Туманимиздаги “Зар олтин пилла” МЧЖ пиллакорлари давлат қабул пунктларига режадаги 117000 килограмм ўрнига 117108 килограмм сара пилла топшириб, бу борадаги режани ортиғи билан адо этдилар. Улкан ғалабага 2022 нафар касаначилар ва фермер хўжаликларининг пиллакорлари ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар.
- Жорий йилда туманимиз пиллакорлари учун ҳамма қулай шароитлар яратилди, - дейди Булунғур агропилла раиси Олимжон Мамараҳимов. - Дастлаб мутахассислар билан биргаликда пилла парваришланадиган жойлар, хоналар кўздан кечирилди. Мавжуд пилла боқиладиган хоналарга кимёвий ишлов берилди. Ҳар бир пиллачининг шароитлари ўрганилди. Уларга моддий ва маънавий кўмак берилди. Пилла қурти боқиладиган жойлар тартибга келтирилди. Пилла қуртини озиқлантириш учун ўтган йиллар давомида экилган тут дарахтларининг барглари етарли даражада бўлди.
Пилла топшириш маросимидан сал олдинроқ илғор пиллакорлар “Мингчинор” базмгоҳида бир пиёла чой устида мириқиб ширин суҳбат қуришди. Илғор тажрибалари ҳақида тўлқинланиб гапириб беришди. Заҳматкаш пиллакорлар туман ҳокимлиги томонидан рағбатлантирилди. Уларга энг сўнгги русумдаги телевизорлар, гиламлар, фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари берилди.
Шундан сўнг давлат қабул пунктларига пилла топшириш ишлари қизғин бошланиб кетди.
Пилла хирмонини юксалтиришда “Зарбдор” хўжалигидан Пўлат Рустамов, “Мингчинор” хщжалигидан Мавжуда Бобоёрова, Навоий номли хўжалигидан Дилдора Саидмуродова, Улуғбек номли хўжалигидан Мақсуда Тиловова каби пиллакорлар биринчилардан бўлиб пилла топширишдаги ўз режаларини ортиғи билан бажаришиб, ҳамма пиллакорларга намуна бўлдилар.
- Саккиз йилдан буён оила аъзоларимиз билан бирга пилла боқиб келаяпмиз, - дейди моҳир пиллабоқар Мавжуда Бобоёрова. - Етиштирган пиллаларимиз самарали меҳнатимиз эвазига юқори навларга қабул қилинди. Бундан ҳаммамиз хурсанд бўлдик.
- Пилла боқиш ҳам осон эмас, бир кишининг иши ҳам эмас, - дейди касаначи пиллабоқар Пўлат Рустамов. - Пилла қуртини ўз вақтида озиқлантириб парваришлаш учун тут баргларини етказиб бериш, уларни дасталарга чиқариш билан бирга пилла қуртларини кечаю-кундуз назорат қилиб туриш талаб қилинади.
Пиллакорларнинг мана шундай машаққатли меҳнати орқали етиштирилган мўл пилламиз юқори навга қабул қилинганлиги туманимиз пиллакорларини қувонтириб юборди.
Раббим ҲОТАМОВ.