Ҳар қандай бадиий асар қаҳрамонлари ўз-ўзидан ўйлаб топилмайди. Мисол учун О.Ёқубовнинг “Музқаймоқ” ҳикояси автобиографик характерга эга. Яъни, ёзувчи ёшлигида бошидан кечирган воқеаларни бу асар орқали бир-бир эслаб ёдга олади. Худди шундай асарлардан яна бири А.Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар” қиссасидир. Ёзувчи ўз ҳаётида бўлиб ўтган воқеаларни баён қилиш орқали китобхонга сезиларли таъсир ўтказади. Ёки Ғ.Ғуломнинг “Менинг ўғригина болам” ҳикояси билан танишиб чиққан киши ёзилган ҳар бир асарларнинг яратилишига нимадир сабаб бўлганига ишонч ҳосил қилади. Фикримни давом эттириб шуни айтмоқчиманки, бадиий жиҳатдан етук, тили равон, тоза, прогрессив асар деб топилган “Ўткан кунлар” романи тарихи барчамизни қизиқтирмай қолмаса керак.
Асар 1933 йилда Боку шаҳрида лотин алифбосида, 1958 йилда Тошкентда қайта нашр қилинди. Ўша йили ёзувчи Л.Баът ва В.Смирновалар томонидан рус тилига таржима қилинганидан сўнг ёзувчини китобхонлардан келаётган хатлар ўз қучоғига олди. Мана шундай хатлардан бирида:
-Китобингизнинг муқаддимасида ўзингизнинг ҳам тажрибасизлигингизни айтиб узр сўрайсиз, камтарлик қиласиз... Эҳтимол, сиз йигирманчи йилларда ўз истеъдод кучингизга ишонмай қарагандирсиз? Бироқ униг ўша пайтлардаёқ кучлилигини сезасан, қадрлайсан киши. Мен ёзувчига биринчи марта хат ёзишим. Бинобарин, эҳтимол кучли ёзувчисиз, мени тушунасиз. Мен сиз яратган қаҳрамонларни сиз севган каби (бунга ишончим комил. Чунки ҳар бир етук, чиройли образ муаллифнинг қаҳрамонга бўлган муносабатидан келиб чиқади) севиб қолдим. Кўпдан-кўп раҳмат. Билсангиз эди, менинг севгилим Отабек ҳақида яна бирон асар ёзиб беришингизни қандай истайман...
Сизга ҳурмат-эҳтиром билан Люда.
Худди шу каби кўплаб ўқувчиларни ўзига ром қила олган асар қаҳрамонлари ҳақида Ҳ.Қодирийнинг “Отам ҳақида” асарида қимматли маълумотларни келтириб ўтади. Жумладан, асарнинг бош қаҳрамони бўлмиш Отабекнинг падари бузруквори Юсуфбек ҳожининг:
Eримиз этагидаги “Чақар ариғи” билан “Бўзсув”нинг қуйилиш ерида, жарликда Усмонбой деган кишининг тегирмони бўлиб, дадам ана шу тегирмонга ҳам тушиб вақт ўтказар эди. Усмонбой анча кексайиб қолган, озғин нуроний юз, оппоқ соч-соқоли, оғир ва мулойим табиатли, оқ салла ўраб, чивиқ беқасам тўн кийиб, ола отга миниб юрар эди.
Усмонбойнинг юриш-туриши, кийиниши, гап-сўзи, қиёфаси қисман Юсуфбек ҳожи образида акс этгандай...
Бундан ташқари, Ҳ. Қодирий асарнинг яна бир жойида Юсуфбек ҳожи образига ўхшаб кетадиган яна бир киши Алижон домла ҳақида ҳам маълумот келтириб ўтади.
Агар А. Қодирий умрида бир кишини ҳурмат қилган деб фараз қилсак (албатта, ота-она бундан мустасно) Алижон домла деса муболаға бўлмас... Бу киши Эшонгузар маҳалласида яшовчи А. Қодирийнинг домласи.
“Муаллиф албатта, Юсуфбекни сиёсий арбоб, маълум табақанинг вакили қилиб тасвирлайди. Алижон домлада гарчи бу томонлар кўринмасада, хар ҳолда бошқа жиҳатлари назаримда, руҳан ва жисмонан Юсуфбек ҳожига тимсолдекдир. Ҳ. Қодирий асарида қўшниси Мирсобир бойвачча ҳақида ҳам маълумот келтиради ва унинг ички дунёси (кўпхотинлиги ва хотинларига золимлиги) “Ўткан кунлар”даги Ҳамид сиймосига ўхшаб кетса ҳам ташқи сиймоси (ҳусн, кийиниш ва кўча бошидан от ўйнатиб келиши) мен тасаввур қилган Отабекни эслатади, деб таъкидлайди муаллиф. А.Қодирийнинг дўстларидан бири бўлган Бўйрачи ҳожининг тус ва табиатини Ҳасанали образига ўхшатади.
Асарда биз Қодирийнинг аёллар образига алоҳида тўхталганига ишонч ҳосил қиламиз. Ёзувчи асарда Ўзбек ойим образини Хосият бибидан олгани ҳақида Ҳ. Қодирийнинг “Отам ҳақида” асарида келтирилган маълумотдан билишимиз мумкин. “Хосият биби думбул табиатли, гапдон, шахтсўз, бир уй хотинни ўз оғзига қаратиб ўтирувчи, унча-мунчани писанд қилмовчи оми бўлса ҳам, доноликда ўзини юқори тутувчи, қизиқ феълли аёл эдилар. Офтоб ойим образини Хоним бибидан олган. Хоним бибим – ойимнинг онаси, ўрта бўй, чиройли оқ юзли, юмшоқ табиат, майин сўзли, мулоҳазали аёл эдилар.
Ўзбек қизларига намунавий тимсол бўла оладиган Кумуш исми ҳам, образи ҳам Қодирийнинг қизи Ойкумушни эслатади. Хусусан бу ҳақда Ҳ. Қодирий:
Ойкумуш опам – қўнғироқдек товушли, ақл идрок, ҳуснда ҳақиқатдан Кумушни эслатувчи эди.
Дадамнинг ҳикоя қилишларича, гўё Қодир бобом бир вақтлар қозоқ овулида қимизхўрликка бориб, Ойкумуш исмли сулув бир қозоқ келинчаги қўлидан қимиз ичган ва бу исмни севиб набираларига қўйган эмишлар. Дадам эса мазкур Кумуш исмини шундан олган эканлар.
“Қодирий аёллар образини, хусусан ўз оиласидан, яқинларидан олган, ўрганган” деб мулоҳаза юритишнинг яна бир сабаби шундаки, у чоғларда аёллар ичкарида яшар, ҳамма аёлларни ҳам кўриш, кузатиш имконсиз эди.
Биз яшаётган даврда ҳам шу ва шунга ўхшаш характерлар, образлар учраши мумкин, аммо уларнинг айнан ўзи эмас. Бунга сабаб, асарларда образлар, характерлари умумлаштирилиб олинади. Асарни ўқиган ҳар бир ўқувчи ўзи сезмаган ҳолда асарга, асар қаҳрамонларига боғланиб қолади ва унинг таъсирида ўзининг характерини Кумушникига, Отабекникига ўхшатгиси келади. Бу эса асар қимматини ошириб, ёзувчиларга янада янгидан-янги образлар яратишига замин бўлади.
Юлдуз МАРДОНОВА,
22-умумтаълим мактабининг
инглиз тили ўқитувчиси.