Ўзини "Ислом давлати" (ИШИД), "Жабҳат ал-Нусра" деб атаб олган террористик ташкилотлар гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган "мужоҳид биродарлар гуруҳи" экани ҳақидаги тарғибот-ташвиқотни кенг кўламда олиб боришаётгани, оқибатда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар "ҳижрат" қилиш ва "жиҳод"да иштирок этиш ниятида Сурия ва Ироқ ҳудудига бориб, ушбу гуруҳлар сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Афсуски, ёшларнинг муайян қисми ИШИДни ҳақиқатда ҳам ислом динини бутун дунёга тарқатиш, исломий давлат барпо этган ҳолда дунёда адолат ўрнатишни максад қилган ташкилот, деб ҳисоблайди. Бундай фикрловчилар Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бор экани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ёшлар юқорида қайд этилган ҳудудларда инсонларга қарши содир этилаётган жиноятларни гўёки халифалик қуриш учун жоиз амал ҳисоблаб қаттиқ адашмоқдалар. Аслида, мутаассиб оқим аъзоларининг мақсадлари - "жиҳод", "ҳижрат", "шаҳидлик", "кофир бўлиш" каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кетаётган Сурия, Ироқ, Афғонистон ёки Покистон каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангари ёки "тирик бомба"га айлантиришдан иборат.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 202-моддаси 1-бандида фаолияти тақиқланган жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотларнинг фаолиятида қатнашишга ундаш учун энг кам иш ҳақининг 5-10 баравари миқдорида жарима тўлаш ёки 15 сутка сутка қамоқ жазоси белгиланган. Жиноят Кодексининг 216-моддаси 1-бандига кўра, юқоридаги қонунбузарлик маъмурий жазо қўлланилгандан кейин қайта содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг 25-50 баравари миқдорида жарима тўлаш, 3 йилгача ахлоқ тузатиш, 6 ойгача қамоқ, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади.
Бегзод ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Самарқанд ҳарбий прокуратураси
терговчиси.
Ғолиб АБДУРАҲМОНОВ,
туман прокурори ўринбосари.