Юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилишида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш, кўриб чиқиш ва уларнинг муаммоларини аниқлаб, бартараф этишнинг ўрни катта. Жорий йилнинг шу даврига қадар вилоят ҳокимлигига келиб тушган аҳоли мурожаатларидан 6 таси Булунғур туман прокурори масъуллигида кўриб чиқишлиги учун юборилган эди. Ушбу мурожаатдаги барча масалалар туман прокуратураси томонидан атрофлича ўрганилди. Мурожаатчилар билан шахсан учрашиб, уларнинг арз ва шикоятлари қонуний ҳал қилиниши таъминланди. Мурожаатларнинг кўриб чиқиш натижаси бўйича 1 та мурожаат қаноатлантирилди, 5 таси юзасидан шикоятчиларга жойига бориб батафсил тушунтиришлар берилди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида аниқланган қонун бузилишлар ҳолатлари ва ноқонуний қарорларни бекор қилиб, уларни қонунга мувофиқлаштириш ҳақида 1 та протест келтирилди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг тиклаш чоралари кўрилди.
Мисол учун: фуқаро М.К.Санақулованинг “Ислом Махсум ўғли” фермер хўжалиги ер майдони ноқонуний равишда олиб қўйилганидан норози бўлиб ёзган аризаси ўрганиб чиқилди.
Мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 14-сонли қарорига мувофиқ фермер хўжаликлари ер майдони мақбуллаштирилганлиги сабабли ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқувчи туман комиссияси, фермер-деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман Кенгаши хулосаси, халқ депутатлари туман Кенгашининг.2019 йил 25 январдаги 214/38-сонли қарорига асосан “Ислом Махсум ўғли” фермер хўжалигининг 9,4 гектар ер майдони Булунғур туман ҳокимининг.2019 йил 26 январдаги 1773-Қ-сонли қарори билан “Зарафшон тонг юлдузи” фермер хўжалигига бирлаштирилган. Туман ҳокимининг.2019 йил 23 январдаги 965-Қ-сонли қарори билан туманнинг Зарафшон массивидаги “Ислом Махсум ўғли” фермер хўжалигининг 9,4 гектар ер майдони танлов комиссияси ихтиёрига қайтариб олинган. Ушбу ер майдонларининг узоқ муддатли ижара шартномасини бекор қилиш ҳақидаги қарори ва асослантирувчи ҳужжатлар кўриб чиқилиб, ҳокимнинг 2019 йил 23 январдаги 965-Қ-сонли қарорига протест келтирилиб, мурожаат қаноатлантирилди.
Мурожаатларни ўрганиш жараёнида муаллифлар томонидан келтирилган шикоятлар ўз тасдиғини топмаганлиги ёки ҳуқуқий саводхонлиги етарли бўлмасдан, нотўғри талқин қилинаётганлиги ҳолатлари ҳам аниқланиб бу мурожаатчиларга батафсил тушунтиришлар берилди. Жумладан, фуқаро З.Мирзаеванинг А.Ҳамзаевдан пулларни ундириш ҳақида вилоят ҳокими сайёр қабулига қилган мурожаати кўриб чиқилди. Ушбу мурожаат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилиб, мурожаатдаги важлар ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли бирор бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси ЖПК нинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, Булунғур тумани Гулистон маҳалла фуқаролар йиғини Фаробий кўчаси 35-уйда яшовчи фуқаро Эшонқулова Иқболнинг Гулистон маҳалла фуқаролар йиғини, Чиннигул кўчасидаги 52-уйни таъмирлаб бериш ҳақида вилоят ҳокимининг сайёр қабулига қилган мурожаати ҳам кўриб чиқилди. Мурожаатни туман прокуратураси ва туман ҳокимлиги мутассаддилари жойида ўрганиб, унга қурилиш учун ишлатиладиган хўжалик моллари олиб беришни таклиф қилишган. И.Эшонқулованинг ўғли Б.Эшонқуловга тегишли Чиннигул кўчасида жойлашган 52-уйнинг ички ва ташқи қисмларини замонавий усулда таъмирлаш лозим эканлиги аниқланган. Бунинг учун 100. 000. 000 сўмга яқин маблағ кераклигини айтиб, мутасаддилар томонидан таклиф этилган хўжалик молларини рад қилганлигини баён қилиб, вилоят ҳокими сайёр қабулидаги мурожаатни кўрмасдан, оқибатсиз қолдиришни сўраган.
“Нурбек Озода даласи” фермер хўжалиги раиси Ш.Нуралиевнинг туман ҳокимлигидан норози бўлиб ва бошқа масалалар юзасидан вилоят ҳокимига йўллаган аризаси туман прокуратураси томонидан кўриб чиқилди. Мурожаатчи туман прокуратурасига таклиф қилиниб, унга қонуний асосларни кўрсатган ҳолда батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, туман прокуратураси томонидан тумандаги ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида” ги Қонуни ижроси юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш борасида 2 та тақдимномалар киритилган. 1 нафар масъул шахсларга нисбатан МЖтК нинг 43-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида ва 1 нафар масъулларга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида ишлар қўзғатилган.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш борасида амалдаги қонунлар ижроси устидан қатъий прокурор назоратининг ўрнатилишини таъминлаш туман прокуратурасининг доимий диққат марказида бўлади.
С.САИДОВ,
туман прокурори, адлия маслаҳатчиси.