Мамлакатимизга ўсимлик ёғини импорт қилишда қуйидаги меъёрий ҳужжатлар асосида божхона тўловлари амалга оширилади:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3818-сон қарорига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ПҚ-4470-сонли Қарорига биноан – божхона божи 10 фоиз ставкада белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 30 июнда АВ-3267-рақам билан рўйхатдан ўтган “Энг кўп қулайлик режими ҳамда эркин савдо режимини яратган ҳолда савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги битимлар имзоланган давлатлар рўйхатларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорга асосан, эркин савдо режимини яратган ҳолда савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги битимлар имзоланган давлатларда ишлаб чиқарилган товарларга келиб чиқиш сертификати (СТ-1 шакл) тақдим этилганда – божхона божи ундирилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига асосан 2022 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб киришда – қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган.
Юқоридагиларга асосан хориждан Ўзбекистон Республикасига олиб келинадиган “ўсимлик ёғи” товарининг божхона расмийлаштируви жараёнида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 ноябрдаги 700-сонли қарорига асосан – божхона йиғимлари ундирилади.
Маълумот учун жорий йил бошидан Самарқанд вилоятига хориждан қиймати 6 459,9 минг АҚШ долларига тенг бўлган 4 517,7 тонна “ўсимлик ёғи” импорт қилинган.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Матбуот хизмати