Суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш муносабати билан кўпгина қонунларга ва қонуности ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик-процессуал кодекси қайтадан ишлаб чиқилиб, 2018 йил 24 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий-процессуал кодекси номи билан тасдиқланиб, 2018 йил 1 апрелдан амалга киритилди. Янги таҳрирдагиИқтисодий-процессуал кодекси Хўжалик-процессуал кодексидан фарқли равишда, Хўжалик-процессуал кодексидаги айрим моддаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, айримлари чиқариб ташланиб, янги моддалар ҳамда атамалар билан мукаммаллаштирилди.
Мазкур кодексда, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга қонунда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли эканлиги, шунга кўра, мазкур кодекснинг 26-моддаси билан иқтисодий судлар томонидан қандай ишлар кўрилиши белгилаб қўйилди.
Жумладан, ушбу модда талабларидан келиб чиқиб, иқтисодий судлар тузилиши мажбурийлиги қонунда назарда тутилган шартномани тузишда юзага келган келишмовчиликлар тўғрисидаги, шартнома тарафлари томонидан кўриб чиқилиши судга ўтказилиши келишилган шартномани тузишда юзага келган келишмовчиликлар ҳақидаги, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги, битимни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги, мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги тўғрисидаги, мулк ҳуқуқини тан олиш ҳақидаги, мулкдор ёки мулкнинг бошқа қонуний эгаси томонидан мол-мулкни бошқа шахснинг ғайриқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги, интеллектуал фаолият объектлари ва фуқаролик муомаласи иштирокчиларининг хусусий аломатларини акс эттирувчи воситалар, товарлар, ишлар ва хизматларга мулкий ҳуқуқлари бузилганлиги ҳақидаги, мулкдорнинг ёки мол-мулкнинг бошқа қонуний эгасининг ҳуқуқлари эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда бузилганлиги тўғрисидаги, зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги, ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжатини ёки бошқа ҳужжатни ижро этиш мумкин эмас деб топиш ҳақидаги, агар қонунда жарималарни сўзсиз (акцептсиз) тартибда ундириш назарда тутилмаган бўлса, назорат қилувчи органлар томонидан юридик шахслар ва фуқаролардан жарималар ундириш тўғрисидаги, назорат қилувчи органлар томонидан қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда сўзсиз (акцептсиз) тартибда ҳисобдан чиқарилган пул маблағларини бюджетдан қайтариш ҳақидаги низоларни ҳал этади.
Бундан ташқари, юридик шахсларни ҳамда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва қонунда белгиланган тартибда якка тартибдаги тадбиркор мақомини олган фуқароларни, шунингдек пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир бўлмаган, якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларни, агар пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятлар уларнинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиққан бўлса, банкрот деб топиш тўғрисидаги ҳамда ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ бўлган ишлар ишларни иқтисодий суд ишларини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриб чиқади.
Ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ бўлган ишлар жумласига даъвони таъминлаш юзасидан чоралар кўриш тўғрисидаги аризалар бўйича ишлар, ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш ҳақидаги аризалар бўйича ишлар, ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақалари бериш тўғрисидаги аризалар бўйича ишлар киради.
Шунингдек, Иқтисодий процессуал кодексининг 30-моддаси билан корпоратив низолар бўйича ишлар ҳам иқтисодий судларга тааллуқлилиги белгиланган.
Корпоратив низолар бошқа низолардан фарқи шундаки, ушбу тоифадаги ишларда тарафлар фақатгина юридик шахс эмас, балки фуқаролар ҳам тараф ҳисобланади.
Бундай ишлар жумласига, юридик шахсни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш билан боғлиқ низолар, хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг, улушларнинг, кооперативлар аъзолари пайларининг мансублиги, уларга юкламалар белгилаш ва улардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни амалга ошириш билан боғлиқ низолар, бундан хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни, улушларни, кооперативлар аъзоларининг пайларини ўз ичига олувчи мерос мол-мулкни ёки эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган низолар мустасно, юридик шахс иштирокчиларининг (муассисларининг, аъзоларининг) юридик шахс томонидан тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва (ёки) бундай битимларнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш ҳақидаги даъволари бўйича низолар, қимматли қоғозлар эмиссияси билан, шу жумладан эмитентнинг бошқарув органлари қарорлари юзасидан низолашиш билан, эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштириш жараёнида тузилган битимлар, эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқариш (қўшимча равишда чиқариш) натижалари бўйича ҳисоботлар (хабарномалар) юзасидан низолашиш билан боғлиқ низолар, қимматли қоғозларни номинал сақловчиларнинг акциялар ва бошқа қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш, қонунда назарда тутилган бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларни қимматли қоғозларни жойлаштириш ва (ёки) уларнинг муомаласи муносабати билан қимматли қоғозларнинг номинал сақловчилари томонидан амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятидан келиб чиқадиган низолар, юридик шахс иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги низолар, юридик шахс бошқарув органларининг қарорлари устидан шикоят қилиш тўғрисидаги низолар киради.
Шу билан бирга, суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, жорий йилнинг 12 январидаги қонун билан ИПКга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, инвестициявий низолар бўйича ишлар ҳамда рақобатга оид ишлар иқтисодий судлар томонидан кўрилиши белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги низолар ҳам иқтисодий судлар томонидан кўрилади. Улар жумласига, тадбиркорлик фаолиятини ва бошқа иқтисодий фаолиятни амалга ошириш чоғида юзага келадиган низолар бўйича чет давлат судлари томонидан қабул қилинган қарорни тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги, тадбиркорлик ва бошқа иқтисодий фаолиятни амалга ошириш чоғида юзага келадиган низолар бўйича чет эл арбитражлари томонидан қабул қилинган қарорни тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар киради.
Ўзининг бузилган ҳуқуқини қонуний ҳимоя қила олиш фуқаролар, давлат органлари, ташкилотлар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари учун муайян билим ва кўникмалар мавжуд бўлишини талаб этади. Бунга эришиш эса, улар учун энг қадрли бўлган вақти ва маблағининг тежалишига олиб келади ҳамда ортиқча оворагарчиликларга барҳам беради.
Достонбек ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Жомбой туманлараро Иқтисодий суди девонхона мудири.