Ургут туман “Янгиқишлоқ” маҳалласи фуқароси Жўраев Хуршид Элёрович (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўзи истеъмол қилиш ва ортганини сотиш мақсадида “каннабис” номли гиёҳванд моддалари ўсимлигининг уруғларини яшаб келаётган уйи томорқасига экиб, униб чиққан 5 туп кўчатларга маҳаллий ўғитлар бериб, суғориб, етиштира бошлаган. Ушбу ҳолатдан хабар топган Ургут тумани бўйича ИИО ходимлари тезкор тадбир ўтказиб, аниқланган гиёҳвандлик ўсимликларини ашёвий далил тариқасида, ҳолислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олди.
Ундан сўнг, Самарқанд вилоят ИИБ Эксперт криминалистика бўлимининг хулосасига кўра, Х.Жўраевнинг ҳовлисидан топилган 5 туп яшил рангли, ўткир ҳидли, ҳўл ҳолдаги “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигига ўхшаш ўсимликлар таркибида гиёҳванд модда-тетрогидроканнабинол мавжуд бўлиб, у “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлиги сирасига кириши аниқланди.
Суд иши давомида судланувчи Х.Жўраев айбига тўлиқ иқрорлик билдирди ва ҳовлисида гиёҳванд моддалар етиштирганини тан олди.
Суд айбланувчи айбига иқрорлиги, чин кўнгилдан пушаймон бўлганлиги ва тўпланган барча далиллар асосида Х.Жўраевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 270-моддаси, 1-қисми билан узил-кесил 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Бугунги кунда ушбу жирканч иллатнинг орқасидан жамиятда салбий оқибатлар, уларни истеъмол қилиш натижасида эса аҳоли генефондининг зарарланиши каби ҳолатлар юзага келмоқда. Бунинг олдини олиш учун ўсиб келаётган ёш авлодни зарарли офатлардан асраш хар бир фуқаронинг бурчи эканлигини яна бир бор англамоғимиз даркор.
Малика СУЮНОВА.