Ҳозирги пайтда туманимизнинг ҳар бир хонадонида ҳар-хил озиқ-овқат маҳсулотларидан консервалар тайёрлаш одат бўлиб қолган.
Консерваларни тайёрлаш пайтида уй бекалари озодалик, яъни гигиена қоидаларига ҳамда маҳсулотларни тайёрлаш талабларига риоя қилмаганликлари туфайли турли хилдаги овқатдан заҳарланишлар рўй бериши мумкин. Ҳозирги кунда, янги йил арафасида уйда тайёрланган бодринг, помидор, қўзқорин консерваларини истеъмол қилиш орқали заҳарланиш ҳоллари учраб турибди. Оилада тайёрланган 1 та банка очилганда оила аъзоларининг ҳаммаси истеъмол қиладилар ва бу ҳолат оилавий заҳарланиш - ботулизмга олиб келиши мумкин..
Ботулизм касаллигининг қўзғатувчиси споралар кўринишида, узоқ вақт мобайнида тупроқда сақланади. Ифлос тупроқ орқали споралар сабзавот, қўзиқорин ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига тушади. Озиқ-овқат маҳсулотларида ҳаво йўқ (анэроб) шароитида кўпайиб, ўзидан ниҳоятда кучли заҳар - экзотоксин ишлаб чиқаради. Сувда қайнатилганда ушбу токсин 5-6 соат давомида ўлади.
Ботулотоксин ошқозон ширасида парчаланмайди. Бундан ташқари маҳсулотлар ранги ва таъмини ўзгартирмайди. Бу токсин озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга организмга тушар экан, ичакдан сўрилиб ўтади ва марказий нерв тизими ҳамда бош мияда шикастланиш ўчоқлари пайдо бўлишига олиб келади.
Токсинлар овқат билан организмга тушиб, касаллик белгиларини пайдо қилгунча ўтадиган давр (яширин давр) 2- 4 соатдан 18-24 соатгача давом этади.
Бу муддат ўтгандан кейин интоксикация белгилари - умумий дармонсизлик, бош оғриғи, кўнгил айниши каби белгилар пайдо бўлади. Асаб тизимининг зарарланиши оқибатида унинг фалажланиш ҳолати бу касаллик учун характерли ҳисобланади.
Бундан ташқари, ботулизм касаллигида қуйидаги аломатлари учрайди:
- кўриш қобилиятининг бузилиши;
- кўз қорачиғининг кенгайиши;
- қовоқнинг салқиши (птоз);
- диплопия (нарсаларнинг кўзга қўшалоқ бўлиб кўриниши)касалликнинг дастлабки белгиларига киради.
Кейин юмшоқ танглай, ютқин (халқум) фалажланади, натижада, ютиш, чайнаш акти бузилади.
Бошқа овқатлардан заҳарланишдан фарқли ўларок, тана ҳарорати (температураси) нормал ёки паст бўлиши, томирнинг тез уриши касаллик учун хосдир. Нафас олиш қийинлашади. Бемор тез орада шифокорга олиб борилмаса ёмон оқибатларга олиб келиш мумкин.
Касаллик енгил ўтганда 2-3 ҳафтада, оғир ўтганда 2-3 ой давом этади. Ботулизмда беморларнинг 60-70 фоизида ўлим ҳолатлари аниқланган.
В.Botulinus (ботулизм) токсини озиқ-овқат маҳсулотларида узоқ вақт яшайди, бироқ қиздирилганда тезда нобуд бўлади. Шунинг учун, маҳсулотларга термик ишлов бериш ботулизм пайдо бўлишига қарши кўриладиган самарали тадбирларидан бири ҳисобланади.
Профилактик тадбирлар ҳам маҳсулотларнинг ифлосланишига йўл қўймасликка қаратилгандир. Қуйидагиларга эътибор бериш лозим:
Консервалар тайёрлаш жараёнида ҳар бир инсон шахсий гигиенага амал қилиши шарт.Маҳсулотларни тузлаганда керакли концентрациядаги намакобни маҳсулотнинг бутун бағрига сингдириш керак.Сабзавотлар ва мевалар тупроқ билан ифлосланиши мумкин, шу боисдан уларни консервалашда тозалаб ювиш шарт.Маҳсулотлар учун ишлатиладиган идиш, асбоблар тозалиги ҳам муҳим аҳамиятга эга.Консерва маҳсулотлари сақланадиган жой салқин ва қоронғу бўлиши мақсадга мувофиқ.
Консерва маҳсулотларини сифатини назорат қилиб туриш катта аҳамиятга эга.
Қопқоғи кўтарилган банкалардаги маҳсулотлар мутлақо истеъмолга яроқсиз эканлигини ёдингизда тутинг! Шунинг учун бундай маҳсулотларни тезлик билан ташлаб юборинг.
Консерва маҳсулотларни тайёрлаш, сақлаш қоидаларини пухта билган ҳолдагина бундай маҳсулотларни тайёрлашга жазм қилинг, акс ҳолда ўзингиз ва атрофдаги инсонлар саломатлигига жиддий зиён етказишингиз мумкин.
Ёш болаларга консерваланган маҳсулотларни бермаганингиз маъқул.
Соғлигингиз ўз қўлингизда эканлигини доимо эсда тутинг!
Ф.ҒУЛОМОВА,
Тиббиёт бирлашмаси услубчи шифокори.
Т.САТТАРОВ,
туман Санитария-эпидемиологик осойишталик
ва жамоат саломатлиги бўлими шифокори.