3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни, деб белгиланган. Ушбу куннинг нишонланишидан асосий мақсад бутун дунёда амалга оширилаётган дастур ва лойиҳаларда ногиронлиги бўлган шахслар бошқа соғлом кишилар билан тенг ҳуқуқлилиги, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олиниши, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборат. Мамлакатимизда ҳам улар жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси саналиб, манфаатлари ҳимоя қилинади. Бу борада бир қанча ҳукумат қарорлари ҳам амалиётга жорий этилган
Унга кўра ногиронлиги бўлган шахсларга қулайликлар яратиш учун жамоат транспортини пандуслар, алоҳида жойлар билан, бекатлар ва маршрутларни эшиттирувчи, электрон маълумотлар таблолари каби махсус воситалар билан жиҳозлаш, улардан эркин фойдаланишни босқичма-босқич таъминлаш, жойларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимояси ва мослашуви самарадорлигини оширишга оид бир қанча чора-тадбирлар ҳам белгилаб олинган
Туман прокуратураси ходимлари ҳам ҳокимият, “Нуроний” жамғармаси, Ёшлар иттифоқи билан биргаликда тумандаги барча ногиронларнинг ҳолидан хабар олиб, уларга ижтимоий кўмак ҳам бериб келишмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири сифатида яқинда турли маҳаллаларда истиқомат қилувчи 21 нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар эшитиш мосламаси, қўлтиқ таёқ ва ҳассалар билан таъминланди. Шунингдек, “Гулистон” ва “Навбаҳор” маҳаллаларида истиқомат қилувчи Ю. Исақова, А. Муҳаммадиев ва О. Турсунбоеваларга ногиронлик аравачалари совға қилинди.
Равшан БАҲРИДДИНОВ,
туман прокурори ёрдамчиси.