Туман ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ишончим комил, бундай улуғ ибодатни адо этиш шарафига муяссар бўлган мўмин-мусулмонларимиз шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга ўрнак ва намуна кўрсатадилар, ёшларни фидойи ва ватанпарвар этиб тарбиялаш, адашган инсонларни тўғри йўлга бошлашдек савоб ишларга муносиб ҳисса қўшадилар”, деган эзгу ғояларини муборак “Ҳаж” зиёратидан қайтиб келган фуқаролар кенг жамоатчилик билан биргаликда ҳаётга татбиқ этишига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда “Ҳаж” сафарига бориб келган отахон ва онахонлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, фаоллар, имом хатиблар иштирок этишди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ш. Қулматов, вилоят бош имом хатиби З. Эшонқулов, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори М. Пардаев, Самарқанд Давлат университети доценти С. Каримов, туман бош имом хатиби Т. Равшанов ва бошқалар сўзга чиқишди. Улар таъкидлашдики, маҳалла фаолларига бириктирилган кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган фуқаролар ва махсус ҳисобдагилар ҳамда махсус ҳисобдан чиқарилган фуқароларнинг ҳолидан доимий равишда хабар олиб туриш лозим. Бундай инсонлар билан якка тартибда суҳбатлашганда Президентимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатни тушунтириш, уларга яратилиб берилаётган шароитларни тўғри тарғиб қилиш муҳимдир. Жойларда, жумладан таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, фуқаролар, шу жумладан махсус \ҳисобдагилар ҳамда махсус ҳисобдан чиқарилган фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек ёшларни турли экстремистик оқимлар таъсиридан ҳар томонлама ҳимоя қилиш долзарб вазифалардан. Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда тарғибот-ташвиқот юритиб, давра суҳбатлари ўтказиш ҳам яхши самара беради. Дунёда юз бераётган мураккаб геосиёсий-мафкуравий жараёнларнинг мазмун- моҳиятини ҳар томонлама чуқур ёритиш, терроризм, диний экстремизм, ақидапарастлик ва бошқа таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш ҳаёт талаби. Жамиятимизнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилаётган ички таҳдидлар, эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, оилавий қадриятлар ва ёшлар тарбиясидаги қусурли ҳолатларга барҳам бериш, миллий ғояни аҳоли, турли миллат ва элатларга мансуб фуқаролар ўртасида кенг тарғиб этиш ҳам асосий вазифалардир. Бунёдкорлик руҳини ижтимоий ҳаракатга айлантириш, фуқароларга эртанги кунга ишонч туйғуларини кучайтириш зарур. Вояга етмаганларнинг дарс машғулотларига бормай, ота-оналарининг назоратисиз масжид, бозор, интернет клуб ва бошқа жойларда бўлишининг олдини олиш шарт. Адлия органлари рўйхатидан ўтмаган масжид бинолари ва “Ҳужра”ларда турли йиғинлар, диний маросимлар, ўқиш ва бошқа тадбирлар ўтказиш мумкин эмас.
Тадбирда сўзга чиққанлар бу каби маълумотларни аниқ мисоллар асосида етказишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида тушунча бердилар. Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга ҳаётий мисоллар орқали тегишли жавоб олдилар.
Раббим ҲОТАМОВ.