Мажбурий ижро бюросининг Булунғур туман бўлими ходимлари томонидан фуқароларнинг аризалари юзасидан текширув ўтказилди.Унга кўра, туман электр тармоқлари корхонаси собиқ ходими Шокир (исмлар ўзгартирилган) 2009 йилнинг охирларида "Булунғур" маҳалласидаги хонадонлардан бирига келиб, уйда ўрнатилган "СО2М-10А" маркали электр ҳисоблагични янги ҳисоблагичга алмаштириб бериш ҳамда мавжуд қарздорликни йўқ қилиш ва ўрнатилган янги ҳисоблагични марказлашган базага киритиб бериш эвазига 100 АҚШ доллар пулларни алдов йўли билан олиб ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. Янги электр ҳисоблагични марказлашган базага киритмаганлиги оқибатида хонадон соҳиблари туман электр тармоқлари корхонасидан 1 миллион 503 минг сўм сунъий қарздор бўлишига сабабчи бўлган.
Шунингдек, Шокир ўзининг жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириб, 2016 йил январь ойида “Гулзор" маҳалласидати уйлардан бирига келиб, хонадонда ўрнатилган янги электр ҳисоблагични туман электр тармоқлари корхонасининг марказлашган базасига киритиш ва электр энергиясидан мавжуд бўлган 350 минг сўм қарздорликни йўқ қилиб бериш эвазига фирибгарлик йўли билан 319 минг сўм пулларни олиб кетган. Ҳисоблагични марказлашган базага киритиб бермаган. Натижада, истеъмолчи туман электр тармоқлари корхонасидан 1 миллион 650 минг сўм сунъий қарздор бўлиб қолган.
Иштаҳа овқат пайти келади, деганларидек Шокирнинг иштаҳаси очилиб бораверган. 2016 йил январь ойида "Булунғур" маҳалласидаги бир хонадонга келиб текширган ва янги электр ҳисоблагич ўрнатиш кераклигини айтган. Кейин янги электр ҳисоблагич учун 150 минг сўм, уни ўрнатиш учун 50 минг сўм ва ҳисоблагични марказлашган базага киритиб бериш учун 300 минг сўм, жами бўлиб 500.000 сўм пулларни фирибгарлик йўли билан олган. Унинг хонадонига "СЕ-102" маркали электр ҳисоблагич ўрнатиб бериб, ўрнатилган ҳисоблагични марказлашган базага киритиб бермасдан, истеъмолчининг туман электр тармоқлари корхонасидан 936 минг сўм сунъий қарздор бўлишига сабабчи бўлган.
Шокир 2016 йил май ойида "Янгиариқ" маҳалласидаги бир хонадоннинг электр истеъмолидан бўлган қарздорлигини йўқ қилиб бериш ва хонадонидаги "СОИ-446" 10А-маркали электр ҳисоблагични янгисига алмаштириб бериш эвазига 300 минг сўм пулларни алдов йўли билан олган. Янги ҳисоблагични базага киритиб бермаган, натижада хонадон электр тармоклари корхонасидан 1 миллион 118 минг сўм сунъий қарздор бўлган.
2018 йил 15 январь куни "Булунғур" маҳалласидаги фуқаронинг уйига келиб, хонадонида ўрнатилган "С02М" 10А маркали электр ҳисоблагични янги ҳисоблагичга алмаштириб бериш, электр тармоқлари корхонасидан мавжуд 1 миллион сўм қарздорликни йўқ қилиш ва янги ўрнатилган ҳисоблагични электр тармоқлари корхонасининг марказлашган базасига киритиб беришни ваъда қилиб, алдов йўли билан 900 минг сўм пулларни олиб, ўзининг эхтиёжлари учун ишлатиб юборган. Ўрнатилган ҳисоблагич марказлашган базага киритиб берилмаганлиги оқибатида туман электр корхонасидан 1 миллион 174 минг сўм сунъий қарздорлик юзага келган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюросининг Булунғур туман бўлими томонидан туман электр таъминоти корхонаси собиқ ходимига нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, прокуратурага юборилган.
Феруз МАЪДИЕВ,
Мажбурий ижро бюроси
вилоят бошқармаси
суриштирувчиси.
(“Адолат сари” газетасидан).