СИФАТСИЗ АТИРЛАР

Самарқанд аэропортида 4 миллион сўмга яқин сифати кафолатланмаган атирлар ушлаб қолинди
Божхоначилар томонидан сифати кафолатланмаган маҳсулотларни юртимизга яширин йўллар билан олиб киришга бўлган уринишларга ўз вақтида чек қўйилмоғда.
Хусусан, Самарқанд халқаро аэропортига “Домодедово-Самарқанд” йўналишидаги авиарейс билан учиб келган фуқаро Н.С. “яшил йўлак” орқали ҳаракатланар экан, божхоначилар эътиборини тортди. Шундан сўнг, ушбу шахсга тегишли багаж сумкаси белгиланган тартибда холислар иштирокида текширилди. Натижада сумка ичидан умумий қиймати 2 миллион сўмга яқин атир маҳсулотлари борлиги аниқланди.
Шунингдек, божхоначилар ўша куни “Истанбул-Самарқанд” йўналишидаги авиарейс билан учиб келиб, “яшил” йўлак орқали божхона назоратидан ўтаётган фуқаро Ш.М.га тегишли багаж сумкасидан умумий қиймати 2 100 000 сўмлик атир маҳсулотлари борлигини аниқлашиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйишди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан божхоначилар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, дастлабки божхона суриштирувлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, амалдаги тартиб-қоидага кўра, жисмоний шахслар томонидан божхона чегаралари орқали 3 дона кўп бўлмаган атир ва ифор таратувчи сувларни божхона тўловларисиз олиб кириш нормаси белгиланган.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати