Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинганидан сўнг орадан саккиз ой вақт ўтди. Маҳаллаларда “диний, маънавий-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчи” лавозими бекор қилиниб, “хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис” лавозими жорий этилди. Ушбу лавозим жорий этилгач хотин-қизларга, уларнинг оилаларига, турмуш шароитларига эътибор кучайди. Шу муддат ичида барча маҳалла фуқаролар йиғинларида оғир ижтимоий аҳволга тушган аёллар, ногирон аёллар, ҳомиладор аёллар, кам таъминланган оилалар фарзандлари, боқувчисини йўқотган оилалар, чин етим болаларнинг рўйхатлари шакллантирилди. Ногирон аёллар, нотинч оилалар билан ишлаш, уларни тўғри йўлга солиш борасида ҳам бир қанча ишлар амалга оширилди.
Оилавий поликлниника шифокорлари билан ҳамкорликда ҳомиладор аёллар билан ишлаш, уларда соғлом ҳаёт тарзини шакллантириш борасида умумий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, зарур маслаҳатлар берилмоқда.
Фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида туманидаги маҳаллаларда фаолият олиб бораётган мутахассислар ҳам ўз ишларини янгича ёндашув билан юритишмоқда. Жойларда маънавий қадриятларимизни мустаҳкамлаш, ёшларни китобхонликка яқинлаштириш, уюшмаган хотин-қизларни бир жойга тўплаб, уларнинг ҳаётларига маъно-мазмун бағишлаш борасида маънавий-маърифий тадбирлар сонини кўпайтириш, “Ҳар куни 10 та хонадонни ўрганамиз” шиори остида оилалар билан янада яқиндан танишув, уларнинг турмуш шароитларини ўрганиш, дилдан суҳбатлар ўтказиш ҳар бир мутахассисга ўз устида тинмай ишлаш, маънавиятини ошириш каби бир қатор вазифаларни қўйди. Оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш, ҳаётимизда бўлаётган ҳар бир ўзгаришларни хотин-қизларимизга ўз вақтида етказиш каби масъулиятли иш мутахассисларнинг кундалик ишига айланди.
Сўнгги бир ой давомида туман хотин-қизлар қўмитасининг ташаббуси билан барча мутахассислар ўз фаолиятларига танқидий назар билан қараган ҳолда бир-бирларининг ишларини таҳлил қилиш жараёнида ўзаро тажриба алмашишмоқда. Бу жараёнда мутахассисларни кўп йиллик тажрибаларига қараб, уларнинг маънавий-маданий салоҳиятларини ҳисобга олган ҳолда мутахассислар бир-бирларининг ишларини таҳлил қилишмоқда. Бу ўзаро текширув уларга катта тажриба мактаби вазифасини ўтамоқда. Мутахассислар текширув жараёнида ўзларининг ишларига ҳам танқидий назар билан қарашмоқда. Шахсан ўзим тўртта маҳалла мутахассисининг ишларини танқидий таҳлил қилганимда, уларда Фармон ижросини тўлиқ бажаришга интилиш, аёлларнинг оғирини енгил қилишга иштиёқ борлигини кўрдим. Саволномада берилган ҳар бир саволга жавоб излаш жараёнида мутахассислар ўзларини қайтадан кашф этишаётир, десам муболаға бўлмайди. Ана шу саволномаларнинг жавоблари ўлароқ улар ўз фаолиятларига тобора чуқурроқ ёндошиб, фактлар асосида ўз меҳнатларини юзага чиқаришга ҳаракат қилишяпти. Ҳар бир оилани яқиндан билиш, уларнинг фикрларини ўрганиш, ҳаётда дуч келаётган муаммоларига биргаликда ечим топишга уриниш мутахасссисларга ўз ишларини янада мукаммалроқ эгаллаш имкониятини беряпти.
Сўнгги вақтларда оилавий ажримларнинг сони кўпаймоқда. Бунда биринчи навбатда оилавий тарбиянинг сусайиб кетаётганлиги, ёшларнинг ҳаётга енгил-елпи қараётганлиги, қисқача айтганда сабрсизликлари сабаб бўлмоқда. Ҳамма шароит бирданига муҳайё бўлиб қолмайди. Оилани ўзи истагандек ҳолатга келтириш учун йиллар ўтишини кутиш, шу вақтлар давомида меҳнат қилишга тўғри келади. Бекорга “меҳнатнинг нони ширин” дейишмайди. Ҳозирги ёшлар сал муросалари келишмаса тугунини кўтариб, отасиникига йўл олади. Авваллари қиз отасининг уйига аразлаб келиши жуда уят саналган. Биронта қиз аразлаб келса ҳеч кимга билдирмай, ҳатто отасига сездирмай, оналар қизини уйига обориб ташлаб келарди. Ҳатто қўшнилар хабар топмасди. Ўша пайтда ҳам маҳаллий ҳокимликлар, қишлоқ кенгашлари бўлган, ўша ерга бундай оилавий муаммоларни кўтариб чиқиш айб саналган. Ҳозир-чи... салгина сан-манга бориб қолса ҳам кўчага чопишади. Маҳалла, қолаверса ҳокимиятга қараб югуришади. Аслини суриштирсангиз, оиланинг ичида ҳал қиладиган муаммони байроқ кўтариб кўчага овоза қилиш - бу уят. Биз Шарқ халқларида оиланинг ичида ҳал қилинадиган муаммоларни ҳаммага овоза қилиш қадимдан айб саналган. Қачон бунчалик “очиқ”ликка чиқиб кетишга улгурдик. Баъзиларининг кўрсатган важларини эшитиб уялиб кетасан. Наҳотки биз ўзлигимизни ўзимиз шунчалик беқадр қилсак!
Хизмат юзасидан оилалардаги муаммоларга аралашамиз. Қайнона-келин ўртасидаги можаролар, келинларнинг қайнонага гап қайтаришлари, нафақат қайнона, балки қайноталарга ҳам тап тортмай гап қайтаришларини кўриб ёқа ушлайсан беихтиёр. Ёшларимизни шунчалик бетгачопар қилиб тарбияладик-ми? Авваллари эркак кишини кўрсак, беихтиёр кўчада юриб кетаётсак ҳам қадамларимизни секинлатиб, олдини кесиб ўтмасликка ҳаракат қилардик. Ҳозир-чи... келинларда, нафақат келинларда, ёш қизларимизда шунақа тарбия борми? Очиғи, йўқ! Буни оилада она қизига уқтириши лозим. Ахир, ёшлигимиздан бизга оналаримиз ўргатишар эди, катталарнинг йўлини кесманглар, эркак кишига тик қараб гапирманглар, деб. Шарқона бундай гапларнинг барини эсда сақлаб қолишга уринганмиз. Ҳозир ҳам буни ёшларга уқтириб бориш керак. Бирини бўлмаса бирини қулоғига олади, албатта. Бунинг ўрнига кимдир танбеҳ берса енг шимариб қизимизни ҳимоя қилишга отланамиз. Шундан кейин бу нарса уларда рағбат уйғотади. Демак мен тўғри иш қиляпман, деб ўйлайди. Натижада, тарбиянинг бузилишига ўзимиз сабабчи бўлиб қоламиз.
Тарбия аввало, оиладан бошланади. Оиладаги муҳит яхши бўлса, ўша оилада тарбияланган фарзандлар ҳам онгли равишда шу муҳитда тарбия топади. Хонадонларни ўрганиш давомида яна бир ҳолатларга гувоҳ бўляпмизки, аксарият муаммоли хонадонларда рўзғор тартиби етишмайди. Жанжал нимадан келиб чиқади? Хонадондаги тартибсизлик, ҳамма нарсанинг ўлда-жўлдалиги жанжалларга бош омил бўлиб хизмат қилади. Кўчадан эр ёки қайнона келади, уйдаги тартибсизлик уларнинг асабини бузади. Арзимаган бир оғиз сўров катта жанжалга сабаб бўлади. Мана шундай арзимас муаммоларнинг олдини олиш, уларнинг келиб чиқмаслиги кўп ҳолларда келинжонлар, сизларга боғлиқ. Оиладаги муаммоларни келтириб чиқармайдиган ҳолатни яратиш Сизларнинг қўлингизда!
Азиз оналар! Қизларимизни иффатли, ҳаёли қилиб тарбиялайлик, уларнинг нозиклиги, нафислиги ҳар бир жиҳатидан билиниб турсин. Ахир, ҳақиқий ўзбек қизлари бетгачопар, жангари бўлмаган. Муомала маданиятини оилада шакллантирайлик. Зеро, қизларимизда ўзбекона тарбияни ўзларида мужассамлантирмас эканмиз, оилавий ажримларнинг камайишига эришолмаймиз. Қачонки қизларимизда ҳақиқий ўзбекона лутф, ўзбек аёлининг оиладаги вазифасига ижобий ёндошиш бўлса, йигитларимиз ўзларини мен оиланинг устуниман, оиламнинг таъминотини қилишга ўзимдаги бурчни бажара олмаман, деб астойдил киришади. Мана шундай бурч ва вазифалар ўз жойида адо этилсагина оилавий ажрашишларга барҳам бериш мумкин. Шу мақсаддабарчамиз бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракатда бўлайлик!
Оилавий ажримларнинг маҳалламизда, туманимизда содир бўлишига йўл қўймайлик, зеро қушнинг ҳам ини бузилмаси!
Лола СУЛТОНОВА,
“Бўдана” МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш ва
оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни
мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси.