Аҳоли муаммоларини самарали ҳал қилиш, мавжуд хато ва камчиликларни бартараф этиш, фуқароларнинг мурожаатлари, уларнинг талаб-истакларини адолатли ҳал қилиш мақсадида Президентимиз томонидан жойларда Халқ қабулхоналари ташкил этилган. Ўзбекистон Президентининг Булунғур туман Халқ қабулхонаси ҳам халқ манфаати учун одилона иш юритиб келмоқда. Хусусан давлат органлари билан аҳоли ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, долзарб муаммоларни аниқлаш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан мурожаатларнинг кўриб чиқилишини таъминлашда асосий роль ўйнамоқда. Биз Ўзбекистон Республикаси Президентининг Булунғур туманидаги Халқ қабулхонасида бўлиб, қабулхона мудири Темир ака СОИПОВ билан фуқаролар мурожаатларининг қонуний ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашда бугунги кунда олиб борилаётган ишлари тўғрисида сухбатлашдик.
- Халқ қабулхонасининг фаолияти ҳақида тўхталсангиз.
- Ўтган йилда Булунғур туман Халқ қабулхонасига фуқаролардан 924 та мурожаатлар келиб тушган. Фуқаролардан тушган бу мурожаатларнинг 680 тасини ариза, 219 тасини шикоятлар шаклида ёзилган мурожаатлар ташкил этади. 19 та мурожаатда эса таклифлар билдирилган. Агар 2017 йилга таққослайдиган бўлсак мурожаатлар сони 397 тага камайган. Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатлардан 455 тасига тушунтириш берилди, 384 таси қаноатлантирилди, 76 та фуқарога эса ҳуқуқий маслаҳат берилди.
- 2019 йил 8 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйичасекторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида ”ги сонли Қарори эълон қилинди. Ушбу қарор асосида секторлар фаолияти қандай такомилашмоқда?
- Аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларга эришиш,халқ билан манзилли мулоқотни йўлга қўйиш ва фуқаролар мурожаатларини имкон қадар жойида ҳал этиш мақсадида ҳудудлар секторларга бўлинган. Туманда ташкил этилган 4 та секторлар тизимида ҳудудларда аниқ ва манзилли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, секторлар ишчи гуруҳи штаблари аъзоларининг аҳоли билан учрашувлари, уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини аниқлаши ва ҳал этиши бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиши маълум даражада Халқ қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатларни камайтирмоқда.
Секторлар кесимида келиб тушаётган фуқаролар мурожаатларини олиб кўрадиган бўлсак, 2018 йилда 1-сектордан 2017 йилга нисбатан 82 тага, 2-сектордан 107 тага, 3-секторда 100 тага, 4-сектордан 108 тага камайган. Лекин, бу секторлар фаолиятида камчилик йўқ дегани эмас. Масалан, секторлар штаби таркибига киритилган идора ва ташкилотларнинг масъул ходимлари аҳоли балан бевосита мулоқат қилиш ҳамда уйма-уй юриш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда зиммасига юклатилган вазифаларни тўлиқ ва сифатли бажаришга етарлича эътибор қаратмаяпти. Халқ қабулхонаси камчиликларни тугатиш мақсадида секторлар йиғилишида қатнашиб, бундай ходимларга нисбатан интизомий чора кўрмоқда. Бундан кейин ҳам секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали ижтимоий-иқтисодий муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш фаолиятини доимий равишда мувофиқлаштиради ва назоратга олади.
- Халқ қабулхонасига пенсионерлардан ҳам мурожаатлар келиб тушганми, бундай мурожаатлари қай даража қаноатлантирилган?
- 2018 йилда Халқ қабулхонасига пенсионерлардан 24 та мурожаат келиб тушган ва барчаси қаноатлантирилган. Мисол учун “Ниёзмат” маҳалласи, Тегирмон қишлоғида яшовчи, 1930 йилда туғилган Иброҳим Қувватов соғлигини тиклашда амалий ёрдам сўраган. Унинг мурожаати туман Тиббиёт бирлашмаси ходимлари билан қисқа муддатда ўрганилди. Нуроний имтиёзли асосда Тиббиёт бирлашмасида даволанди ва дори-дармон билан таъминланди. “Булунғур” маҳалласининг ал-Хоразмий кўчаси 6-уйида доимий яшовчи, 1934 йилда туғилган Шакар Товбоева хонадонини табиий газ тармоғига қайта улашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Мурожаат туман газ таъминоти корхонаси ходимлари иштирокида ўрганилиб, қисқа муддатда ижобий ҳал этилди. Туманнинг “Гулистон” МФЙ, Ўзбекистон кўчаси, 12-уйда яшовчи, 1939 йилда туғилган Нарзулло Худайқулов ўзлари яшаётган ҳудуддаги электр энергияси билан таъминловчи трансформатор таъмирталаб аҳаволга келиб қолганлиги сабабли электр энергияси таъминотида тез-тез узилишлар бўлиб туришини маълум қилган. Ушбу мурожаатнома ҳам туман ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда қисқа муддатда ўрганилиб, ижобий ҳал этилди, трансформатор таъмирлаб берилди.
- Яқинда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бевосита фуқаролар билан ишлашга ўтишини, уларнинг халққа, жумладан тадбиркорлик субъектларига яқин кўмакчи бўлишини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Халқ қабулхоналарида ҳам янги иш тизими жорий қилинди. Шу ҳақда тушунча берсангиз.
- 2019 йил 17 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Фармонда аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлили бу йўналишда бир қатор тизимли камчиликлар мавжуд эканлиги кўрсатиб ўтилган. Фармонда Халқ қабулхоналари олдига ҳам қўшимча вазифа ва ҳуқуқлар берилган. Хусусан, Халқ қабулхоналарига секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали ижтимоий-иқтисодий муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш фаолиятини доимий равишда мувофиқлаштириш ва назорат қилиш, ҳудудларда давлат органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, оммавий ва сайёр қабуллар ўтказиш тизимини мовофиқлаштириш ва назорат қилиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолашда иштирок этиш, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат хизматлари кўрсатиш фаолиятини мувофиқлаштириш, фаолият йўналишлари бўйича жамоат ва нодавлат, нотижорат ташкилотлари ҳамда ОАВлари ҳамкорлик қилиш каби вазифалар юклатилди. Шунингдек, қуйидаги ҳуқуқлар берилди: секторлар фаолиятини баҳолашда иштирок этиш, давлат органларининг уйма-уй юриш, мурожаатлар билан ишлаш, ижтимоий соҳада аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича амалга оширган фаолиятини тизимли ўрганиш, кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш, сектор штаблари таркибидаги ишчи гуруҳ аъзоларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш бўйича юқори турувчи давлат органларига таклифлар киритиш, Давлат органлари ва ташкилотларидан фаолияти давомида зарур бўлган маълумотларни сўраш ва олиш, уларнинг мутахассисларини жалб қилиш,“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган аҳоли пунктлари рўйхати Халқ қабулхоналари билан келишган ҳолда шакиллантирилади.
Булунғур туман Халқ қабулхонаси ушбу Фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 1 февралдан бошлаб 4 та сектор ишчи гуруҳ штаблари котиблари билан ишчи гуруҳ аъзолари томонидан уйма-уй юриб аниқланган муаммоларни ва уларни ҳал этиш бўйича маълумотларни умумлаштириш мақсадида ҳамкорлик йўлгақўйилди. Секторлар томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида хар куни Халқ қабулхонасига маълумот берилиш тартиби йўлга қўйилди. Халқ қабулхонаси томонидан аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қисқа (1 йиллик) тадбирлар режалари шакллантирилди. Халқ қабулхоналари узоқ манзилларда яшовчи аҳоли муаммоларини бевосита жойига чиқиб ўрганиш ва ҳал этиш, оммавий ва сайёр қабуллар ўтказиш самарадорлигини ошириш мақсадида хизмат автомашиналари билан таъминланди. Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимояси кучайтирилди.
Ғулом ЎРОЛОВ,
журналист.