“КУШХОНА” ДА ҚУШ ҲАМ СЎЙИЛМАЯПТИ
2019 йил 8-майда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш ҳамда истеъмол бозорига гўшт ва гўшт маҳсулотларини етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 386-сонли Қарори эълон қилинди. Қарорда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ғазначилиги, Давлат солиқ қўмитаси, умумий овқатланиш, ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлатилаётган гўшт маҳсулотлари махсус ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарида тайёрланиши ҳамда белгиланган тартибда расмийлаштирилган сифати ва хавфсизлигини кафолатловчи ҳужжатлари билан қабул қилиниши белгиланганди.
Ушбу қарор эълон қилингунга қадар туман ҳудудидаги гўшт дўконларида сотувчилар (қассоблар) томонидан чорва моллари дуч келган жойда сўйилиб олиб келиб сотиларди. Яхлит бир тизим ишга туширилмаганди.
Ушбу қарордан руҳланиб ҳамда сўнгги йилларда ҳукуматимизнинг тадбиркорларга ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга ҳар томонлама кўмак берилаётганлигини эшитиб, менда ҳам тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги пайдо бўлди. Негаки, шу пайтгача нафақат туманимизда балки бутун республика бўйича гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан шуғулланаётган тадбиркорлар ва гўшт дўконлари сотувчиларининг аксарияти қорамол ва қўй-эчкиларни дуч келган жойда сўйиб сотувга чиқаришарди. Маълум бир қисмигина хонадонларида кичик кушхоналар қуриб олишганди. Улар ҳам тўлиқ стандарт талабларига жавоб бермасди. Қассоблар сўйилаётган қўй ва қорамолларнинг соғломлигини текширтириш бўйича ветеринар хулосасини олиш ва сотувга чиқарилаётган гўштни махсус мутахассис текширувидан ўтказиб сўнгра сотишни эмас, маҳсулотини тезроқ сотиб тугатишни ўйларди. Харидорлар эса маҳсулотнинг мутахассислар кўригидан ўтган-ўтмагани, сертификати билан қизиқмас, тарозига қўйилаётган гўштга имкони борича камроқ суяк қўшдиришга эътибор қаратишарди. Шу боисдан ҳам менда замонавий “Кушхона” қуриб, келгусида аҳолини сифатли ва хавфсиз гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш фикри туғилди.
Оила аъзоларим ва яқинларим билан маслаҳатлашган ҳолда имкон борича шахсий ҳисобдан, етмаса кредит ҳисобига бўлса ҳам туманда бугунги куннннг барча талабларига жавоб берадиган замонавий “Қушхона” барпо этишга қарор қилдим.
Шундай қилиб ўтган йилнинг май ойидан югур-югурлар бошланди. Дастлаб бизнес режа билан туман ҳокимлигига мурожаат қилдим. Ҳокимлик тезда “Булунғур ариғи” ёнидаги заҳирадаги ердан жой ажратиб берди. “INTERSHELL” масъулияти чекланган жамият очиб, туман ДХМдан барча керакли ҳужжатларни тайёрладим. Йил охирига қадар ҳудуд атрофларини девор билан ўраб ошхона, ювиниш хонаси, таҳоратхона, дам олиш хонаси, ветеринар ва бошқа мутахассислар учун хоналар, ҳайвонларни сўйиш хоналарини қуриб битказдим.
Президентимизнинг 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила – тадбиркор дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги Қарорига асосан банкдан 202 миллион 730 минг сўм кредит олдим. “Кушхона” қуриш учун кетган сарф харажатим жами 2 миллиард сўмдан ошиб кетди. Хитой Халқ Республикасидан янги технологик ускуналар олиб келиб ўрнатишга эришдим.
Жорий йилнинг январь ойида “Кушхона” тўлиқ қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди. Муаммо мана шундан кейин бошланди. Ортда қолган олти ой мобайнида оз эмас, кўп эмас 1 миллиард 700 миллион сўм ўз шахсий ҳисобимдан ишлатдим. Мана тўрт ойдан буён сабр билан кутаяпман. Бирор киши келиб шартнома тузиб молини сўйиб кетаётгани йўқ. Мен эса ҳар ойда кредитнинг фоизини тўлаяпман. Бу кетишда хонавайрон бўлишим ҳеч гап эмас. Бу ҳақда бир неча бор тегишли мутассаддиларга оғзаки ҳам, ёзма равишда ҳам мурожаат қилаяпман. Натижа бўлмаяпти. Ниятларим улуғ эди. Энди эса орзуларим сароб эмасмикан, деб ўйланиб қолдим. Шунча пулга куйиб қолавераманми?! Бошим қотган. Нима қилишга ҳам ҳайронман. Ортга эса йўл йўқ. Дардимни кимга айтишни ҳам билмай қолдим...
Наҳотки менга тадбиркорлигимни йўлга солиб олиш учун кўмаклашадиган валломат раҳбар топилмаса.
“INTERSHELL” МЧЖ раҳбари Шуҳрат ЭРГАШЕВнинг
cўзларини Тўлқин ШЕРБОЕВ оққа кўчирди.