Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан мамлакатимизнинг келгуси беш йилдаги устувор мақсад-марралари белгиланди. Эътиборга молик жиҳати, тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқишда кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларига алоҳида эътибор қаратилди.
Фармонда қайд этилганидек, инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш, миллий иқтисодиётни таъминлаш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, маънавий тараққиётни таъминлаш, умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ёндашиш, мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш назарда тутилмоқда.
Эндликда давлатнинг вазифаси давлат хизматлари сифати ва жамият билан ўзаро ҳамкорлик самарадорлигига эришиш учун бошқарувнинг барча даражаларида ресурслар ва кўникмаларни сафарбар этиш ва бирлаштиришдан иборат бўлиши лозимлигини давр тақозо этмоқда. Бугунги ислоҳотлар даврида давлат бошқаруви органлари фаолиятини фуқарога хизмат қилишга йўналтиришда очиқлик (давлат хизматчиларининг ҳисобдорлиги, бюджет шаффофлиги, ахборотнинг очиқлиги, фуқаролар ва ОАВнинг ахборотдан фойдаланиш очиқлиги) муҳим аҳамият касб этмоқда.
Фармоннинг15-бандида адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга жиноят ишлари билан бир қаторда фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тартиби жорий этилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ноқонуний эмаслигини маъмурий судда исботлаш мажбурияти уни қабул қилган мансабдор шахснинг ўзига юклаш тартибига амал қилиниши қатъий белгиланди. Бу ўз навбатида маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризаларнинг мазмунан кўриб чиқилишида қарор чиқарган мансабдорнинг шахсан ўзи келиб судда исботлаб беришини тақозо этади.
Ўз қонуний ҳуқуқи ва манфаати бузилган шахс судда айнан мазкур қарорни қабул қилган мансабдор шахс билан юзма-юз келиши ҳамда масаланинг ҳар томонлама тадқиқ этилиши судлар томонидан ишларнинг янада очиқ ҳамда шаффоф кўрилишини таъминлайди.
Жамшид ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди раиси.