Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан бу борада амалдаги тартибларга муҳим ўзгартириш киритилди.
Қарорда давлат солиқ хизмати органлари “Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” деган шиорга мос ҳаракатланиши муҳим ҳисобланади. Давлат солиқ хизмати органи ходими тадбиркорларнинг бизнес-ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатида фаолият юритади.
Давлат солиқ қўмитасининг “Республика ахборот-маслаҳат маркази” ва “Солиқ декларацияларини қайта ишлаш маркази” давлат унитар корхоналари негизида ташкил этиладиган “Солиқ-сервис” давлат унитар корхонаси ана шу мақсадга хизмат қилувчи янги тузилма бўлиши кўзда тутилмоқда.
“Солиқ-сервис” ДУК солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришда техник жиҳатдан кўмаклашади. Шунингдек, ҳисоботлар ва декларацияларни қабул қилиш бўйича солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш юзасидан давлат солиқ хизмати органларига амалий ёрдам беради, давлат солиқ хизмати органларининг автоматлаштирилган ахборот тизими техник, дастурий ва ахборот таъминотини бошқаради, давлат солиқ хизмати органлари фаолияти натижасида юзага келадиган ҳужжатларни қоғоз ва электрон шаклда марказлашган ҳолда архивда сақлайди. Бундан ташқари, ушбу тузилма “call-марказ” махсус сервиси орқали аҳолига ахборот тақдим этиш хизматини ҳам кўрсатади.
Шунингдек, мазкур корхона солиқ тўловчиларни электрон ҳисобварақ-фактураларни юритиш қоидалари бўйича ўқитиш, уларга солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини етказиш, ахборотни ҳимоя қилиш, давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг билим ва малакасини ошириш юзасидан иш олиб боради.
Қолаверса, “Солиқ-сервис” ДУК маълумотларни қайта ишлаш маркази ишини тубдан такомиллаштириш, жумладан, солиқ тўловчилар учун янги дастурий маҳсулотлар ва сервисларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади.
Янги ташкил этиладиган тузилма аҳолида солиқ тўлаш маданиятини юксалтиришга, шу билан бирга, давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг солиқ тўловчиларга ўз вақтида сифатли хизмат кўрсата олишига яқиндан ёрдам беради.
Келдиёр ТЕНГЛАШЕВ,
туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи.