Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган МУРОЖААТНОМАСИни чуқур ўргандим. Олий Мажлисга ва халқимизга йўлланаётган бу Мурожаатнома бошқа йиллардагидан фарқли равишда, мураккаб бир даврга тўғри келди. Мурожаатномада мамлакатимиз равнақи янада юксалиши, халқимизнинг турмуш фаравонлиги, яшаш даражаси бундан ҳам яхши бўлиши кераклиги ҳақида батафсил фикрлар билдирилган. Мурожаатномадан олган таассуротларимни ўғил-қизларимга, невараларимга ва яқин танишларимга мароқ билан гапириб бераяпман...
Ўтган 2020 йил бутун дунёни ларзага солди, ҳар бир инсонни чуқур ўйлантириб қўйди. Умуман, дунё мамлакатлари ва халқлари учун оғир келди. Коронавирус энг ривожланган давлатларни ҳам эсанкиратиб қўйди.
Шу жумладан, ривожланиш йўлидан одимлаётган мамлакатимиз ҳам бу оғир синовларни бошдан икечирди. Шукурки, халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати, аҳоли ва давлат органларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мавжуд қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтаяпмиз. Давлатимиз ва Президентимиз қабул қилган муҳим қарор ва фармонлари, мустақил юртимиз аҳолисига берилган имтиёзлар ва тезкор ёрдамлар туфайли мамлакатимиз иқтисодий жиҳатдан барқарорлигини сақлаб қолди.
Бу суръат янги 2021 йилда қандай кўринишда бўлади? Буюк халқимиз ва сиз-у бизни нималар кутиб турибди? Нималардан хурсанд бўламиз?
Бу вазифа ва қилинадиган ишлар 2020 йил 29 декабрь куни Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида барча соҳаларни қамраб олган ҳолда ёрқин намоён қилиб берилди. Эътиборли томони шундаки, мактаб ва мактабгача тарбияга катта аҳамият берилиб, 2 мингта боғча бўлиши, уларга 560 минг нафар 6 ёшли болаларнинг жалб қилиниши, узоқ қишлоқларда ҳам боғча бўлиши, 30 та янги мактаб қурилиши, 10 та Президент мактаби, 197 та ихтисослаштирилган мактаб бўлиши, 900 нафар чин етимлар уй-жой билан таъминланиши ва бошқа кўплаб ижтимоий-иқтисодий масалалар аниқ белгилаб берилган. Мана сизга ёш авлодга оталарча ғамхўрлик. Бу албатта, ҳар бир фуқарони қувонтиради.
Ўқитувчи-устозларга қилинаётган ғамхўрлик, бошқа туманга бориб ишласа 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа 100 фоиз устама ҳақ тўланиши қачон ва қаерда бўлган? Таълим-тарбияни яхшилаш учун синф раҳбарларига ойлик маошнинг 1,5 баравар оширилиши ўқитувчига бўлган ҳурмат-иззат эканлинги яққол намоён бўлмоқда. Кейинги йилдан бошлаб олий таълимга алоҳида эътибор берилиб, давлат гранти 25 фоизга етказилиши, қизлар учун 2 баравар давлат грантининг оширилиши, аъло баҳога ўқиган талабаларнинг 200 нафари Президент стипендиясига эга бўлиши ва 4 йил стипендия олиш ҳуқуқи ҳар бир ёшнинг таълим олишга иштиёқини оширади.
Ёшларга бундай ажойиб шароит яратилиши ҳеч бир замонда бўлмаган. Ёшларга, “мана сенга ўқиш шароити, мазза қилиб ўқигин”, дегим келади. Бу ғамхўрликнинг қадрига ҳар биримиз етишимиз керак. Ота-оналар бунинг моҳиятини чуқур билиши ва қадрлаши зарурлиги ҳаётий ҳақиқатдир.
Соғлиқни сақлаш ҳақидаги ғамхўрлик эса янада қувончлироқ. Чунки “қишлоқ шифокори” бўлиб ишлайдиган врачларга бир йўла 30 миллион сўмдан ёрдам ва уй берилиши ортида қандай ғамхўрлик бор эканлигини эътироф этмай бўладими? Касб-ҳунар ўрганишга берилаётган эътибор, оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер берилиши эҳтиёжимизни қондириш учун катта имконият эмасми? Умуман, барча соҳа ва жабҳаларда ўзгаришлар, қилинадиган ишлар халқ фаравонлиги учун эканлигини билишимиз ва қадрлашимиз керак. Ҳеч бир нарса ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Буларнинг барчаси самарали меҳнат ва тинчлик орқасидандир.
Давлатимиз ва Президентимиз халқимиз учун шунча ғамхўрликни белгилаган экан бунга ҳар биримиз ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз керак, - деб ўйлайман. Она Ватан, она замин - менинг яшаётган ерим, келажак авлодим учун яратаётган имконим, - деб билиш муқаддас бурчимиздир. Ҳар бир яхши ният келажак равнақи учун эканлигини қалбдан ҳис қилишимиз лозим, деб ҳисоблайман.
Бозорбой МАМАТОВ,
“Меҳнат фахрийси” нишони соҳиби.