ПИЛЛАМИЗ – ТИЛЛАМИЗ
Дунёда ипакдан тайёрланган маҳсулотларга бўлган эҳтиёж ҳам, ипакнинг қиймати ҳам пасайгани йўқ, аксинча, талаб юқорилигича қолмоқда. Сифатли маҳсулотга ҳар доим ҳам мижоз топилиши аниқ.
Ипак қуртини боқиш қисқа вақт давом этиши билан бирга пиллакордан машаққатли меҳнат қилишни, ипак қуртини ўта эҳтиёткорлик билан парвариш қилишни, тинимсиз, уйқусиз озиқлантириб, назорат қилиб боришни талаб этади. Айни кунларда туманимиздаги ТАП –“Булунғур Агропилла“ МЧЖда туманимиз пиллакорлари томонидан етиштирилган пилла маҳсулотларини қабул қилиш жараёни қизғин кечмоқда.
- Жорий йил ҳосили учун туманимиздаги 842 та фермер хўжаликлари билан шартномалар, 1807 та звенолар билан ички шартномалар тузганмиз, - дейди ТАП –“Булунғур Агропилла” МЧЖ раҳбари Суннат Бобожонов. - Пиллакорларимизнинг маҳсулотларини қабул қилиб олиш учун уларга барча шароитлар яратганмиз. Қўшимча мавсумий ишчилар олганмиз. Ишчиларимиз келтирилган маҳсулотни 1 ва 2 навларга, ноқобил ва қорапўчоқ навларга ажратиш билан шуғулланишмоқда. Зиммаларидаги режаларини ортиғи билан бажарган фермер хўжаликлари ва звенолар аъзоларини мавсум якунида қимматбаҳо совғалар билан тақдирлашни режалаштирганмиз.
Ҳозирда ҳар куни 8-10 тонна атрофида пилла қабул қилинмоқда. Бу йил ТАП –“Булунғур Агропилла” МЧЖ жамоаси 102 тонна сифатли пилла қабул қилишни режалаштиришган. Албатта, бундай улкан пилла хирмонининг бунёд этилишида режаларини ортиғи билан уддалаб келишаётган “Олтин қўллар Булунғур боғлари” ф/х (раиси Наби Ҳасанов), “Шамс-Т” ф/х (раиси Ғайрат Тўйчиев), “А.Қаҳҳоров” ф/х (раиси Исроил Каххаров), “Кулчабий Қатортут” ф/х (раиси Жўрақул Маматов), “Митан Дониёр Жамшид” ф/х (раиси Ихтиёр Шеримов) ларнинг ҳиссалари катта бўлмоқда.
Ҳамроқул МАҲМУДОВ.