Ўзбекистон Республикасининг Булунғур туман Халқ қабулхонаси ана шу шиор билан фаолият юритди
ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАР БИЛАН
ИШЛАШ ҚАНДАЙ БЎЛДИ?
Ўтган йил бошидан буён Президентимизнинг тумандаги Халқ қабулхонасига жисмоний ва юридик шахс сифатида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан жами 517 та оғзаки ҳамда ёзма шаклдаги мурожаатлар келиб тушди.
Мурожаатларнинг 249 таси қабулхона электрон дастурига киритилиб, тегишли давлат, хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, 268 таси юқори турувчи давлат органлари эътиборига ҳавола этилди. Келиб тушган 517 та мурожаатларнинг 474 таси бевосита тегишли ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Шундан 229 та мурожаатчига ўртага ташланган муаммо юзасидан тушунтириш берилди. 49 тасига ҳуқуқий маслаҳат бериш орқали тегишли масала ҳал этилди, 171 та мурожаат эгасининг талаби қаноатлантирилди. Шунингдек 25 та мурожаат кўрилмасдан қолдирилди ёки рад этилди.
Мурожаатлар сонининг 2019 йилга нисбатан 2,5 фоиз камайганлигини қайд этган ҳолда бу ҳолатни секторлар бўйича кўриб чиқадиган бўлсак, 2-3-секторларда мурожаатлар сони 6,8 фоиздан 11 фоизгача камайганлиги кузатилади. Аксинча, 1-4-секторларда эса бу рақам 3,8 фоиздан 4,1 фоизга ортган.
Одатда, Халқ қабулхонасига келиб тушган оғзаки, ёзма ёки бошқа шаклдаги мурожаатларнинг мазмун-моҳияти бугунги ижтимоий муаммолар билан боғлиқ масалаларни ўз ичига олади. Масалан, йил бошидан буён электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишни сўраб 94 та мурожаат қабул қилинган. Холбуки, ўтган йили бу кўрсаткич 63 тани ташкил этган эди. Бу соҳадаги камчилик ва муаммоларни ҳал этиш учун соҳани чуқур ўрганиш, муаммоларни аниқлаш талаб этилади. Аксарият ҳолатларда электр энергияси истеъмолидан қарздорлик, таъминотдаги муттасил давом этаётган узилишлар, босимнинг пастлиги каби муаммолар кун тартибига чиқмоқда. Бу ҳақда Халқ қабулхонаси томонидан туман прокуратураси, халқ депутатлари туман Кенгашига бир неча бор тақдимнома ва ахборотлар киритилганлигига қарамасдан соҳадаги камчилик ва нуқсонларга барҳам берилмаяпти.
Бундан ташқари аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш муаммоси ҳам ўзининг долзарблиги билан кўпчиликни ташвишга солмоқда. Биргина ана шу масалада 49 та мурожаат қабул қилинди. Аҳолини ишга жойлаштириш масаласига 34 нафар фуқародан мурожаат келиб тушган бўлса, унинг 7 таси ижобий ҳал этилди, 21 кишига тушунтириш берилди. 4 та мурожаат юзасидан текшириш, ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Худди шунингдек, соғлиқни сақлаш тизими билан боғлиқ 28 та мурожаат келиб тушди. Юқоридаги 2 масала юзасидан мурожаатлар сони 2019 йилга нисбатан камайганлигини кузатиш мумкин. Бундан ташқари уй-жой, ҳуқуқий масалалар, банк хизмати билан боғлиқ мурожаатлар ҳам ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада камайган.
Қишлоқ хўжалик соҳасида мавжуд муаммолар ўртага ташланган 13 та мурожаатдан 9 та мурожаат эгасига тушунтириш берилди, 2 та мурожаат қаноатлантирилди, айни пайтда 1 та мурожаат кўриб чиқилаяпти.
САЙЁР ҚАБУЛЛАР СЕКТОР РАҲБАРЛАРИ ВА ХАЛҚНИ БИР-БИРИГА ЯҚИНЛАШТИРМОҚДА
2020 йилнинг бошидан буён 4 та сектор раҳбарлари билан мулкчилик шакли турлича бўлган меҳнат жамоалари, маҳаллаларда 65 маротаба оммавий ва сайёр қабул ўтказилди. Бу қабулларда 2148 киши иштирок этди ва 288 та мурожаат қабул қилинди.
Мурожаатларнинг 29 таси ижобий ҳал этилди. 162 та мурожаат эгасига тушунтириш берилган. 1-сектор раҳбари томонидан ўтказилган 13 та сайёр ва оммавий қабул мобайнида 392 нафар фуқаро қатнашди. Улардан келиб тушган 70 та мурожаатнинг 2 таси қаноатлантирилди, 38 тасига тушунтириш берилди, 30 та мурожаатнинг қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиш тартиби бузилганлиги маълум бўлди. Бу муаммо секторда котибларнинг тез-тез алмашиб туриши сабаблидир. Оқибатда мурожаатларнинг бир қисми назоратга олиш ва ижросини таъминлашда эътибордан четдан қолган.
2-сектор раҳбари томонидан 15 марта ўтказилган оммавий сайёр қабулларда 673 нафар фуқаро қатнашиб, 85 та мурожаат қабул қилинган. Уларнинг 41 тасига тушунтириш берилган бўлса, 8 таси қаноатлантирилган. Айни чоғда 36 та мурожаат ижроси устидан назорат ўрнатилган. Шунга қарамасдан 19 та мурожаатнинг қонунда кўриб чиқиш муддати бузилган.
3-сектор раҳбари томонидан ўтказилган 19 та қабул чоғида 588 нафар фуқаро қатнашди. 71 та мурожаатнинг 13 таси қаноатлантирилган бўлса, 52 тасига тушунтириш берилди. Айни пайтда 6 та мурожаатни кўриб чиқиш чоралари белгиланган. 4-сектор раҳбари томонидан ташкил этилган 18 та қабул жараёнида 495 нафар фуқаро қатнашганлиги қайд этилади. 62 та мурожаатдан тенг ярмида кўтарилган муаммо юзасидан эгасига тушунтириш берилди. 6 та қаноатлантирилди. 25 та мурожаатнинг қонунда белгиланган кўриб чиқиш муддати бузилган.
Сектор раҳбарларининг сайёр қабуллари нега пасайиб кетди, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Дарҳақиқат, 2020 йилда ўтган йилга нисбатан қабуллар сони, унинг иштирокчилари, мурожаатлар сони камайганлиги кузатилди. Бу ҳолат жаҳонни қамраб олган пандемия муаммоси билан жорий этилган чекловлар билан боғлиқ эканлигини тушуниш мумкин. Шунга қарамасдан, секторлар раҳбарлари имкон қадар оммавий ва сайёр қабуллар ўтказиб, муаммоларни ҳал этиш чораларини кўришди.
ЁШЛАР ВА БАНДЛИК МУАММОСИ
Халққабулхонаси томонидан Президентимизнинг2019 йил 27 декабрдаги видеоселекторйиғилишида ўртага ташланган ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида амалга ошириладиган ишларни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан ўртага ташланган таклиф ва ташаббуслар секторлар раҳбарларига етказилиб, ёшлар билан учрашувлар режаси белгиланди.
Ана шу режага мувофиқ жойларда секторлар раҳбарлари иштирокида 62 маротаба учрашув ўтказилди. Уларда жами 2635 нафар ёшлар қатнашиб, 272 та мурожаат қабул қилинди. Уларнинг 250 таси ариза, 22 таси таклиф ҳисобланади. Аммо, мурожаатлар ижроси қониқарсиз аҳволда қолди. Яъни, 80 та мурожаат ижроси юзасидан маълумот берилмаган, 41 та мурожаатнинг қонунда белгиланган кўриб чиқиш муддати бузилган.
Туманда ишсиз ёшлар сони 1886 нафарни ташкил этади. Улардан 1268 нафарини доимий иш билан таъминлаш юзасидан халқ депутатлари туман Кенгаши сессияси қарорига мувофиқ режа белгиланган. Бу борада туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши билан ҳамкорлик натижасида 1481 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. Уларнинг 640 нафари тадбиркорликнинг турли йўналишларида ўз фаолиятини бошлаган бўлса, 444 нафари қишлоқ хўжалиги соҳасида иш бошлади. Шунингдек, 245 нафар ёш йигит-қиз жамоат ишларига жалб этилди. 150 нафардан ортиқ ёшлар эса қурилиш, хизмат кўрсатиш каби турли соҳаларга жалб этилди.
Ёшлар бандлигини таъминлашдек муҳим ижтимоий вазифани бажариш, бу борадаги муаммоларни ҳал этишда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ва туман Бандликка кўмаклашиш марказининг биргаликдаги фаолияти муҳим аҳамиятга эгадир. Афсуски, бугун бу икки ташкилот ўртасида етарли даражада ҳамкорлик ўрнатилмаган. Оқибатда ёшларни депутатлар, давлат органлари, сектор раҳбарлари томонидан оталиққа олиб, уларни иш билан таъминлаш вазифаси эътибордан четда қолмоқда.
КАМБАҒАЛЛИКНИ ҚИСҚАРТИРИШ,
“АЁЛЛАР” ВА “ЁШЛАР” ДАФТАРИНИ ЮРИТИШ
Президентимизнинг аёллар, ёшларни ижтимоий ҳимоялашни кучайтиришга қаратилган таклиф ва ташаббуси ижросини таъминлаш, аҳоли орасида камбағалликни қисқартириш чоралари кўрилаётганлиги халқимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда. Энг аввало, мавжуд муаммоларни ўз жойида ҳал этиш чоралари белгиланган.
Туманимизда шакллантирилган “Аёллар дафтари”дан 30-55 ёшгача бўлган 29677 нафар аёллардан 28344 нафари рўйхатга олиниб, электрон дастурга киритилди. Афсуски, 1333 нафар аёл сўровномани тўлдирилмаганлиги оқибатида рўйхатга киритилмай қолди. Уларнинг аксарияти чет элга ишга кетганлар, бошқа ҳудудларда ишлаб, яшовчилар эканлиги аниқланди.
“Ёшлар дафтари”ни шакллантириш бўйича барча маҳаллаларда 27936 нафар ёшлар рўйхатга олиниб, электрон дастурга киритилди. Бироқ, 5 мингдан ортиқ ёшлар бу рўйхатдан четга қолиб кетганлиги сабабини нима билан изоҳлаш мумкин?
Умуман, барчамиз учун синовли бўлган 2020 йил якунларини таҳлил этар эканмз, унинг натижалари 2021 йилда ҳар биримиздан ўз бурчимиз ва вазифамизга янада масъулият билан ёндашувимиз лозимлигини англатади.
Темур СОИПОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Булунғур туманидаги Халқ қабулхонаси мудири.