Муҳтарам Юртбошимизнинг 2020 йил 24 январь куни Парламентга йўллаган Мурожаатида бугунги кунда ислоҳотларимизнинг самараси кўп жиҳатдан 4 та муҳим омилга – яъни, қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институтционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқ эканлигини таъкидладилар.
Тараққиёт стратегиясида суднинг ҳақиқий мустақиллиги таъминланишига эътибор қаратилган бўлса, бу мақсадни рўёбга чиқаришда мазкур фармон муҳим ҳуқуқий замин яратди. Айниқса, мазкур ҳужжатда мамлакатимизда ягона суд амалиётини шакллантириш масаласи қўйилгани оқилона иш бўлди. Зеро, юқорида қайд этилганидек, одил судловнинг олий нуқтаси суд экан, унинг ягона бўлиши мантиқан тўғри. Шу жиҳатдан давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди.
2020 йилнинг 9 ойи давомида Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, шу вақт давомида одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат ва қонун устиворлигини таъминлаш борасида 1686 та фуқаролик ишлари кўриб чиқилди. Шундан 1337 та даъволар қаноатлантирилди. 218 та даъволар эса рад қилинган. Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судида айни пайтгача 435 та аризалар бўйича суд буйруқлари чиқарилган бўлиб, шундан 299 таси вояга етмаганларга алимент ундириш масаласи эди. 40 та солиқ қарздорлигини ундириш, 3 та электр энергиясидан фойдаланганлик натижасида вужудга келган қарздорлик билан боғлиқ ишларни ташкил этади.
Шунингдек, никоҳдан ажратиш билан боғлиқ даъволар бўйича кўрилган ишлар сони 425 тани ташкил қилган бўлса, никоҳдан ажратилган оилалар, яъни даъво қаноатлантирилган талаблар сони 231 тани ташкил қилган. Ушбу даъво аризаларида асос бўлмаганлиги сабабли 231 та даъво аризаси рад этилган. Судда ярашганлар сони эса 14 тани ташкил қилмоқда.
Мисол учун даъвогар Дадилова Лаззат Абдралиевнанинг жавобгар Дадилов Анвар Омоновичга нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво талаби бўйича тарафлар 8 йилдан ортиқ вақт мобайнида бирга яшамаётганликлари, тарафларнинг ҳар иккаласи ҳам шаърий никоҳ асосида бошқа бошқа оила қуриб фарзандли бўлиб кетганликлари сабабли 2020 йил 10 август куни даъво қаноатлантирилиб, тарафлар қонуний никоҳдан ажратилган. Ёки, даъвогар Сайфиддинова Мунаввар Сайфиддин қизининг жавобгар Бобомуродов Мақсуджон Бердимуродовичга нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризаси бўйича тарафлар ўзаро тушунмовчиликлар туфайли келиша олмаётганликлари, оилада юзага келган келишмовчиликлар эса вақтинча ва ўткинчи эканлиги, уларнинг ажралишлари учун жиддий сабаблар йўқлиги аниқланди. Даъвогарнинг келтирган сабаблари никоҳдан ажратиш учун етарли асос бўла олмаслиги туфайли 2020 йил 5 август куни ушбу даъво талабини қаноатлантириш рад этилди ҳамда улар тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинди.
Умумий қилиб айтганда, жорий йилнинг 9 ойи давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан оилаларнинг ажралиш сони 152 тага камайди.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонларини қайтариш ва ноқонуний қурилган қурилмаларни буздириш билан боғлиқ Булунғур тумани бўйича жами 183 та ишлар кўрилган. Шундан 170 та даъволар қаноатлантирилган. Ёки 14 гектар ер майдонларини туман ҳокимлиги заҳирасига олиб, фермер хўжаликларига қайтариш белгиланди.
Туманлараро суд томонидан ўтказилган тадбирлар ва умумлаштиришлар бўйича киритилган тақдимномалар натижасида процессуал қонун нормаларини қўллаш амалиёти бўйича ҳам ижобий натижаларга эришилди. 2020 йилнинг 9 ойи давомида давлат фойдасига дастлабки ундирилган давлат божлари 335. 996. 877 сўмни ташкил қилган бўлса, суд ҳал қилув қарорлари билан 658. 961. 483 сўм ундириш белгиланган. Жами кўриб тамомлаган 1686 та фуқаролик ишларидан 592 таси ёки 35,1 фоизи “Сайёр суд” мажлисларида кўрилган.
Таҳлилларимиз шун кўрсатмоқдаки, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан никоҳдан ажратиш ишлари нисбатан камайган. Уй-жой ва ер низолари билан боғлиқ ишларнинг ҳам камайганлигини кўришимиз мумкин. Бу шундан далолат берадики, туманда маҳалла фуқаролар йиғинларининг аҳоли билан ишлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар бир мунча яхшиланган. Эндиликда туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан ҳар бир оилани таҳлил қилиб, уларнинг никоҳдан ажралишига олиб келган омилларини аниқлаб, келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.
Фуқароларимизнинг асосан яшаш учун зарур бўлган иш ва оилани моддий таъминотига яраша иш ҳақи ёки аниқ иш билан банд бўлиши оиланинг тўла тўкис, тинч ва тотув яшашига асос бўла олади. Иқтисодий, моддий шарт-шароитлар билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан келиб чиқаётган муаммолар ҳам оилаларнинг ажралиб кетишларига сабабчи бўлмоқда. Бу борада ҳокимият, меҳнат биржаси, жамоатчилик, маҳалла фуқаролар йиғинлари раҳбарлари томонидан ушбу муаммога оид жиддий ташкилий ишлар амалга оширилиши керак, деб ўйлайман.
Х.ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Фуқаролик ишлари бўйича
Жомбой туманлараро суди раиси.