МАЪНАВИЯТ ЗИЁСИ
Китоб – инсоннинг эркин фикрлаши, дунёқарашининг кенгайиши, ақлан етук бўлиши, маънавиятининг шаклланишида асосий ўрин эгаллайди. Китоб ўқиган инсоннинг ақли чархланиб, зеҳни ортади. Китоб ўқимаган инсоннинг онги эса маънавий қашшоқлигича қолаверади.
Президентимиз Ш.Мирзиёев 2019 йил 7 июнда ПҚ – 4354сонли қарорини ва 2019-2024 йилларда Ўзбекистон Республикаси ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш Концепцияси имзоланди. Ушбу қарор асосида жойларда сифатли Ахборот-кутубхона марказларини ташкил этиш ҳамда ҳозирги технологиялар ривожи авж олган замонга параллел тарзда ахборот-коммуникация тизими билан тўлиқ шакллантириш ётади.
Мазкур қарор ва концепция асосида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тизимлаштирилди. Яъни вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда шаҳар ва туманларда Ахборот-кутубхона марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Қарорга мувофиқ 186 та Ахборот-кутубхона марказлари ташкил этилиб, кутубхона соҳасида фаолият олиб бораётган ходимлар учун давлат мукофотлари, рағбат ва фойдали кредитлар тадбиқ этилди.
Қарорга асосан туманда ҳам халқ таълими бўлимига қарашли Ахборот-ресурс маркази тугатилиб, Булунгур туман Ахборот-кутубхона маркази ташкил этилди.
Бугунги кунда марказда «Ахборот-библиография хизмати», «Фондларни тўлдириш, сақлаш ва уларга ишлов бериш хизмати», «Абонементлар ва фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш» ҳамда «Ахборот-коммуникация ва рақамлаштириш хизмати» бўлимларида умумий 15 нафар ходим фаолият юритмоқда.
Юртимизнинг ижтимоий-сиёсий жабҳаларида бўлаётган ўзгаришлар, Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг ташаббус ва қарорлари халкимизнинг фаровон турмуш тарзига замин яратмоқда. Фарзандларимизнинг китоб ўқишлари, билим ўрганишлари ҳамда илм-фан тараққиётига муносиб ҳисса қўшишлари учун ҳамма имкониятлар яратилиб берилмоқда.
Шу ўринда, кутубхоналарнинг жамият тараққиётидаги ўрни беқиёслиги, соҳадаги мавжуд камчиликларнинг нақадар долзарблиги ҳисобга олиниб, АКМлар фаолиятига қаратилаётган эътибор барчани қувонтиради. Юқорида таъкидлаб ўтилган ўзгаришлар келгусида китобхонлар қамровини кенгайтириб, китоб фондининг бойитилиши ҳамда аҳоли ўртасида мутолаа маданияти янада ошишига хизмат қилади. Бу эса биз кутубхоначилар зиммасига бунданда кўпроқ масъулият юклайди.
Шаҳноза ДЎСИЁРОВА,
туман Ахборот-кутубхона маркази раҳбари.