Оловни бежиз “тилсиз ёв” дейишмайди. Чунки, ёнғин деярли ҳар доим кутилмаганда юз беради ва катта талафот етказади. Ўтказилаётган ёнғинга қарши курашиш профилактикасига оид тадбирлар аҳолининг ушбу хатардан огоҳлигини оширишга хизмат қилмоқда. Туманимизда профилактик тадбирлар уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда.
Содир бўлган ёнғинларнинг қарийб 80 фоизи аҳоли яшаш хонадонларига тўғри келмоқда. Бу одамларнинг ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслиги, эҳтиётсизлиги ва баъзан эътиборсизлигидан далолатдир.
Профилактик тадбирларда Фавқулодда ёнғинга қарши курашиш жамияти ходимлари томонидан ёнғинлар келиб чиқишининг сабаблари, ёнғин рўй берганда тўғри ҳаракатланиш қоидалари, доимо огоҳ ва эътиборли бўлиш зарурлиги, ис газидан сақланишлари борасида атрофлича маълумот ва тушунчалар берилиб, қатор корхона ва ташкилотларда хавфсизлик чоралари бўйича ўқув машғулотлари ўтказмоқда.
Навбатдаги профилактик тадбир давомида туманимиздаги Гулзор ва Зарафшон маҳаллаларидаги 1200 та хонадоннинг ёнғинга қарши ҳолати ўрганилди. Ўрганишлар давомида 554 та камчилик аниқланиб, уларнинг 350 таси шу жойнинг ўзида бартараф этилди.
Дарҳақиқат, ёнғинни ўчиргандан кўра унинг олдини олган афзал. Зеро, “тилсиз ёв”га қарши курашиш учун ҳамиша ва ҳар жойда огоҳ ва ҳушёр бўлишимиз лозим.
Муҳаммадбобур ЎРAЗAЛИЕВ,
туман Фавқулодда ёнғинга қарши курашиш жамияти раҳбари.