Ойнаи жаҳон борки, унинг қайси муруватини бурасангиз, экранингизда сериал пайдо бўлади.
Камина сериаллар ишқибози эмас. Шунинг учун бу мавзудаги фикрларимни “чуқурроқ” жойдан бошламоқчиман. “Сериал” сўзининг маъноси аслида қадимий лотинча, бугунги инглизча сўз бўлиб “давомийлик” деган маънони англатар экан. Она тилимизнинг “Изоҳли луғат”и III-жилдида: “Кўп серияли, кўп қисмли, давомли фильм (кўпинча унча талабчан бўлмаган томошабинларга мўлжалланади, шунинг учун бадиий жиҳати пастроқ бўлади)”, дея изоҳ берилади.
Энди, ўйлаб кўринг, талабчан бўлмаган томошабин ким, бадиий жиҳати пастроқлиги нима билан изоҳланади, деган савол туғилади. Ўйлаб кўрганмисиз, 50-60 қисмдан иборат сериалнинг бошидан-охиригача кўриб, барча воқеа-ҳодисаларни кўз олдингизда гавдалантира оласизми? Агар, изоҳли луғатимиздаги “сериал”га изоҳ-тушунча шундай бўлса, сериалнинг кимга кераги бор?
Яқинда танишларимиздан бири маъракада ўтирганимизда “ҳозир сериал бошланади”, дея ўтирган жойини тарк этди. Нима мақсадда сериал пайтида бу маъракага келганлиги сабаби негадир тушунарсиз ҳолдир.
Сериаллар ҳақида гапириш, ҳар битта киноасар ҳақида фикр билдириш мавриди эмас, деб ўйлайман. Лекин, нега ўз вақтида экранларимиздан ўрин олган фильмларимиз - “Тоҳир ва Зуҳра”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Суюнчи”, “Ёр-ёр”, “Ўткан кунлар”каби миллий фильмларимиздан ўрин олган ўзига хос ибора ва атамаларимиз негадир бугун адабий тилимиздан четга суриб қўймоқдамиз.
Ўзбек киночилигида илгари ҳам бугун эътиборимизда турган бир қатор “видеофильм”, деб аталмиш телетасвирий асарлар мавжуд. Масалан, ўтган асрнинг саксонинчи йилларида яратилган “Гирдоб”, “Диёнат”, “Бобур” каби видеофильмлар ҳамон ўрта ва кекса авлод вакиллари эътиборидан четда қолгани йўқ. Нега уларни қайта намойиш этиш мумкин эмас? Тўғри, “ретро” усули ва услуби асосида жуда кўплаб “аввалги” фильмларимиз намойиш этилмоқда.
Фильмларимизда биринчи галда маданий, маънавий, энг муҳими, тарихий муаммоларимиз ўз ифодасини топиши керак. Бугунги муаммоларимиз нималардан иборат? Бу - ишсизлик, маънавий қашшоқлик, ўзлигини таниёлмаслик муаммосидир! Ишсизлик - бутун дунё бошига тушган муаммо. Демак, бундан ҳеч бир миллатдошимиз ёки ўзбекистонлик фуқаро ўзини четга ололмайди! Маънавий қашшоқлик эса ишсизлик ва ғарибликни келтириб чиқарадиган инсоний тушунчадир!
Мамлакатимиз раҳбари юртимиздаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг бир қатор йўл-йўриқларини - қонуний йўналишларини ўз имзоси билан тасдиқланган бир қатор юридик ҳужжатларда кўрсатиб берди. Негадир, Раҳбаримизнинг йўл-йўриқлари айримларга тушунарли эмасдек туюлади, кишига. Фарғона вилоятининг Сўх, Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманлари билан боғлиқ ижтимоий муаммолар бугунги кунда умумдавлат миқёсидаги муаммо сифатида ҳал этилмоқда. Унинг ижросини бутун мамлакат кўриб-билиб турибди. Нега мана шу муаммоларни “сериалшунос” киночиларимиз экранларга чиқаришни хоҳлашмайди?
Аслида, мавзунинг асосий мақсади сериалларга қаратилган эди. Бугунги сериаллар ўзининг мақсад ва моҳияти билан жиддий, ўйловчан, мулоҳазали томошабинлар талабига жавоб беради, деб ўйлайсизми? Биринчидан, жиддий томошабин ҳеч қачон 50-60 қисмдан иборат сериални ҳар куни кузатиб бормайди! Бундан ташқари, илгаригидек 3-4 қисмлик сериал яратишни йўлга қўйишни таклиф этган бўлар эдим. Ана шунда, кечаги сериалдаги воқеалар бугунги сериал томошабини хаёлидан кўтарилиб кетмаган бўлар эди! Қисқа серияли фильмлар намойишини йўлга қўйишимиз керак. Узоқ давом этадиган сериаллар эса ҳеч бир томошабин диди ва талабига мос эмас! Бундай фильмлар фақат бекорчилар учун яратилиши ва намойиш этилиши мумкин.
Сериалларимизда сиз ва бизнинг эътиборимизга ҳавола этилаётган мавзу ҳам ҳаммамизни ўйлантириши керак! Нега, саёқ аёл, тарбияси бўшашиб кетган қиз ҳаёти бундай кинокартиналардан ўрин олиши керак? Ҳолбуки, енгилоёқлик, тарбияси суст бўлган ёшлар, айрим эркакларнинг ҳаёти билан боғлиқ ҳаётий лавҳалар ҳеч қачон миллий киномизнинг юзи - йўналишини белгиламаслиги керак.
Қувондиқ ХАЛИЛОВ.