Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли Фармонига мувофиқ қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича “Ҳаракатлар стратегияси”нинг тўртинчи йўналиши айнан ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган. Унга кўра мамлакатимиз аҳолисининг реал пул даромадларини ва харид қобилиятини ошириш, кам таъминланган оилалар сонини ва аҳолининг даромадлари бўйича фарқланиш даражасини янада камайтириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳолининг, энг аввало, ўрта махсус ва олий ўқув муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш, меҳнат бозори мутаносиблигини ва инфратузилмаси ривожланишини таъминлаш, ишсизлик даражасини камайтириш масалалари қўйилган. Шунингдек, меҳнатга лаёқатли аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллигини тўлиқ амалга ошириш учун шароитлар яратиш, ишчи кучи сифатини яхшилаш, ишга муҳтож шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини кенгайтириш масалалари ҳам белгилаб қўйилган. Ҳозирги кунда бу борада салмоқли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
“Ҳаракатлар стратегияси” орқали биз юртимизда инсон манфаатлари учун, уларнинг муносиб турмуш шароитларига эга бўлган ҳолда ҳаёт кечиришлари учун нечоғлик улкан ишлар амалга оширилаётганлигини кўришимиз ва бевосита гувоҳи бўлишимиз мумкин. Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз тараққиётига дахлдор бўлган яна бир муҳим ҳужжатга имзо чекди. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги Қарор ўз вақтида қабул қилинганлиги билан катта аҳамиятга эга.
Жойларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, шу орқали янги иш ўринлари яратиш, ўз меҳнати билан даромад топиш истагида бўлган фуқароларга амалий ёрдамлар кўрсатиш, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ишларини талаб даражасида ташкил этиш Қарорнинг асосий мақсади ҳисобланади. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш учун ишчи гуруҳлар тузиш ва уларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш эса асосий вазифалари саналади. Шу асосда аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш, аҳолига тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш ва тегишли фаолият турини ташкил қилишга амалий ёрдам кўрсатишга эътибор кучайтирилмоқда. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтиришга амалий ёрдам бериш орқали қўшимча иш ўринлари яратиш, касаначилик ва кичик ҳажмда ишлаб чиқарувчи субъектларни (микрофирмаларни) ташкил этиш учун молиявий ёрдам бериш орқали аҳолига қўшимча даромад ишлаб топиш имкониятини яратиш ҳам асосий вазифалар сирасига киради.
Қишлоқ ва маҳаллаларнинг ихтисослашувини ҳисобга олиб, мазкур соҳада ижобий натижаларга эришган тадбиркорларни маҳаллаларда янги бизнес фаолияти билан шуғулланишни бошлаган оилаларга бириктириш – мини-кластерлар ташкил этиш, тадбиркор оилаларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари савдосини ташкил қилувчи бозор инфратузилмаси объектлари, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаларини барпо қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда бўш турган ер майдонларини янги ташкил этилаётган оилавий тадбиркорлик субъектларига бериш муҳим вазифалар сирасига киради. Вақтинчалик молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ҳамда давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритаётган тадбиркорларни аниқлаб, улар фаолиятини тиклаш ва қонунийлаштириш каби масалалар ҳам диққат марказида. Буларнинг барчаси умумий мақсад – тадбиркорликни янада ривожлантириш, шу орқали аҳолини иш билан таъминлаш ва жамият равнақи, иқтисодиётимиз ривожига эришишдир.
Зоҳир МЕЛИБОЕВ,
туман адлия бўлими бош мутахассиси.