Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган болалар, шу жумладан тарбия ва даволаш муассасаларидаги, шунингдек аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаларидаги болалар - оила тарбиясига берилади. (Оила кодекси 22-боб, 194-модда).
Болаларни оила тарбиясига олишни истаган шахс васийлик ва ҳомийлик органлари билан келишган ҳолда бу ишни амалга оширади. Болаларни оилага тарбияга бериш уларнинг хоҳишини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Ўн ёшга тўлган болаларни уларнинг розилиги билан оилага тарбияга бериш мумкин.
Оилага тарбияга берилган болалар:
- ўзларига тегишли бўлган алимент, шунингдек пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловларни олиш;
- уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқи ёки уй-жойлардан фойдаланиш;
- қонун ҳужжатларига мувофиқ уй-жой олиш ҳуқуқларини сақлаб қоладилар;
- оилага тарбияга берилган болалар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ота-онаси ва қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига ҳам эгадирлар.
Вояга етган ҳар икки жинсдаги шахслар тутинган ота-она бўлишлари мумкин. Қуйидагилар бундан мустасно:
- суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган, деб топилган шахслар;
- қонун билан ўз зиммасига юклатилган мажбуриятни лозим даражада бажармаганлиги учун васийлик ва ҳомийлик вазифаларини бажаришдан четлаштирилган шахслар;
- суд томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланган шахслар;
- илгари фарзандликка бола олган, лекин ушбу Кодекс 169-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган асослар бўйича суд томонидан фарзандликка олиш бекор қилинган шахслар;
- қасддан қилинган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинган шахслар;
- соғлиғининг ҳолатига кўра болани тарбиялаш мажбуриятларини бажара олмайдиган шахслар.
Тутинган ота-оналарни танлаш васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан амалга оширилади. Васийлик ва ҳомийлик органлари оилага тарбияга берилган болаларнинг турмуш шароитларини ва уларнинг тарбияланишини кузатиб борадилар.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2002 йил 21 октябрдаги 87, 121-сон қарори билан тасдиқланган Низомга асосан оилага тарбия (патронат)га олинган етим болалар кийим-бош, пойабзал билан таъминланади. Болани ўз тарбиясига олган тутинган ота-оналарга ҳар ойлик нафақа тўланади.
Бу Низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 18 ноябрда 1189-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.
Ҳаитмурот ЎРАЛОВ,
туман халқ таълими бўлими қошидаги
васийлик ва ҳомийлик органи мутахассиси.