ЎСИМЛИКЛАР КЛИНИКАСИ ХИЗМАТИ ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ
Карантиндаги зарарли организмлар мамлакатимиз ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишни таъминлаш, шунингдек, ўсимлик ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2018 йилнинг 28 март кунги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар” тўғрисидаги Қарорига асосан жорий йилнинг апрель ойида туман ҳудудий карантин бўлими ташкил этилди.
Қишлоқ хўжалигида дала меҳнаткашларининг заҳматли меҳнатлари эвазига етиштирилаётган сифатли ва сермаҳсул қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ички ва ташқи бозорларга етказиб берилишида бизнинг соҳа мутахассисларининг ҳам алоҳида ҳиссалари бор.
Зараркунанда ҳашоратларнинг маълум тоифаси давлат томонидан карантин ҳисобланганлиги сабабли туман ўсимликлар клиникаси хизмати мутахассислари туманимиздаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари билан икки томонлама шартнома асосида зараркунанда ҳашоратларга ва касалланган ўсимликларга турли хил ташхис қўйиш ишлари билан шуғулланишмоқда. Қарорга асосан зарпечак, девпечак, какра ва шу каби ёввойи ўсимликлар ҳамда колорадо қўнғизи, шарқ мевахўри, калифорния қалқондори, цитрус оқ инли куяси сингари ҳашоротлардан боғдорчилик, сабзавотчиликда, ғалла майдонлари, полиз экинлари майдонларини тозалаш ишларида кимёвий препаратлар билан курашилмоқда.
Шунингдек, туманимиз ҳудудидаги бозорларда, дўконларда сотилаётган ўсимликлар ва уруғлар тўлиқ лаборатория текширувидан ўтказилганидан сўнг улар фитосанитар сертификатлар билан таъминланиб сотувга рухсат берилмоқда.
Шу пайтгача “Бешқўтон”, “Янгиобод”, “Боғбон” МФЙлар ва “Деҳқон бозори” ҳудудларида ҳосилни касалликлар ва карантин ҳашоратларидан ҳимоя қилиш мавзусида маъруза ва семинарлар ўтказишга эришдик. Тарғиботларимиз ўз самарасини бермоқда.
Даврон УСМОНОВ,
туман ҳудудий карантин
агроном-инспектори.