Халқимизда “Юрт жамоли - миллат кўрки” деган пурҳикмат нақл бор. Дарҳақиқат, сўнгги йилларда юртимизда бўлаётган оламшумул ўзгаришлар, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси таниб бўлмас даражада чирой очаётганлиги, янгидан-янги инновацион ғояларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши учун ҳар қачонгидан ҳам кенг имкониятлар яратилиб берилаяпти. Инсон омили, илм-фан аҳли ҳар тарафлама қўллаб-қувватланаётганлиги, ҳамюртларимизнинг яшаш тарзлари тубдан ўзгараётганлиги, энг муҳими, бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ўзгаришлар туфайли инсон онги ва шуури, қалби янада покланаётганлиги, айниқса, келажагимиз ворислари бўлган ёшларимизнинг беками-кўст улғайишлари, ўз орзу-умидларини баралла бўй-басти билан рўёбга чиқаришларига барча имтиёз-имкониятлар яратилмоқда. Қисқаси, муҳтарам Президентимизнинг халқимиз фаровонлиги, ободончилиги йўлидаги саъй-ҳаракатлари, эзгу ишлари, халқаро майдондаги тинчликсеварлик борасидаги доно сиёсатлари жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак тарзда эътироф этилаётганлиги барчамиз учун қувончлидир.
Афсуски, юртимизда яратилаётган ана шундай имкониятлардан, имтиёзлардан кўз юмиб, ўз “иқтидорларини, қобилиятларини” хорижда синаб кўрмоқчи бўлаётган ёшларнинг тобора кўпайиб кетаётганлигига ажабланмасдан иложимиз йўқ. “Грин кард” талвасасига тушган аксарият ёшларимизни-ку асти қўяверинг. Уларнинг кўзига на ўқиш, на тузукроқ бир ишнинг бошини тутиш кўринади. Бугунги кунда барча шаҳарларда, туман марказларидаги аҳоли гавжум жойларда, бозорларда, бекатларда, йирик-йирик дўконлар олдида, пиёдалар юрадиган йўлакларда, ҳатто қишлоқ кўчаларида, қўйинг-чи, барча манзилларда ёш йигит-қизларнинг: “Грин кард” ўйнаб омадингизни синаб кўринг”, ”Сизни Америкада шоҳона ҳаёт кутаяпти”, “Тезда бойиб кетиш имкониятини қўлдан бой берманг”, деган қалбингизни жунбушга келтирадиган чақириқларига дуч келасиз. Қарабсизки, Америкада ишлашни таклиф этаётган бу ёшларнинг чорловларидан сўнг “бир думалаб” тезда бойиб кетишни орзу қилаётган юқоридаги сингани ёшларимизнинг янада тинчи бузилади, ороми йўқолади. Туну-кун бўлажак “шоҳона ҳаёт” ҳақида хом хаёл суради. Бу йўлда ҳеч нарсадан қайтмайди.
Кейинги йилларда турли хил каттаю-кичик маъракаларда, жамоат жойларида ҳам, қўйинки тўртта одамниг боши бирикса, гап мавуси айланиб “Грин кард”, “Америка”га бориб тақаладиган бўлиб қолди. Бу мавзу атрофидаги ҳангомалар ундан-да қизиқ. “Грин кард”ютган қизларни-ку асти қўяверинг, ошиғи олчи. Бир зумда “давр қаҳрамони”га айланади. Атрофида йигитлар парвона. Қизникигакунига келаётган ўнлаб совчиларнинг ҳам кети узилмайди. Дарвоза олди тирбанд, навбатда туришади. Совчилар ҳам оддий совчилар эмасда, ўрганиб қолишган, қанча бўлса кутишади. Чунки, уларга аталган совғаларнинг ҳам чўғи баланд бўлади-да. Сал нарироқда эса бўлажак “куёв болалар” туришади. Уларнинг совчиларни уйида кутиб туришга тоқатлари йўқ. Ҳозирнинг ўзида амма-холаларидан “янгилик”ни эшитиши керак. “Куёв болалар” бир-бирларига ёт қарашган, айримлари бир-бирининг ёқасидан олишган, ҳатто муштлашишгача боришади. Талвасага тушган бу йигитлар учун эса қиз бола мабода карми, соқовми, касалми... уларга мутлақо фарқи йўқ. Тезроқ уйланиб “Америкага” учса бўлди, марра уники. У ёғи нима бўлади, худо билади... Айрим учар, бойвачча йигитлар эса бундай “юксак мақсадлари”га эришиш учун ҳатто ютуқ чиққан унаштирилган қизларни катта миқдордаги пуллар эвазига фотиҳа тўйларини қайтилиш қилишгача олиб бораётганлигига нима дейсиз.
Ушбу мақолани тайёрлаш арафасида таҳририятимизга Жомбой туманлараро маъмурий суди ходими, “Эрганакли” маҳалласида истиқомат қилувчи қадрдон укамиз Бобур Ўролов келиб қолди. Бир пиёла чой устида суҳбатимиз айланиб юқоридаги мавзуга тақалганда у бир қизиқ воқеани айтиб берди:
- Қўшни туманлардан бирида биз билан бирга таҳсил олган бир қадрдон дўстимиз бор эди (узр, исмини, манзилини айтмайман). Ўтган йили ота-онасиданғиллама тўй қилишиб, уни севган қизига уйлантиришди. Тўйида биз собиқ курсдошлар ҳам иштирок этиб, турмушлари боқий бўлиши учун яхши тилаклар ҳам билдиргандик. Орадан тўрт-беш ой ўтгач, у билан мобил алоқамиз узилиб қолди. Ҳайрон бўлдим. Кейин эшитсам, қўшни қишлоғидан“Грин кард”ютган бир қиз билан “қаттиқ севишиб” қолибди. Турмуш ўртоғи билан қонуний ажрашиб, у билан ЗАГСдан ўтиб, Америкага жўнаворибди. Бу воқеани эшитиб тўғриси, кўзларимга ишонмадим...
- Қўшни қишлоғимизда истиқомат қиладиган бир фуқаронинг ўғли сизлар айтгандек, “Грин кард” ютиб олган экан, - дейди биз билан суҳбатда “Бўдана” маҳалласида истиқомат қилуувчи меҳнат фахрийси Абдураҳмон ака Қоржовов. - Эртаси кунидан бошлаб нафақат туманимиздан, ҳаттоки бошқа туманлар ва бошқа вилоятлардан ҳам йигитникига тинимсиз “совчилар” келиб, сизлар билан қуда бўлайлик, бизнинг ўқимишли, одобли, пазанда, бўй етган яхши қизимиз бор, келин қилингизлар, керак бўлса барча тўй харажатларини ҳам ўзимизкўтарамиз, деб ўз қизларига куёв истаб келишибди. Бу қандай гап ахир. Уят эмасми? Асрлар давомида амал қилиб келинаётган миллий қадриятларимиз “бойлик”, деб талвасага тушган ёшларнинг ота-оналари томонидан ҳам топталаётганлигига нима дейиш мумкин? Андишасизлик ҳам эви билан-да!
Яна бир ҳамсуҳбатимизнинг бу мавзудаги ҳангомаси юқоридагилардан ҳам ошиб тушди. Ҳамсуҳбатимиз, исм-фамилиямни, яшаш манзилимни ёзиб ўтирмангизлар, деб илтимос қилди. Унинг айтишича, яқинда қўшни туманда яшовчи бир йигитнинг турмуш ўртоғи “Грин кард” ютиб олибди. Бу янги оиланинг иқтисодий томондан бироз қийинчилиги борлиги туфайли эр-хотин ўзаро келишиб, йигит молиявий жиҳатдан бақувват бўлган яқин дўстига вазиятни тушунтириб, дўстига “хотинини расмиятчилик учун қонуний никоҳга олиб, бирга ўша “орзулар мамлакати, Америка”га жўнаб кетиш” таклифини билдирибди. Буни қарангки, бу таклиф оиласи билан анчадан буён келишолмай юрган дўстигажуда бу маъқул тушибди. Дарҳол барча керакли ҳужжатларни расмийлаштириб, “янги” эр-хотин океан ортига қараб жўнаб кетишибди. Орадан бирор йил вақт ўтиб, яъни, яқинда улар Америкада фарзандлик бўлишибди. Энди эса ўз хотинини дўстига “тортиқ этиб” юборган йигит дўстидан раҳмат ҳам эшитмаганига жуда ҳам алам қилиб, бошини чангаллаганича ўзини-ўзи койиб, сўкармиш. Дунёнинг ишлари қизиқ, деб шуни айтсалар керак-да.
Инсоният яралибдики, неча замонлар ўтса ҳамки, шу пайтгача ҳали, айниқса Осиё минтақасида яшовчи халқларда, қиз боланинг уйидан йигитникига бирор кимса совчи бўлиб бормаган. Бирор-бир йигит киши ўз хасмини бировга қўш қўллаб топширмаган. Ёки, шундай жирканч воқеалар юз берганлигини бирон жойда ўқиганмисиз? Бу қандай бедодлик. Наҳотки бугун биз арзимаган ўткинчи ҳою-ҳавас, бойлик деб йигитлик ғурурини поймол этиб, оила шаънига бир умрга доғ тушириш даражасигача бораётган бўлсак?!
Ҳа-а, бунга ўхшаш турфа хил воқеаларнинг атрофдагилар учун оддий бир ҳол бўлиб бораётганлиги ачинарли албатта. Лекин на чора. Нега бундайларнинг қисматига бефарқ бўламиз? Чунки... фойдаси йўқ. Бундайларни ”фанат” дейишади. Уларни ҳеч бир куч мақсадлариидан қайтара олмайди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, “Грин кард” талвасасига йўлиққан бундай ёшларни на ота-онаси, на қавму-қариндоши, на маҳалла-кўй, на амалдаги қонун-қоидаларимиз қайтара олади. Ушбу мақолани бирга тайёрлаётган ҳамкасбимиз билан маслаҳатлашиб, юқоридаги воқеаларга жуда ўхшаш, бошимдан ўтган бир манзарани ёдга олиб, мақолага киритишни (таъкид бизники—Х.Қ.) лозим топдик. Зора ёшларимиз бу воқеадан тўғри хулоса чиқаришса:
Отам - Қосим Ғаффор ўғли 1-гуруҳ уруш ногирони эди. Германиянинг Эльба дарёси бўйларида бўлганоғир жангларнинг бирида кўкрагидан оғир жароҳатланиб, госпиталга тушган. Уруш тугагач Львов шаҳридаги ҳарбий авиация қисмларидан бирида хизматини яна давом эттирган. Хизмат тақозоси билан Киевда ҳам бир неча бор бўлган. 1946 йили хизматдан қайтган. Давраларда хизматлари ҳақида гапиришни хуш кўрарди. 1960 йилларнинг ўрталарида бўлса керак, қуролдош дўстларининг таклифига кўра Украинага бориб, хизмат қилган шаҳарларини айланиб келди. Менга айниқса Киев шаҳри ҳақида кўп хикоя қилиб берарди. Шу боис бўлса керак, мактабни тугатмасимданоқ Киев шаҳрида ўқишга қатъий аҳд қилдим. Тарас Шевченко номидаги Киев Давлат университети ректори номига истагим ҳақида хат ёздим. Ректордан ”Хоҳишинг бўлса, ўқишни уддалаб кетолсанг кел”, деган жавоб олдим ва ўша кундан эътиборан мен ҳам ҳақиқий ижобий маънодаги “фанат”га айлангандим. “Киевга ўқишга бораман... тамом”, деб уйдаги шароитни ҳам ҳисобга олмай, сўзимда қатъий туриб олдим. Отам, укалари бу мақсадимдан қайтариш учун бир куни уйимизга қишлоғимиз оқсоқолларини, қариндошларимизни йиғди. Менга ҳеч ким бас кела олмади, ҳаммасини бир пасда “енгдим”. Отам битта мол сотди. Кичик укаси мени Киев шаҳрига олиб борди. КДУ нинг ректори менга ёзган хати туфайли ғойибона танишлигимиз сабаб мендан алоҳида суҳбат тарзида имтиҳон олиниб, узоқдан борганлигим ҳисобига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилиндим. Номус кучлилик қилиб уч ой зўрға ўқидим. Деканатдагиларнинг “дод-вой”ларига парво қилмай ўқишни ташладим. Сабаби -қишлоқни, айниқса, катта отам билан катта онамни жуда-жуда соғингандим. Дунёда “яшил шаҳар”, деб ном қозонган Киев шаҳрининг бир-биридан чиройли кўчалари ҳам, Днепрь дарёсининг кўзни қамаштирувчи бетакрор мавжлари ҳам кўзимга кўринмасди. Мени ҳеч қандай бир куч ортиқча бир кун ҳам ушлаб туролмасди. Шаҳар устидан учиб ўтаётган самолётлар ҳам, ўтаётган поездлар ҳам менга худди Тошеннтга кетаётгандай туйилаверарди. Юрагим орзиқиб, орқасидан узоқ вақтгача тикилиб қолардим... У вақтлари телеграммалар жуда қисқа ёзиларди. Охири уйга қуйидаги мазмунда: “Ота салом, дод-вой десангиз ҳам ўқишнинг бу ёғи тамом”, деб телеграмма ёзишга мажбур бўлдим. Кейин машҳур шоиримиз Муҳаммад Юсуф: “...Римни алишмасман бедапоянга”, деганларидек, Киев шаҳарининг бутун гўзаллигини қишлоғимизга алиштирмай, соғ-саломат уйга етиб келдим. Ота-она, қишлоқ, юрт соғинчи нақадар муқаддас, улуғ бир туйғу эканлигини ўшанда англаб: “Ўзга юртда университетда ўқигандан кўра қишлоғимда “училише”да ўқиганим минг марта афзал эди”, деган қатъий хулосага келганман. “Ўзга элнинг беки бўлгунча ўз элингнинг қули бўл”, деган нақл ҳам бежиз айтилмаган экан.
Ҳа, “Ҳар ерни ҳам қилма орзу, ҳар ерда ҳам бор тошу-тарози”, деганларидай юқоридаги сингари ғайрати ичига сиғмай, тўлиб-тошиб бораётган, “тоғни талқон қилишга” чоғланаётган, минг афсуски, “хориж”, деб талвасага тушаётган, кўзига хеч нарса кўринмаётган ёшларимизга: “Шунчалик куч ва қудратга, салоҳиятга эга экансан, қурбинг етар экан, “Америка”ни ўз юртингда ота-онанг, ўлан тўшагинг бағрида очиб барчани қойил қолдирмайсанми”, дегимиз келади. “Грин кард”ни ким ютиб олишни истамайди дейсиз. Ёшларни-ку қўя турайлик, ёши бир жойга бориб қолган, олтмишдан ошган оқсоқолларимиз ҳам қўйиб берса ушбу ютуқ соҳибига айланиб, бир зумда ўша орзулар мамлакати - “Америка”да бўлиб қолишни хоҳлашади. Улар учун “Америка” нақ жаннатнинг ўзгинаси. Еганинг олдингда, емаганинг ортингда. У ерга бир бориб қайтсанг бўлгани, миллионер бўласан, қўясан...
Мана шу орзуларнинг амалга ошиши учун баъзида айрим юртдошларимиз ҳар қандай пасткашлик, қабиҳлик ва ҳатто жиноят қилишдан ҳам тойишмаяпти. Ишонаверинг, бундайлар орамизда ҳам топилади. Улардан айримлари эса ота-боболаримиздан, аждодларимиздан азалий удум бўлиб келаётган анъаналаримизни, миллий расм-русумларимизни ҳам поймол қилиш даражасигача боришаётганлигини қандай баҳолаш мумкин?.
Энди “Грин кард” билан боғлиқ катта бир можаронинг бевосита сайёр суд мажлисида кўриб чиқилганлиги ва ушбу суднинг қандай якун топганлиги хусусида тўхталиб ўтсак.
Яқинда жиноят ишлари бўйича туман судининг очиқ сайёр суд мажлиси “Деҳқонобод” маҳалласи ҳудудида бўлиб, айнан туманимиз фуқароларидан бир гуруҳининг “Грин кард” можароси билан боғлиқ иши кўриб чиқилди. Ушбу жиноят туманимиз фуқаролари, хусусан бир гурух ёшлари томонидан “Каттақишлоқ” маҳалласи ҳудудидан ўтадиган М-39 автомобиль магистрал йўлида содир этилганлиги ва унда жиноятчининг отаси, нуроний кишининг ҳам бевосита иштирок этганлиги ажабланарлидир. Суд-суриштирув ишларидаги тергов материалларидан маълум бўлишича, “Сайилтепа” маҳалласида яшовчи, ўрта махсус маълумотга эга бўлган Анора Хайруллаева ҳам бахтини синаб кўриш мақсадида катта орзу-умидлар билан туманимиз марказига келиб “Грин кард” ўйини иштирокчиси бўлади. Орадан маълум бир вақт ўтгач у ютуқ соҳибига айланади. Бироқ... унинг ўзи бундан бехабар эди. Шу тариқа баҳор ойларида “Грин кард” можароси бошланган эди...
“Каттақишлоқ” маҳалласида истиқомат қилувчи Исматилла Холмирзаев олий маълумотли бўлсада, ҳанузгача бирон-бир тузукроқ ишнинг бошини тутмаган, шунга қарамасдан дўстлари, ошналари, танишлари кўпчиликни ташкил этишини оиладагилари ҳам яхши билишарди. Ўша танишларидан бири нуфузли идоралардан бирида айнан “Грин кард” масалалари билан шуғулланади. Республикамиз фуқароларидан кимга ушбу ютуқ чиқса, аввало у хабардор бўларди. Исматилла ана шу дўсти билан тез-тез қўнғироқлашиб турарди. Кунларнинг бирида дўстига қўнғироқ қилиб, “Сизларнинг туманингизда яшовчи бир қизга “Грин кард” ютуғи чиқди, агар уни қўлдан чиқаришни истамасанг, тезда, шу бугуноқ уйига совчи юбориб, унга уйланиб олсанг марра сеники, тез орада ўзингни Америкада кўрасан, бўлмаса эски тос, эски ҳаммом, деганларидай шундай юраверасан”, дейди.
Афтидан Исматилла илгаридан дўстига “Булунғурлик қизлардан кимгадир ютуқ чиқса менга хабар қиласан”, деб тайинлаб қўйган бўлиши аниқ.Бундай хушхабарни анчадан буён кутиб юрган Исматилла дўстига “суюнчининг қуюғини кутавер”, деб мобил телефонини ўчирган зоҳатиёқ тинчи бузилади. Бунинг устига адашмаса, ютуқ чиққан қиз узоқ қариндошларидан бирига ўхшайди. Жабборқулда жон борми, деганларидек зудлик билан уйга келиб, ота-онасига бу хушхабарни айтади.
Шу тариқа Исматилла ота-онасини дарҳол қистовга олади. Уларнинг ўйлаб Қкўришларига ҳам имкон бермай, жони холига қўймай, “Бугуноқ совчиликка борасизлар, бўлмаса кеч бўлади”, деб оёқ тираб туриб олади. Тортишиб ўтиришнинг мавриди эмас. Улар бозор-ўчар қилиш тараддудига тушади. Кечқурун эса Аноранинг уйи томон равона бўлишади. Дўстининг берган маълумотида қизнинг яшаш манзили аниқ бўлганлиги сабабли, қизнинг уйини топиш ҳам унчалик қийин бўлмади. Бўй етган қизи бор хонадонга совчилар тез-тез келиб туриши табиий. Шу боисдан ҳам қизнинг оиласидагилар ташриф буюришган меҳмон “совчилар”дан унчалик таажжубга тушишмади. Бироқ.. уларнинг асл мақсадларидан бехабар қизнинг оиласидагилар совчиларнинг тўйни жуда тезлик билан ўтказиш ҳақидаги таклифларидан бироз ажабланишди. Шу пайтга қадар йигит билан қиз бир-бирини бирор маротаба ҳам кўрмаган, бир бирларини танимаган, учрашмаган бўлса...
Қизнинг ота-онаси совчиларнинг “фотиҳа тўйи харажатлари” ва “сут ҳақи” учун атаб берилаётган бир даста долларни кўриб шошиб қолишди. Қизлари Анорадан розилик ҳам сўраб ўтирмай, уни Исматиллага унаштиришга розилик билдиришди. Орадан ҳафта ўтмай уларнинг фотиҳа тўйлари ҳам бўлиб ўтди. Фотиҳа кунидан кўп ўтмай, гарчи қизлари норози бўлса-да, ҳамда қўшни қишлоқда аҳдлашиб юрган йигити борлигини айтса-да, ота-онаси у билан ҳисоблашиб ўтирмади. Аксинча, уни қўярда-қўймай туман ФҲДЁ бўлимига олиб боришиб, Исматилла билан қонуний никоҳдан ўтказиб қўйишди. Нега “ЗАГС”дан ўтказишмасин, ахир хонтахта устидаги “хориж пули” бунақа тўйларнинг беш-ўнтасини бемалол ўтказишга етадиган миқдорда эди-да.
Кўп ўтмай барчаси, “Грин кард” ютгани-ю, тўйнинг бу тарзда тезлашиб кетгани боиси Анорага кундай равшан бўлди. Ҳақ-ҳуқуқи ота-онаси, совчилар томонидан поймол бўлгани, таҳқирлангани унга жуда алам қилди. Етти ухлаб тушига кирмаганишларнинг ўз ҳаётида юз бераётганлиги гўё қизиқ бир туш кўраётган кишини эслатарди. ”Ўз ҳаётим, бўлажак турмушим, қолаверса севган йигитим учун ўзим курашишим керак, ваассалом”.
Қатъий бир фикрга келиб бўлган Анора қўшни қишлоқлардан бирида яшаётган йигити, Жавоҳирга телефон қилиб: “Мени уйдагилар бошқа бир йигит билан ЗАГСданўтказиб қўйишди. Тезда келиб орани очиқ қилмасангиз, мендан айрилиб қолишингиз аниқ”, деб уни бўлган воқеалардан хабардор қилади. Кутилмаганда эшитган бу “янгилик”дан Жавоҳирнинг боши қотади, тинчи йўқолади. “Фурсатни чўзиб бўлмайди, отни қамчилаш керак”, кўнглидан ўтказди у.
Жавоҳир ўйлай-ўйлай Анорани олиб, Исматулла билан “йигитчасига” гаплашиб, орани очиқ қилиб олишни олдига мақсад қилиб қўйди. Бу вазиятда унинг учун бошқа тўғри йўл йўқ эди. Боши қотиб турган шу топда, яъни 2018 йил 25 июнь куни тахминан соат 12.00ларда Исматуллаларнинг қишлоғида яшовчи Ш.Абдуҳамидов деган бир танишига телефон қилиб:
- Дўстим, менга бир ёрдаминг керак бўлиб қолди, сен билан қишлоғинг тўғрисидан ўтувчи катта йўлда учрашсак, қолган гапни телефонда гаплашиб ўтирмайлик. Бориб ҳаммасини сенга тушунтираман, соат 12.30 ларга кўчага чиқиб тур, - дейди. Дўстининг розилигини олгач, Анорага ҳам йўлга чиқиб туришлигини тайинлайди. Шундан сўнг Жавоҳир ўзига тегишли бўлган “Нексия” русумли автомобилида Анора билан туман марказидан ўтган Катта ўзбек тракти ёнидаги автомобилларга сиқилган газ қуйиш шахобчаси - “Метан заправка” ёнига келганида йўл четида турган дўстига кўзи тушади. Салом-аликдан сўнг унга бўлиб ўтган воқеанинг ҳаммасини обдон тушунтириб беради, кейин қўшиб қўшиб қўяди:
- Ўзингдан қолар гап йўқ. Исматуллага бирон-бир баҳона топиб, бу ерга чақириб кел. У ёғини бизга қўйиб бер, - дейди.
Дўсти Исматуллага қўнғироқ қилиб:
- Жўра, қишлоқ тўғрисидан катта йўлга қараб чиқ. Мен нотаниш бир йигитлар билан гап талашиб қолдим, тезда етиб кел, - дейди.
Исматулла катта йўлга етиб келганида соат 12.20лар чамаси эди. Гап нимада эканлигини дарҳол тушунди. У ҳам ўртада ғов бўлаётган Жавоҳир билан яхшилаб “гаплашиб” олиш режасини кўнглига тугиб қўйганди. Жўраси унга:
- Ёлғон гапирганим учун узр, бу меҳмон қариндошим бўлади, ўзаро келишиб олмасаларинг бўлмайди, - дейди Жавоҳирга ишора қилиб.
- Мен ҳам анчадан буён бу фурсатни пойлаб юргандим, айни муддао бўлди-да ўзиям, - деб кўнглидан ўтказади Исматулла.
У Жавоҳирга қиз билан унаштириб қўйилганликлари, яқинда тўйлари бўлишини айтади. Жавоҳир аксинча, “Тўйларинг бўлмайди”, дейди. Шу тариқа улар муроса қилиша олмай, жанжаллашиб қолишади. Жаҳл устида Исматулла “рақиби”нинг машинасидан калитини олиб синдириб, йўл четига - дала томонга отиб юборади ва укаси Т. Холмизаевга телефон қилиб, катта йўлда юз бераётган қалтис вазиятни отасига тушунтириб беришни ҳамда ўзларининг ҳам тезда етиб келишларини тайинлайди. Бу ерга келиб қолган Холмирзаевларнинг қариндоши Л. Қуйсинов ҳамда бу жанжалга бошидан гувоҳ бўлиб турган Ш. Абдуҳамидовлар уларни яраштиришга уринишади. Бироқ... фойдаси бўлмайди. Кўп ўтмай бу жойга ўзларининг “Нексия” русумли автомашиналарида Исматулланинг отаси Н. Мансуров, укаси Т. Холмирзаевлар ҳам етиб келишади. Отаси Жавоҳирдан нима гаплигини сўраганида у Исматулла Мансуровни турли хил бўлмағур гаплар билан ҳақоратлайди. Бундан Исматулланинг баттар жаҳли чиқиб, ердан тош олиб, Жавоҳирнинг бош томонига тош билан уради. Укаси ҳам “Сен ҳали акамнинг тўйини бузмоқчимисан”, деб, муштлашишга қўшилиб кетади. Бунга ҳам қониқиш ҳосил қилмай ердан қаттиқ бир жисм олиб, Жавоҳирга тегишли бўлган автомашинанинг учта ойнасини тешиб ташлайди ҳамда машина орқа юкхонасини муштлаб, машинага шикаст етказади. Раҳматилла ўзларининг автомашинасидан отвёртка олиб келиб яна Жавоҳирнинг бурун ва юз қисмига ура бошлайди. Уларнинг оталари ҳам ўғилларига ёрдам бериш мақсадида Жавоҳирга ташланади ва унинг оёғини синдиришга ҳаракат қила бошлайди. Гувоҳ Л. Қўйсинов эса зўр бериб уларни ажратишга уринади. Жанжал сал босилгач, Жавоҳир ўзига келиб, бир чеккада турган Анорани чақириб, унинг қўлига пул бериб, уйига кетаверишини айтади. Анора пулни олиб, катта йўлдан ўтаётганида уни трассадан ўтаётган “Нексия” русумли машина туртиб юборади. Уни туртиб юборган нотаниш ҳайдовчи ҳамда Исматулланинг укаси Анорани ўшанинг машинасига чиқазиб, шифохонага кузатади.
Катта ўзбек трактидаги бу жанжал ҳамда муштлашишлар, ота ва болаларнинг Жавоҳирга етказган кўплаб тан жароҳатлари шу тариқа якун топади. Жавоҳир судда берган кўрсатмасида маълум бир муддатда шифохонада даволаниб бўлгач, яхши кўрган қизи Анора билан қочиб кетиб, бирга яшаётганликларини, уларнинг никоҳи ҳозирги кунга қадар ҳам расмийлаштирилмаганлигини, шаръий никоҳдан ҳам ўтишмаганликларини, айбдорларга нисбатан эса суд томонидан қонуний чора кўрилиши кераклигини айтади..
Суд ҳукмига кўра айбдор Исматулла Мансуровга тегишли жазо тайинланади. Қилмиш-қидирмиш, деб шуни айтсалар керак-да.
Асад СОАТМУРОДОВ, меҳнат фахрийси, шифокор:
- Ўғлим Ҳусан уч йил олдин “Грин кард” ютганди. Мана уч йилдирки, келиним билан Нью Йорк штатининг Бруклин шаҳрида ишлаяпти. Мен ҳам уларнинг таклифларига биноан 5 ой давомидаАмерикада бўлиб қайтдим. Тўғри, Нью Йорк ҳам, Бруклин ҳам жаҳонда тенги йўқ, чиройли шаҳарлар сирасига киради. Йўлакчаларда юрасизми, шаҳарларни айланасизми, уларнинг қонунларини ҳурмат қилиб, тартиб- қоидани бузмасангиз бўлди. Сиз билан бировнинг иши йўқ. Бир ойларча шаҳарларни тўласинча, яхши томоша қилдим. Ҳамма нарса етарли, качиликлар йўқ. Бироқ... шунга амин бўлдимки, биз учун ёд бўлиб кетган миллий қадриятлар, анъаналар улар учун ёт нарса экан. Айрим кўчалардаги тунги клублар, бар-кафелар, кўнгилочар жойлардаги нохуш манзараларни тилга ҳам олиб бўлмайди, “оммавий маданият”нинг жирканч кўринишларига ҳам тез-тез кўзингиз тушиб туради. Бир ойдан сўнг мазам қоча бошлади, юртимизни, киндик қоним тўкилган қишлоғимизни шундай соғиндимки... асти қўяверасиз. Кўзимга ҳеч нарса кўринмай қолди. Одамзод ҳамма нарсага чидайди, лекин юрт соғинчига чидай олмас экан. Ҳеч кимни юртимиздан айиргулик қилмасин экан, деган хулосага келдим.
ТАҲРИРИЯТДАН: Биз ушбу мақоламизда турли хил можароларга, баҳс-мунозараларга сабаб бўлётган, турли хил давраларда, маъракаларда “қизиқарли” мавзулардан бирига айланаётган, аксарият ёшларимизни талвасага тушириб, ўз домига тобора тортаётган “Грин кард” билан боғлиқ юқорида қайд этилган воқеаларни имкон қадар кенг ва атрофлича ёритиб беришга ҳаракат қилдик. Бу мавзу ҳақида сиз азиз газетхонларнинг фикрларини билиш, ўрганиш ҳам биз учун жуда фойдалидир. Шундай экан мақолада кўтарилган ушбу мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.
Холбой ҚОСИМОВ,
журналист.
Тўлқин ШЕРБОЕВ,
“Булунғур ҳаёти” мухбири.