Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 июлдаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, мавжуд муаммо ва камчиликлар, уларни бартараф этишга қаратилган видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида жами жиноятларнинг 30 фоизида ёшларнинг иштироки борлиги, улар томонидан бундай салбий ҳаракатлар, ҳуқуқбузарликлар содир этилиши муҳокама ва таҳлил қилинди. Келгусида бу каби салбий ҳаракатларни бартараф этиш, уларга қарши курашиш, профилактик тадбирларнинг савияси ва таъсирчанлигини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасалари, жумладан, Ёшлар иттифоқи кенгашлари олдига кўплаб вазифалар қўймоқда. Президентимиз “Аслида, битта бўлса ҳам жиноят бўлгани ҳаммамизни ташвишга солиши керак”, дея айтган гаплари барчамизни масъулият билан ишлашга ундамоқда.
Ёшларда психологик муҳит бола шахсини ва сифатларини белгилаб беради. Носоғлом муҳит уларнинг жиноятчиликка мойиллигини оширади. Зарарли одатлар, оилавий низолар фарзанд тарбиясида дарсларни яхши ўзлаштиролмаслик, қизиқишлари пасайиши, салбий хатти-ҳаракатларларга олиб келиши мумкин.
Барчани ўйлантираётган яна бир масала - ёшларнинг ижтимоий тармоқларга муккасидан кетиши, вақтини беҳуда сарфлаши, ўқиш ва ишга муносабати йўқолиши, зўравонлик, ҳаёсизлик, ёвузлик каби тарбиясизликни тарғиб қилувчи интернет майдонлари ташвишланарли ҳолдир. Унинг олдини олиш учун интернетдан фойдаланиш маданиятини шакллантиришимиз зарур. Таълим муассасаларида ёшлар билан ишлашда “Сирдошим” клубини ташкил этиш, сардорларни сайлаб олиш, китобларни тарғиб қилиш ва спорт мусобақалари уюштириш фойдалидир. Уларда ишонч ва масъулиятни шакллантириш, нотинч оилалар, жиноятга мойил ёшлар билан ишлашда маҳалланинг ёши улуғ кишилари ва психологлар билан биргаликда иш олиб бориш фойдадан холи бўлмайди. Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиларининг ўқувчилар манфаатини ҳимоя қилишдаги ролини кучайтириш, миллий, умуминсоний қадриятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг саводхонлигини ошириш, энг муҳими, ҳуқуқбузарликларга қарши курашга ундаш зарур.
Зеро, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг “Замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, доимо эл юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган ёшларимиз бизнинг фахримиздир”, дея айтилган сўзлари бесамар кетмасин.
Азиз УМИРЗОҚОВ,
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши
“Камалак” болалар ташкилоти раиси.