Оталик ёки Оналик ҳуқуқидан махрум қилиш асослари
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 79-моддаси Ота-оналик ҳуқуқидан махрум қилиш деб номланган бўлиб, мазкур моддада оталик ёки оналик ҳуқуқидан махрум қилиш мумкин бўлган холатлар кўрсатиб ўтилган. Яьни қуйидаги ҳолларда шахслар оталик ёки оналик ҳуқуқидан махрум қилинади:
ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа;
узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса;
ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса;
муттасил ичкиликбозлик ёки гиёвандликка мубтало бўлган бўлса;
ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини) нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.
Юқоридагилардан кўринадики, барча ҳолларда ҳам бола ҳуқуқларининг ота ёки она томонидан бузилиши, унинг маънавий камол топишига ёки тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни ота-она тимсолида пайдо бўлишлиги ота-оналик ҳуқуқидан махрум қилишга сабаб бўлади.
Ота-оналик ҳуқуқидан махрум қилиш фуқаролик ишлари бўйича судлар судловига тааълуқли бўлиб, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар ота (она)нинг (уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг), прокурорнинг, шунингдек вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти юклатилган орган ёки муассасаларнинг даъвосига биноан кўрилади. Суд томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида кўриб чиқилади.
Ғ.ЯКУБОВ,
Булунғур туман адлия бўлими бошлиғи