булунғур туманида 35 гектарда павловния дарахти плантациялари ташкил этилган. МЧЖ иш бошқарувчиси Сожида Жаббарованинг сўзларига кўра ушбу дарахтнинг баргларидан то илдизига қадар фойдали. Аввало, асл ватани Япония бўлмиш ушбу дарахтни йилнинг исталган фаслида ерга ўтқазиш мумкин, фақат ер музламаган бўлса бас.
Тез ўсади, харажати кам!
Павловния дарахтиниг ўзига хос ажойиб хусусиятларидан бири - унинг тез ўсишидир. 100 йилга қадар умр кечирувчи ушбу дарахт ҳар 7 - 8 йилдакесилганида 4 - 8 мартагача қайта ўсиб чиқади. Бу эса ерни тайёрлаш ва қайтадан кўчат экиш каби ортиқча оворагарчилик ва сарф-харажатлардан сизни озод этади.
Қандай фойдаси бор?
Бугунги кунда дунё бозорида павловнияёғочининг 1 метр куби 200дан 800 АҚШ долларигача баҳоланмоқда. Нархи кесилган дарахт ёшига, диаметрига, ишлов берилиш даражасига боғлиқ. Дарахтга тўғри агротехник ишлов берилса 7 йилда 1 гектаридан 350 - 500 метр кубсифатли ёғоч олиш мумкин.
Павловния ёғочи мустаҳкам, аммо енгил. Шу хусусиятига кўра, қурилишнинг барча соҳаларида фойдаланиш мумкин. Павловния ёғочи мебеллар, жалюзи, мусиқа асбоблари, ўйинчоқлар ишлаб чиқариш, кемасозлик, самолётсозлик, автосаноатда ишлатилади.
Ушбу дарахт ёғочининг ёниш даражаси 400° С га тенг. Шу сабабдан ушбу дарахт ёғочидан Японияда қадимдан қимматбаҳо буюмларни сақлашда фойдаланилган.
Павловния барглари ва ёш танаси чорва ҳайвонларини боқишда фойдаланилади. Тўйимлилик даражаси бўйича ўзимизнинг беда ўсимлигига жуда яқин. Павловния барглари таркибида 20 фоиз протеин бўлади. Бир йиллик ёш ниҳоллар танасида протеин миқдори бундан ҳам кўп бўлади ва шунинг учун алоҳида чорва моллари учун биомасса олиш мақсадида ҳам фойдаланиш ҳам мумкин. Павловния экилган 1 гектар майдондан ёз ойларига бориб 30-40 тонна сифатли биомасса олиш мумкин. Шунингдек, дарахт кесилганда хар йили ўзи қайта ўсиб чиқиши ҳамда кам агротехник ишлов талаб қилиши унинг озуқаси таннархининг анча арзон бўлишига олиб келади.

Павловния тез ва чиройли ўсиши билан биргаликда кўп ва узоқ муддат гуллаб туради ва натижада кўп миқдорда нектар беради. Об-ҳаво шароитига қараб, Павловния плантацияларининг 1 гектаридан 500 килограммдан - 1000 килограммгача асал олиш мумкин. Павловния дарахтига ҳашорат тушмайди ва кимёвийдорилар ишлатилмайди. Шу сабаб унинг асали экологик тоза асал ҳисобланади. Павловния дарахтидан олинган асал енгил, шаффоф, ёрқин рангда ва хушбўй ҳидли бўлади. Бу асални ранги ва сифати бўйича акациядан олинган асалга таққослаш мумкин. Павловниядан олинганасал шифобахш бўлиб, бронхит, ўпка ва нафас йўллари касалликларига даво ҳисобланади. Шунингдек, ўт-пуфак ва жигар иш фоалиятини, овқат ҳазм қилишни яхшилаш хусусиятига эга.
Биоёқилғи сифатида...
Бугунги кунда биоёқилғиларга талаб тобора ортиб бормоқда. Бироқ, ҳозирги асосий манбалардан бўлмиш, марказий Европа давлатларининг ўз ўрмон ресурслари келажак учун етарли эмас. Шунинг учун бугунги кунда технологик ривожланиш фонида табиатни ҳимоя қилиш, экологияни яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қайта тикланувчи био ёқилғилар, тез ва кўп ёқилғи - энергия берувчи ўсимликлар ўрганилмоқда. Бу борада Павловния дарахти ҳам ёқилғи сифатида самарали маҳсулотлардан биридир. Биринчидан, тез ўсади ва кўп биомасса беради. Иккинчидан, ёнганда заҳарли моддаларни кам чиқаради. Ҳар йили қайта-қайта экиш шарт эмас. Павловния барглари катталиги ҳисобига бошқа манбаларга қараганда кўпроқ биогаз бериш хусусиятига эга. Ҳозирда Америкалик олимлар томонидан термохимиявий ва биотехнолагик усулда 1 тонна Павловния қуруқ ёғочидан 511 литр биоэтанол олишга эришилди. Биргина шу сабабдан Павловния дарахти “нефт қудуғи” номини олди. Демак, Павловния плантацияларини ташкил этиш иқтисодиётнинг энергия ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш борасидаги самарали экологик ечимлардан биридир
Павловния плантацясидан олиш мумкин бўлган даромад
1 гектар майдонга Павловния ниҳоли 4х4 схемада экилса 1 гектар ер майдонига 625 дона ниҳол сиғади. Ниҳоллар тўғри парвариш қилинса 6-8 йилда 1 кубометрдан 2 кубометргача ёғоч олиш мумкин. Бундан ташқари дарахтлар орасига экин экиб, асалари боқиб, кесилганида шохларини сотиб қўшимча даромад олиш мумкин. Агарда 2х2 схемада экилса даромад 2 хиссадан ортиши мумкин. Бунда, 1 гектар ер майдонига 2500 дона ниҳол сиғади. Шохлари вақтида олиниб, тўғри парвариш қилинса, дарахтлар 3-4 йилгача бир-бирига халақит бермайди. 3-4 йилдан сўнг оралатиб тенг ярмини кесиб сотилса, қолган тенг ярмини 6-8 йилда кесиб сотиш мумкин бўлади.
Демак, Павловния баргидан чорвада, саноатда биоёқилғи олишда фойдаланиш мумкин. Гулидан юқори сифатли, доривор асал олинади, Павловнияга қурт, куя тушмайди, ёғочи буралмасдан, текис қурийди, 400 Сда ёнади. Шу сабаб унга қурилиш саноатида талаб юқори. Бундан ташқари дарахт кўп йиллик ва тез ўсади. Бу харажатларнинг камайишига ва фойданинг ортишига олиб келади.
Қисқаси, Павловния дарахти юқори даромад манбаидир.
Аббос ЖАББАРОВ.