Улуғбек МФЙ ҳудудидаги Самарқанд кўчаси, 31-”а” уйда яшовчи фуқаро Рахматилла Маҳрамов қонунга итоат қилмай ўзига жабр қилди.
Дастлаб спиртли ичимлик орқасида жиноятга қўл уриб, жиноят ишлари бўйича Самарқанд туман суди ҳукмига кўра унга Ўзбекистон Республикаси ЖК 104-моддаси 3-қисмининг “д” банди билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди. Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг ажримига кўра Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 74-моддасига асосан ўталмай қолган 5 йил 3 ой 25 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилди. 2011 йил 13 январда жиноят ишлари бўйича Булунғур туман судининг ажримига кўра ўталмай қолган 3 йил 6 ой 15 кунлик ахлоқ тузатиш ишлари жазо муддати шартли озодликдан маҳрум қилишга алмаштирилган эди..
2018 йил 5 апрелда жиноят ишлари бўйича Булунғур туман суди Р. Маҳрамовга тегишли жиноий ҳаракатлари учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 131-моддаси 2-қисми билан 1 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлаган. Унга жазо ўташ тартиби ва шартлари, мажбуриятларга амал қилиш тартиблари тушунтирилган эди.
Р. Маҳрамов белгиланган тартибларга риоя этмади. Яъни алькогол ичимликлар ичиши чекланганлигига қарамасдан 2018 йил 25 апрелда тиббий кўрикдан ўтказилганида мастлик ҳолати аниқланди. Унга нисбатан Ўз.Р ЖК 44-моддасига асосан “огоҳлантириш” интизомий жазоси қўлланилган. Маҳкум жазони ўташдан қасддан бўйин товлашини давом эттириб, алькоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик ҳақидаги тақиқни бажармасдан юрганлиги учун судининг 2018 йил 05 апрел кунги ҳукми ижросиз қолаверди. Маҳкум Р. Маҳрамов келгусида яна шунга ўхшаш жиноятлар содир қилиши мумкин.
Ўз.Р ЖКнинг 48 ”1”-моддасига асосан маҳкум Р. Маҳрамов ўтаган жазо муддати 1 ой икки кун бўлиб, ўталмай қолган 10 ой 28 кунлик озодликдан чеклаш жазосини бошқа оғирроқ жазо турига алмаштириш масаласини кўриб чиқиш учун тегишли ҳужжатлар яна судга юборилди.
Суд уни 10 ой, 12 кунга озодликдан маҳрум қилиб қамоққа олди.
Хуршид ЖЎРАЕВ,
туман прокурори катта ёрдамчиси.
Раббим ҲОТАМОВ.
“Булунғур ҳаёти” мухбири.