ИШ БОР, БУЮРТМАЧИ КЎП,
бу ҳунаримиз туфайли
Гулзор МФЙ фуқароси, тадбиркор Бахтиёр Қодировнинг севган касби - ёғочсоз усталиги эвазига турмуши фаровон, дастурхони тўкин.
- Ёшлигимдан ёғочсозлик ишларига қизиқиб, дурадгор устага шогирд тушган эдим. Икки йил ичида устозим Козим бобонинг дуоларини олиб, мустақил ишлайдиган уста бўлиб етишдим, - дейди ўз касбининг моҳир устаси Бахтиёр Қодиров. - Ўтган асрнинг 1985 йилидан бошлаб аҳоли талаби асосида дастлаб тахта-ёғочдан хонтахта, бешик, стол-стул, эшик ва дераза ромлари ясадим.
Бугунги кунга келиб қўли гул уста, деб ном олган Бахтиёр Қодиров истеъмол учун зарур бўлган турли хил мебеллар, болалар ва катталар учун каравотлар, тебранувчи креслолар ишлаб чиқараяпти. Қисқаси, ёғочга ишлов бераётган уста 50 турдаги маҳсулотларни оила аъзолари билан биргаликда ишлаб чиқараяпти. Бу ишда унга турмуш ўртоғи Сайёра опа, фарзандлари Баҳодир, Қодир, Ирода ва шогирдларидан Баҳриддин, Фазлиддин, Мавлудалар яқиндан ёрдам беришмоқда.
- Ёғоч ва керакли материалларни дўконлардан сотиб олаяпмиз. Келгусида ишхонамизни кенгайтириш ниятидамиз. Шу сабаб ишбилармонлар ва тадбиркорларга кўрсатилаётган имтиёзлардан фойдаланиб кредит олмоқчимиз, - дейди уста Бахтиёр Қодиров.
Раббим ҲОТАМОВ.
Суратда: уста Бахтиёр Қодиров ўзи ясаган тебранувчи кресло ва бешик билан.