ЖАЗОДАН ОЗОД ҚИЛИНДИ
Нуриддин Ҳақбердиев (исми ва фамилияси ўзгартирилган) “Агробанк” АТБ Булунғур филиали қишлоқ хўжалик корхоналарига хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келган. У хизмат вазифасига кўра моддий жавобгар шахс бўлгани ҳолда бўлим фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан филиал бошқарувчисига таклифлар киритиши, бўлимга тегишли бўлган топшириқларни ўз муддатида сифатли ижро этилишини таъминлаши, мижозларга мавжуд кредит маҳсулотлари бўйича батафсил маълумот бериши, аризаларни қабул қилиши, белгиланган тартибда кўриб чиқиши, мижозларнинг нақд пул маблағларини қабул қилиши, ҳужжатларининг тўғри расмийлаштирилишини таъминлаши зарур эди.
У ўз хизмат вазифасини суистеъмол қилиб, ҳақиқатда сўндирилмаган кредит маблағларини гўёки қоплангандек кўрсатиб, Булунғур “Агросервис МТП” МЧЖнинг ҳисоб рақамида инкасса топшириқномалари қўйилганлигига ҳамда 2019 йил 31 март ҳолатига солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан 169.205 минг сўм, ходимларнинг иш ҳақидан 123.659 сўм қарздорлиги мавжуд бўлишига қарамасдан, Булунғур “Агросервис МТП” МЧЖ раҳбарларининг номидан қўйилган имзоларни сохталаштириб, жамиятнинг 107.765 минг сўм миқдордаги пул маблағларини растрата йўли билан талон-тарож қилган.
Судланувчи Н. Ҳақбердиев суд ҳайъати томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 228-моддаси 1-қисми ва 167-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан айбли деб топилди. У содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, етказилган зарар бартараф қилинганлиги ва фуқаровий даъвогарнинг унга нисбатан даъвоси йўқлигини, меҳнат жамоаси томонидан ижобий тавсифланганлиги ҳамда илтимосномасини, оилада ягона боқувчи эканлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 70-моддасига асосан жазодан озод этилди.
Зоҳид ИКРАМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
ҳузуридаги ИЖҚК Департаменти туман бўлими инспектори.