Айрим фуқаролар илгари қилган ишлари ва олган жазосидан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан яна нўжўя хатти-ҳаракатлар содир этади. Ботир Жомонқулов ҳам жазони ўтаб қайтганига ҳали кўп бўлмасада, ўзининг ёмон хулқи билан қайтадан жазога тортилди.
У илгари 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлиб, 2016 йил 3 май куни жазони тўлиқ ўтаб, озодликка чиқарилган эди. Шундан сўнг унга ИИБ рухсатисиз туман ҳудудидан четга чиқмаслик, спиртли ичимлик истеъмол қилмаслик ҳамда ҳар ойнинг 1 ва 15-саналарида туман ИИБга келиб рўйҳатдан ўтиб туриш назорати ўрнатилганди. Шунга қарамай 2017 йил 19 декабр куни суд қарори билан унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг ярим баравари миқдорида жарима жазоси белгиланган эди. У ўзига тегишли хулоса чиқармасдан назорат қоидаларини бузган.
Б.Жомонқулов ўз вақтида ИИБга келиб, рўйҳатдан ўтиб туришдан бўйин товлаш ниятида бўлмагани, бир-икки марта профилактика инспекторининг ўзи келиб, ҳужжатларга имзо қўйдириб кетгани сабабли яна ўзлари келишади, деб ўйлагани ҳақида кўрсатма бериб, ўзига нисбатан енгиллик сўради. Шундай бўлсада, суд қарорига кўра, унинг хатти-ҳаракатлари оғирлаштирувчи ҳолат, деб топилди.
Ушбу фуқаро ўз хатоларини вақтида англаб етиб, тузатишга ҳаракат қилганида балки, унга нисбатан 1 йилга озодликни чеклаш жазоси қўлланилмаган бўларди.
Икром МУРОДОВ,
туман прокурори ёрдамчиси.