Ҳар бир хонадонда турли хилдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан консервалар тайёрланади. Уни тайёрлашда уй бекалари тозалик, гигиена қоидаларига қатъий амал қилиши лозим. Аксинча бўлса, ушбу маҳсулотдан заҳарланиш кузатилиши мумкин. Уйда тайёрланган бодринг, помидор, қўзиқорин консерваларини истеъмол қилиш натижасида заҳарланиш ҳоллари кўп учрайди.
Ботулизимни қўзғатувчи споралар узоқ вақт мобайнида тупроқда сақланади. Ифлос тупроқ орқали сабзавот, қўзиқорин ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига тушади. Ҳаво йўқ (анаероб) шароитда кўпайиб, ўзидан ниҳоятда кучли заҳар - экзотоксин ишлаб чиқаради. Ушбу токсин 5-6 соат давомида сувда қайнатилгандагина нобуд бўлади.
Ботулотоксин ошқозон ширасида парчаланмайди. Маҳсулотлар ранги ва таъмини ўзгартирмайди. Ушбу зарарли модда ошқозонга тушар экан, ичакдан сўрилиб ўтади ва марказий нерв тизими ҳамда бош мияда шикастланиш ўчоқлари пайдо бўлишига олиб келади.
Токсинлар овқат билан организмга тушиб, касаллик белгилари пайдо қилгунга қадар яширин даври 2-4 соатдан 18-24 соатгача давом этади. Бу давр ўтиб бўлгач, дармонсизлик, бош оғриғи, кўнгил айниши каби белгилар пайдо бўлади.
Кўриш қобилятининг бузилиши, кўз қорачиғининг кенгайиши, қовоқ салқиши, нарсаларнинг кўзгакўшалоқ бўлиб кўриниши касалликнинг дастлабки белгилари ҳисобланади.
Ундан кейин танглай, халқум фалажланади, натижада ютиш, чайнаш қийинлашади. Тана ҳарорати ўрта ёки паст бўлиши, томирнинг тез уриши касаллик учун хос белгилар саналади. Нафас олиш қийинлашганда беморни зудлик билан шифохонага олиб бориш зарур.
Касаллик енгил кечганда 2-3 ҳафта, оғир кечганда 2-3 ой давом этади. 60-70 фоиз ҳолларда ўлим билан якунланиши аниқланган. Токсинлар озиқ- овқат маҳсулотларида узоқ вақт яшайди, қиздирилганда эса тезда нобуд бўлади.
Консерва тайёрлашда шахсий гигиена қоидаларига амал қилинг. Маҳсулотни тузлаб, намакобни кўпроқ сигдиринг. Сабзавот ва меваларни тозалаб ювинг. Ишлатиладиган идишларни ҳам тоза ҳолда сақланг. Консерваларни салқин ва қоронғи жойга қўйиб, сифатини назорат қилиб туринг. Қопқоғи кўтарилган банка ичидаги маҳсулотни истеъмол қилманг ва уни ташлаб юборинг. Айниқса, ёш болаларни заҳарланишдан ниҳоятда эҳтиёт қилинг.
Консервани тайёрлаш, сақлаш қоидаларини яхши билсангизгина ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигини асраган бўласиз. Соғлиғингиз ўз қўлингизда эканлигини унутманг.
Зиёда САТТОРОВА,
туман Тиббиёт бирлашмаси Аҳолининг соғлом турмуш тарзини
қўллаб-қуватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлинмаси раҳбари.
Улуғбек ҲАСАНОВ,
туман СЭО ваЖС бўлими врач-эпидемиологи.