Ҳар бир меҳнат жамоасида ички меҳнат тартиби, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиниши қонунийликни таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш омилидир. Яқинда 9-сон Мусиқа ва санъат мактабида туман Давлат солиқ инспекцияси жамоаси иштирокида ўтказилган йиғилишда сўз шу ҳақда борди.
Йиғилишда сўзга чиққан туман ДСИ юридик шахслар солиқ маъмуриятчилиги ва камерал назорат бўлими бошлиғи Ш. Эшмуродов Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 29 июнда имзоланган ПФ-5468-сонли Фармони солиқ сиёсатини янада такомиллаштиришга имкон беришини ҳамда бу борада солиқ тизимида ишлаётган ходимларнинг масъулияти янада ошишини таъкидлади.
Туман прокурорининг ўринбосари Т. Абдурашидов 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросига тўхталиб, бу борада ҳамкорлик кучайтирилиши ва масъулият оширишлиши кераклигини таъкидлади.
- Порахўрлик, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суистеъмол қилиш жамият аъзоларининг ахлоқига салбий таъсир кўрсатиб, фуқароларда давлат ва ҳокимиятга бўлган ишончни сўндиради ҳамда ҳуқуқий тизимни ишдан чиқаради, - деди Т. Абдурашидов.
Йиғилишда солиқ тизимида фаолият юритаётган ходимлар ўз хизмат бурчини бажаришга виждонан ёндашишлари, фуқаролар ҳамда тадбиркорларга амалий ёрдам бериши, моддий ва маънавий бойликларимизни авайлаб асраши, маҳаллийчилик ва таниш-билишчиликдан сақланиши, солиқ тизими ходими деган номни асраб-авайлаши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Синдор ЖУМАНОВ,
туман ДСИ шўъбаси тезкор ходими.