Ўз сайлов округидаги ҳар бир ҳолат депутат томонидан пухта ўрганилиб борилиши керак. Чунки, халқ унга ишонч билдириб, депутат этиб сайлаган. Депутатнинг вазифаси эса сайлов округининг обод ва кўркам, сайловчилари муаммолардан холи бўлишига ҳисса қўшишдир. Бунинг учун у ҳудуддаги ҳар бир муаммони бартараф этиш мақсадида тегишли ташкилотларга мурожаат қилиши, шу билан бирга уни бартараф этишни таъминлашни талаб қилиш ваколатига эга. Шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати туман миқёсидаги масалаларга ҳам ечим излаш ва топиш ҳуқуқига эга.
Яқинда Бешкуби ҳамда Мирзаариқ МФЙ фуқароларидан Чернобиль АЭСда ҳалокат оқибатларини бартараф этишда қатнашиб, нурланиш олганлар, иккинчи гуруҳ ногиронлари Алиқул Ражабов ва Бахтиёр Норбоевлар даволаниши учун Тошкент шаҳридаги 2-клиник радиология шифохонасига йўлланма олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишган эди. Бу масала юзасидан туман Тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Т. Ўсаров номига депутат сўрови билан чиқиб, нурланиш олган ногиронларга амалий ёрдам кўрсатилишини сўрадим.
Депутат сўровига туман Кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири вазифасини бажарувчи М. Убаев имзоси билан олинган жавоб хатида билдирилишича, нурланиш олган беморлар А. Ражабов ҳамда Б. Норбоевлар Тошкент шаҳридаги 2-клиник радиология шифохонасида даволанишлари учун ордер беришга навбатга қўйилган бўлиб, ордер олиниши билан улар даво муолажалари олишлари учун шифохонага жўнатилади.
Ҳозирги кунда турли меҳнат жамоаларида ишлаётган ходимларнинг ойлик маошлари асосан пластик карточкаларга ўтказилади. Бу ўз навбарида ҳар бир пластик карточка эгасида зарур товар харид қилиши чоғида муаммо келтириб чиқаради. Чунки, савдо дўконларининг ҳаммасида харид қилинган товар учун ҳақ олувчи терминал йўқ. Айниқса, бозор шароитида ҳеч бир сотувчи ўз товарини сотишда терминалга эга эмас.
Ана шу муаммо юзасидан тумандаги барча банклар бошқарувчилари номига банкларга қачон банкоматлар ўрнатилиши ва пластик карточка эгаси эҳтиёж туғилган чоғда пластик карточкасидаги пулини қачон нақд пулга айлантириш имкониятига эга бўлиши мумкинлиги ҳақида депутат сўрови жўнатдим. Бу депутат сўровига олинган жавоб хатларининг барчасининг мазмуни бир хил, яъни банкларга “банкомат ўрнатилиши режалаштирилган”. Лекин, бу режа қачон амалга ошади, бу ҳақда аниқ жавоб йўқ.
Агар тумандаги банкларда банкоматлар ишга тушиб, нақд пулга эҳтиёжманд пластик карточка эгаси истаган пайтда нақд пул олиш имконига эга бўлса минглаб тумандошларимизни қийнаётган муаммолар бартараф этилган бўлар эди.
Шокира ПАРДАЕВА,
9-Эрганакли сайлов округида ЎзХДПдан сайланган
халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.