Яқинда Тошкент шаҳрида суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда давлатмиз раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, маъруза қилдилар.
Давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегиясида қонун устиворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича белгиланган вазифалар моҳият-эътибори билан суд-ҳуқуқ соҳасини бутунлай янги босқичга олиб чиқиб, провардида инсон ҳуқуқ ва манфаатлари тўлақонли ва самарали таъминланишига кенг имкониятлар яратди.
Тараққиёт стратегиясида суднинг ҳақиқий мустақиллиги таъминланишига эътибор қаратилган бўлса, бу мақсадни рўёбга чиқаришда мазкур фармон муҳим ҳуқуқий замин яратди. Айниқса, мазкур ҳужжатда мамлакатимизда ягона суд амалиётини шакллантириш масаласи қўйилгани оқилона иш бўлди. Зеро, юқорида қайд этилганидек, одил судловнинг олий нуқтаси суд экан, унинг ягона бўлиши мантиқан тўғри. Шу жиҳатдан давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди.
Шу пайтга қадар суд ҳокимиятининг икки олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг мавжудлиги суд тизимини бошқариш вазифаларининг такрорланишига, ягона суд амалиёти таъминланмаслигига олиб келинаётган эди. Ҳарбий суд судьяларининг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига киритилганлиги Адлия органлари томонидан умумий юристликция судлари фаолиятини моддий-техник жиҳатидан ва молиявий таъминлаш тартиби суд ҳокимиятининг мустақиллиги тамойилига мувофиқ келмаётган эди.
Фармонга мувофиқ 2017 йил 1 июндан суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди. Бу мазкур ҳужжатнинг энг аҳамиятли жиҳатларидан бири бўлиб, Олий суд ва Олий хўжалик судининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий судлари иш юритувчи ягона судга бирлаштиришида акс этди. Бу ўз навбатида ўзгариш оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган янги суд тизимининг шакллантирилишида алоҳида аҳамият касб этади.
Илк маротаба давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини амалга оширишни таъминлашга хизмат қиладиган Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судья ҳайъати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туман, шаҳар маъмурий судлари ташкил этилди.
Ҳозирги кунга қадар давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятларни кўриб чиқиш фуқаролик ва хўжалик процессуал кодексларига мувофиқ фуқаролик ишлари бўйича судлар ва хўжалик судлари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисида кодексга мувофиқ жиноят ишлари бўйича судлар томонидан амалга оширилаётган эди. Эндиликда ушбу тоифадаги ишлар янги ташкил этилаётган маъмурий судлар томонидан кўрилади.
Давлатимиз раҳбари ўзининг “Қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш – барча эзгу мақсадларимизга эришишнинг энг муҳим шарти” номли маърузаларида соҳада босқичма-босқич ва изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган натижалар билан бирга, бу борада ҳали ўз ечимини топмаган камчиликлар ва муаммоларнинг ҳам мавжудлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Маърузада муҳим бир фикр илгари сурилиб, ҳар бир судья аҳоли билан жойларда бир ойда камида бир марта очиқ мулоқотлар ташкил этиши, судья лавозимида фаолият кўрсатаётган суд ходимлари ўз иш жараёнлари юзасидан халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида ахборот бериб боришлари тўғрисидаги таклифларини бердилар ва бу таклифлар йиғилиш иштирокчилари томонидан тўлиқ маъқулланди.
Булунғур туман Маъмурий суди томонидан ҳам жорий йилнинг 9 ойи давомида маълум ишлар қилинди. Маълумки, Маъмурий суд давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, шунингдек, улар мансабдор шахсларнинг ҳатти-ҳаракатлари қарорлари устидан берилган, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган шикоят ва аризалар бўйича маъмурий низоларни, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларини ваколат доирасида кўриб чиқади. Муқаддам давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ҳамда қарорлари устидан берилган шикоят ва аризалар тегишлича фуқаролик ва хўжалик судлари томонидан кўрилар эди.
Туман Маъмурий суди томонидан 2020 йил 9 ойлик давомида жами 1939 нафар шахсга нисбатан 1280 та маъмурий ишлар мазмунан кўриб чиқилди. 1024 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазолар тайинланди. Шунингдек, 915 нафар шахсга 485 та маъмурий ишлар қонунда белгиланган тартибда ҳаракатдан тўхтатилган бўлса, шундан 792 нафар шахсга нисбатан ишлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-моддасига асосан огоҳлантириш берилди. 5 нафар шахсга нисбатан эса ҳуқуқбузарлик аломати бўлмаганлиги сабабли, 49 нафар шахсга нисбатан жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги сабабли, 10 нафар шахсга нисбатан оқибат бартараф этилганлиги сабабли, 57 нафар шахсга нисбатан ишлар зарар қопланганлиги сабабли маъмурий ишлар ҳаракатидан тугатилди. Бундан ташқари 1 нафар шахсга нисбатан 1 та маъмурий иш тегишли моддалар асосида прокурорга, 72 нафар шахсга нисбатан 35 та маъмурий ишлар қўшимча суриштирув учун тегишли органларга юборилди.
Туман маъмурий судига 2020 йил 9 ойи давомида давлат органларининг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларини, шунингдек, мансабдор шахсларнинг ҳатти-ҳаракатлари қарорлар устидан берилган, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган шикоят ва аризалар бўйича жами 33 та маъмурий ишлар келиб тушган. Шундан 10 та маъмурий иш бўйича аризалар қаноатлантирилган. 16 та маъмурий ишлар бўйича аризалар рад қилинган, 5 та иш юритишдан тугатилган, 2 та иш кўрмасдан қолдирилган. Ушбу маъмурий ишларнинг 24 таси жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузувчи ҳатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан берилган шикоятлар, 8 таси Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Булунғур туман бўлими органининг ҳаракатларини бажаришни рад этганлиги ёхуд уларни нотўғри бажарганлиги, 1 нафари эса мажбурий ижро бюроси Булунғур туман бўлимининг ҳаракати устидан берилган шикоятларини ташкил этади.
Булунғур туман Маъмурий суди томонидан 2020 йил 9 ойи давомида 10 маротаба аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилган бўлиб, шундан 6 маротаба маҳалла фуқаролар йиғинларида, 4 маротаба ўқув муассаса биноларида жами 75 нафардан зиёдроқ иштирокчилар ўртасида йиғилишлар ўтказилди. Бу тарғибот тадбирларда суд- ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг оқибатлари юзасидан жамоатчилик вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари иштирокида давра суҳбатлари ўтказилиб, тегишлича тушунтиришлар берилди.
Туман ҳудудида кейинги вақтларда шахснинг шаъни ва қад-қимматини камситувчи сўзлар билан ҳақорат қилиш, енгил тан жароҳати етказиш, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар содир этилаётган ҳудудлар аниқланиб олинди. Улар кесимида ушбу жойларда “Сайёр суд” мажлислари ўтказилиб, мазкур турдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, келгусида чора-тадбирлар белгилаш тўғрисида маҳалла фаоллари ва жамоатчилик ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилишини кучайтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ёшларнинг турли хил ёт ғояларга эргашмаслик, оммавий маданият таъсирига тушиб қолмасликлари, шунингдек, аёллар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилаётганлиги юзасидан ҳам аҳоли ўртасида кенг муҳоқама қилинмоқда. Бундай ишлардан келиб чиқадиган салбий ҳолатларга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш келгусида бу каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиши юзасидан давра суҳбатлари ўтказишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.
Шерзод ТЎХТАЕВ,
Булунғур тумани Маъмурий суди раиси.