Мен собиқ иттифоқ даврида 5-синф ўқувчиси эдим. Биз ўқувчилар ва ўқитувчиларимизни, ҳаммамизни пахта теримига олиб кетишди. Ленин номли колхозга етиб бордик. Ворошилов номли участкада пахта теришни бошладик. Ноябрь ойининг охирлари, декабрнинг бошланиши эди. Далада оппоқ қор, шунда ҳам ҳаммамиз пахта теришга тайёр бўлмасак-да, ўқитувчилар бизларни уришиб-койиб, теримни бошлашга ундашар эди. Участкада оппоқ қор, бизлар нима қилишни билмай турганимизда бригада бошлиғи бўлса керак, бир нечта арқон олиб келиб, бизларга икки бола арқонни ушлашни ва жўяк бўйлаб юришимизни тушунтирди. Шундан кейин икки бола арқонни икки бошидан ушлаб, юришни бошлади. Биз эса шу арқоннинг орқасидан юриб, “пахта териш”ни бошладик. 1 килограмм пахта теришга уч тийин берарди ўшанда. Ана шундай вақтларни бошимиздан ўтказганмиз.
Азизлар, мана Мустақиллик шарофатини кўриб жуда хурсандмиз ҳамда невараларимизга бошимиздан ўтган воқеаларни айтсак ишонишмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш, халқ билан мулоқот қилишни ўз вақтида ва жуда яхши йўлга қўйди. Биз иттифоқ даврида битта иморатни қуриш учун Москвага бориб тасдиқлатиб келишимиз зарур эди. Шукурки, ҳозир бундай ташвишлардан қутулганмиз, нимани хоҳласак шуни қилишга қодирмиз, ҳаммаси ўзимизнинг ихтиёримизда.
Яна шуниси эътиборга лойиқки, ўзимизни тадбиркорликка кенг жалб этиш ҳамда етиштирган маҳсулотларни экспортга тайёрлаш, уни валютага пуллаш ҳам ўз ихтиёримизда.
Мен эски тузумдаги, яъни Совет Армияси ҳақида шуни биламанки, ўша даврда Ўзбекистондан ҳар йили 200 минг атрофида йигитларимиз армияга кетар эди. Шулардан 8-10 фоизи ҳақиқий аскар бўларди. Собиқ Иттифоқ даврида ёшларимизнинг 90-92 фоизи қурулиш батальонларида хизмат қиларди. Энди эса бизнинг армиямиз ҳақиқий армия эканлигини жаҳон тан олмоқда.
Албатта, ҳар соҳада ривожланишда бошлиқлар сабабчи бўлиши муқаррар. Мен масалан, собиқ иттифоқ даврида ишлаганман ва унинг “мева”сини татиб кўрганман. Бир кунда 10 соатлаб ишлаб, 70 сўм ойлик олганмиз. Энди ҳамма нарса қўлимизда, яхши меҳнат қилсак миллионлаб пул топамиз, фақат ҳаммани тўғри меҳнат қилишга ўргатишимиз керак.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимизни янада ривожлантириш, халқимиз турмушини янада яхшилаш бўйича янги вазифалар аниқ белгилаб берилди. Бу вазифаларни амалга оширишда биз кексалар ҳам камарбаста бўламиз. Зеро, мақсадимиз барчага яхшилик қилиш, ёшларни эзгуликка ундаш, шу орқали элимиз ва юртимизнинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшишдир.
Жуман ШЕРМАТОВ,
“Меҳржон” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг
Кексалар ва нуронийлар ишлари бўйича ўринбосари.