БУЛУНҒУР ТУМАНИ ҲОКИМИ Баходир БАХРАМОВнинг
КОРОНАВИРУС ТАРҚАЛИШИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ
ЮЗАСИДАН ТУМАН АҲОЛИСИГА
М У Р О Ж А А Т И
Ҳурматли Булунғурликлар!
Барчамизга маълумки, айни кунларда мамлакатимиз, халқимиз ўта жиддий, оғир ва синовли даврни бошидан кечирмоқда. Бутун дунёда тарқалган коронавирус пандемияси ҳар биримиздан ҳушёрликни, эътиборни, қолаверса ўрнатилган тартиб-қоидаларга, мутахассислар маслаҳатларига қатъий ва сўзсиз амал қилишни тақозо этмоқда.
Юртимизда юзага келган пандемия ҳолатларида барча чораларни кучайтирган ҳолда ушбу касалликни матонатли, саботли халқимиз билан бирга енгиш бўйича бугунги кунда муҳтарам Юртбошимиз бошчилигида қатор иқтисодий ислоҳотлар олиб борилмоқда. Туманимизда аҳолининг санитария ва эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ва коронавирус касаллиги тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз махсус комиссияси қарорлари асосида олиб борилмоқда.
Айни пайтда туманимизда 38 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган. Уларнинг 35 тасида касаллик симптомларсиз ўтаётганлиги сабабли ўз уйларида даволанмоқда. 3 нафар фуқаромиз вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. 5 нафар фуқаро соғайиб уйларига қайтарилган ва 10 кунлик уйдаги кузатувга олинган. Шунингдек, 29 та хонадонлардаги 90 та фуқаро бирламчи ва иккиламчи мулоқотда бўлганлиги сабабли уй карантинида сақланмоқда. Карантинга олинган хонадонлар маҳалла раислари ва 20 га яқин ички ишлар бўлимлари ходимлари томонидан қатъий назоратга олинган.
Махсус дезинфекция воситалари ва махсус кийимлар ҳамда дори-дармон воситаларини харид қилишлари учун туман санитария-эпидемиология осойишталиги марказига ҳамда туман тиббиёт марказига етарли миқдорда маблағ ажратилган. Туманда 2 та мобил гуруҳлар ташкил қилинган бўлиб, махсус кийимлар ва дори-дармонлар билан таъминланган. Туман Тиббиёт бирлашмасининг 20 ўринга мўлжалланган юқумли касалликлар бўлимида барча шарт-шароитлар яратилган. Шу билан биргаликда яна қўшимча заҳира хоналар беморлар учун тайёрланмоқда.
Карантин шароитида халқимизни озиқ-овқатлар билан таъминлаш борасида ҳар бир сектор кесимида туманнинг энг чекка ҳудудларидаги маҳаллалар қишлоқларида озиқ-овқат ярмаркалари ташкил этилмоқда ва кунлик кўчма озиқ-овқат дўконлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, туман дорихоналарида “COVID-19” инфекциясини енгиш учун керак бўладиган барча турдаги дори-дармонларнинг 3 ойлик заҳираси яратилган.
Қадрли тумандошлар!
Азиз фуқаролар, ҳурматли опа-сингиллар, ака-укалар!
Бугун ўз соғлигимиз ўз қўлимизда. Ўз уйингизда ўзингизни сақлаган ҳолда кўчага чиқмасдан, шахсий ҳимоя воситалари - ниқоблардан фойдаланишингизни сўрайман. Мураккаб вазиятни ҳисобга олиб 10 июлдан эътиборан вақтинчалик оммавий тадбирлар, шунингдек, барча тадбирларни ўтказиш вақтинча тўхтатилди. Насиб этса тез орада бу ташвишли кунлар ортда қолади. Бундай тўй-тантаналарни ҳам дўстларимиз, яқинларимиз билан бирга ҳали кўп ўтказамиз.
Шу ўринда бир муҳим масалага эътибор қаратмоқчиман. Айни пайтда мазкур пандемия билан боғлиқ ахборот оқимларининг салмоғи ниҳоятда кўпайиб бормоқда. Шу сабабли ҳам баъзи интернет сайтларида ва ижтимоий тармоқлар томонидан тарқатилаётган турли ёлғон ва асоссиз ахборотлардан сақланишларингизни алоҳида таъкидламоқчиман. Маълумотларни тегишли вазирлик ва албатта, ҳукумат комиссияси томонидан бериб борилаётган расмий манбалардан олишларингиз ҳар томондан мақсадга мувофиқ саналади. Шу орқали аҳоли орасида ҳар хил ёлғон маълумотлар орқали ваҳима уйғотишга қаратилган ахборот хуружларидан ҳимояланган бўласиз.
Бугунги синовли даврда барчамиздан катта маъсулият талаб қилинмоқда. Иш ва бошқа заруриятли пайтларда ниқобсиз кўчага чиқмаслик каби оддий қоидаларга амал қилсак фойдадан ҳоли бўлмайди. Ўз-ўзимизни ҳимоя қилишимиз қариндошларимизни, яқин инсонларимизни ҳимоя қилиш энг муҳими эканлигини доимий ёдда тутишимиз зарур. Барча имкониятларимизни ишга солган ҳолда уй қолиш режимига амал қилайлик, бошқаларга ҳам буни тадбиқ этайлик.
Гўзал юртимизда яшаётган юртдошларимиз бугунги кунда жипслашиб, ҳар томонлама тартиб-интизомни сақлаган ҳолда юксак онглик ва масъулият кўрсатиб, мўътабар кексаларимизнинг дуои-фотиҳаларини олиб, бундай синовли кунлардан эсон-омон ўтишимизга ишонаман. Энг муҳими, ваҳимага берилмаслик, синовли кунларда сабрли бўлишимиздир.
Ҳурматли фуқаролар!
Агар сизда “COVID-19” инфекцияси профилактикаси, диагностикаси, даволаш билан боғлиқ саволларингиз бўлса туманимизда ташкил этилган Call-марказга боғланишингиз ва аниқ ҳамда тўлақонли жавоб олишингиз мумкин. Булунғур туман Тиббиёт бирлашмасида “CALL-CENTER” – тиббий маслаҳат маркази фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур тиббий маслаҳат маркази туну-кун – 24 соат давомида туманимиз аҳолисини ижтимоий-тиббий ҳимоя қилишни кучайтириш, уларга тиббий-профилактик ёрдам кўрсатиш, “COVID-19” касаллиги белгилари пайдо бўлганда зарур маслаҳат ҳамда ахборот бериш бўйича иш олиб боради. Қолаверса, шахсан мен ва барча сектор раҳбарлари сизларнинг мурожаатларингиз ва саволларингизни эшитиш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этишга тайёрмиз.
Булунғур туман Тиббиёт бирлашмасида ташкил этилган “CALL-CENTER” – тиббий маслаҳат маркази ишонч телефонлари - (66) 442-22-84, (66) 442-23-57, (66) 442-25-70.
Шу фурсатдан фойдаланиб яна бир огоҳликка чақирган ҳолда, касалликни енгиш учун амалга киритилган карантин қоидаларига қатъий риоя қилишларингизни сўрайман. Ташқарига махсус ниқобсиз чиқманг. Қўлларингизни тез-тез совунлаб ювинг. Ижтимоий масофани сақланг. Ўзгалар билан қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришманг. Кексаларни йўқлаб боришга шошилманг. Ота-оналарингизни, фарзандларингизни, ўзингизни коронавирус балосидан сақланг.
Илоҳим дилимиздаги барча орзулар рўёбга чиқсин! Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин! Яратганнинг ўзи ҳаммамизни ўз паноҳида асрасин!