Юртимиз равнақи, ёшларимиз келажагини, халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада юксалтириш борасидаги фикрлар МУРОЖААТНОМАда батафсил баён қилиб берилган. Айни кунларда ташкилотларда, туман маркази ва қишлоқларидаги аҳоли ўртасида ушбу мурожаатнома кўтаринки руҳда таҳлил қилинмоқда.
Халқимизнинг орзу-ҳаваси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ўз ифодасини топган. Бизнинг ёшлигимизда ўқитувчилар энг ҳурматли, маданиятли инсон сифатида халқ ўртасида обрўйи баланд бўлган. Кейинчалик дала ишлари сабабли ўқитувчиларни оддий бригада бошлиғи ҳам менсимай қўйган эди...
Биз ёшлигимизда талаба ҳам бўлганмиз. Студентликнинг “олтин даври”нинг ярмиси далаларда “оқ олтин” териш билан ўтиб кетарди. Институтни битираётганимизда ҳамкурсларимиздан бири:
-Энди бизга “агроном” деган диплом ҳам беришса керак, - деган эди ҳазил тариқасида.
Мен институтни битириб, 1968 йил октябрь ойидан 2011 йил июль ойигача таълим соҳасида фаолият кўрсатиб, ёшларга таълим-тарбия бериб, кўп ютуқларга эришдим, тўсиқлар ва қийинчиликларга дуч келдим, лекин чекинмадим. Шу давр ичида таълимда ислоҳотлар бўлди, ўқитувчиларга ҳукуматимиз томонидан ғамхўрликлар ҳам бўлди. Шуларга хурсанд бўлиб, юқори ташкилотларнинг ҳар қандай чақириқларига “лаббай” деб жавоб бериб, ҳар қандай об-ҳаво шароитида, жазирама иссиқ-ми, қаҳратон совуқ бўладими фарқи йўқ, ободонлаштириш ишларими, пахта чопиғи-ю теримими, кўча тозалашми, дарахт оқлашми, барчасига вақт, имконият ва куч топиб бажардик. Шу билан бирга асосий фаолиятимиз ўқувчи-ёшларга қанчалик қийин ва оғир бўлмасин, мавзуларни тиғизлаштириб ўтиб бўлса ҳам, билим беришдан тўхтамадик. Ана шу ишлардаги натижаларга қараб юқоридан мактаб жамоасига , раҳбарларига баҳо берилар эди...
Мурожаатномани мамнуният билан ўқиб чиқдим. Унинг моҳиятини болаларимга, невараларимга, атрофимиздаги одамларга тўлиб-тошиб гапириб бераяпман.
Мана ҳақиқат, мана ислоҳот, мана мактабларга, таълимга, ўқитувчига эътибор. Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан руҳланиб, ҳозирда фаровон замонда меҳнат қилаётган ўқитувчиларимизга ҳавасим келади...
Қанийди иложи бўлса, замонни ортга суриб, қайтадан ишласам, фарзандларимизга чуқур билим бериб, уларнинг замонамизнинг энг етук кадрлари бўлиб етишишига муносиб ҳиссақўшсам, - деб орзу қиламан. - Шунинг учун шогирдларимга, барча педагогларга Мурожаатномага жавобаншижоат билан меҳнат қилишга, иш фаолиятларини қайта кўриб чиқиб, ситқидилдан жўшиб меҳнат қилишга чақираман.
Тўйчибой ҒАФФОРОВ,
фахрий ўқитувчи.