Транспорт ҳайдовчилари ўта эҳтиёткорлик, ҳушёрлик билан автомобилни бошқариши, йўлдаги барча белгиланган меъёрий талабларга тўла амал қилиши талаб этилади. Мабодо бирор-бир қоидага амал қилинмадими, у албатта, иккинчи ҳуқуқбузарликни келтириб чиқариши аниқ.
Жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида туманда 22 та йўл-транспорт қоидасини бузганлик билан боғлиқ жиноятлар содир этилиб, шундан 7 таси одамлар ўлимига сабабчи бўлди. Шуниси ачинарлики, йўл-транспорт ҳодисаси натижасида вафот этганлар асосан балоғат ёшидаги болалар. Бундан кўринадики, ота-оналар фарзандларини йўллардан кесиб ўтаётган вақтларида назоратсиз қолдиришмоқда. Маҳалла ва умумтаълим мактабларида ўқувчиларга йўл-транспорт қоидалари ҳақида тўлиқ тушунча берилмаяпти, тарғиботнинг тўла йўлга қўйилмаганлиги ва ҳайдовчиларнинг масъулиятсизлиги натижасида эса ана шундай нохуш воқеалар рўй бермоқда.
Бобур ҳам ўзи ишончнома орқали бошқарувида бўлган “Нексия” автомобилини йўлда бошқариш чоғида белгиланган барча қоидаларга тўла амал қилган тақдирда бугун “жиноятчи” деган ном орттириб, озодликдан маҳрум қилинмаган бўларди. Б. Мамаев бир йилдан буён лицензиясиз, ноқонуний равишда “Пайариқ-Тошкент” йўналиши бўйлаб йўловчилар ташиш фаолияти билан шуғулланган. Жорий йилнинг апрель ойида Б. Мамаев бошқарувидаги “Нексия-1” русумли 30 N 110 HA давлат белгили автомашинани Булунғур тумани “Самарқанд” МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-39 автомобиль йўлининг 1059-километрида “Самарқанд-Тошкент” йўналиши бўйлаб бошқариб бораётганида йўлнинг ўнг томонига ўрнатилган энг юқори тезликни 50 километрдан ошириш мумкин эмаслиги тўғрисидаги йўл белгисига, йўл ўртасида ўрнатилган “пиёдалар ўтиш жойи”ни билдирувчи 5. 16. 1 йўл белгиси ўрнатилган белгига қарамасдан, йўлнинг ўнг томонидан чап томонига кесиб ўтаётган “Урал-28” русумли велосипед ҳайдовчиси Тош Тошевни ўтказиб юбормасдан уриб, тўқнашув содир қилиши натижасида велосипед ҳайдовчиси Т. Тошев оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этди. Бу фалокатми, эҳтиётсизликми ёки масъулиятсизликми?
Суд залида Бобир Мамаевга нисбатан қўлланилган “муносиб ҳулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.
Ғолиб АБДУРАҲМОНОВ,
вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи.